Жазирама саратоннинг салқин кунлари тугаб, қайноқ дамлар бошланаётган бир пайтда ўзбек футболи ҳам қайноқ паллага кирмоқда.
Бу борада кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар ҳам содир бўляптики, булар ҳақида индамай ўтиб кета олмасдик. Демак, карикатураси бўлмаса ҳам, аввал ўзимизнинг футболдан бошлаймиз.
Озодбек Назарбеков стадионда концерт берармиш
Ҳа, эшитгандирсиз, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков Андижон шаҳридаги муҳташамроқ “Соғлом авлод” стадионида яккахон концертини бераётган экан. Атиги бир кун, у ҳам бўлса, бугун. Нима қипти, Анвар Санаев ҳам бир вақтлар стадионда концерт берган, дейсизми. Биз ҳам шуни айтамиз-да, кимсан Озодбек Назарбеков концерт берармиш-да, қаёқдаги кубок ўйини оёқ тагидан чиқармиш. Футболни бошқа стадионга кўчир, ана, “Наврўз” бор (эди). Ўзи футбол 28 майда эди, нима қилардинг, Озодбекнинг концерт кунига тўғрилаб? Шунақасиям бўларкан!
Қишлоқдагилар нима қилсин?
24 май оқшомида бўлиб ўтган ЕЧЛ финали ҳақида яна батафсил тўхталамиз. Унгача ўша финал билан боғлиқ бир воқеа ҳақида бир ярим оғиз гап. Жонажон (қўштирноқсиз) “Sport” каналимиз, хабарингиз бор, ЕЧЛ финалини тўғридан-тўғри олиб беролмади (балки ёзиб ҳам кўрсатмагандир). Бунинг сабабларини суриштирмаймиз, ўзи уларнинг боши ғалвадан чиқмай қолди. Шаҳардагилар кабель каналлари ёки интернет орқали финални бир нима қилиб кўришди. Лекин қишлоқдагиларни ким ўйлайди? Уларда фақат “Sport” канали кўрсатади, у ҳам чироқ ёниқ бўлганда. Шунақасиям бўларкан-да!
Арсен Венгер орзиқиб кутган онлар
Энди жаҳон футболи ҳақида қисқа-қисқа тўхталиб кетамиз. Ўтган галги сонимизда “Арсенал”нинг соврин олгани ҳақидаги хабар қолиб кетган эди. Хайрли ишнинг эрта-кечи йўқ, деганларидек, “Арсенал”нинг Англия кубоги ғолиби бўлганини лойиҳамиз орқали расман эълон қиламиз. Венгер ҳам соврин оларкан, шунақасиям бўларкан!
Дрогба энди қаерга борсин?
“Галатасарой” клубининг энди собиқ футболчиси Дидье Дрогба жамоадан кетганини расман маълум қилди. Чунки унинг клуб билан тузган 18 ойлик шартномаси ўз ниҳоясига етди. Энди футболчи олдида кўп(роқ) вариантлар турибди. Ушбу вариантлар ҳақида карикатурадан ҳам кўриб олишингиз мумкин.
Ван Гал ва Энрикедан янги қадам
Маълумингизким, “Манчестер Юнайтед” таниқли мутахассис Луи Ван Гал билан янги шартнома имзолади. Унинг кучини янги мавсумдан кўра бошлаймиз. Худди шунингдек, “Барселона” жамоаси ҳам Мартинога жавоб бериб, ўрнига Луис Энрикени тайинлади. Ким билади, балки кейинги мавсумда ҳар икки мураббий ЕЧЛ финалида учрашиб қолар...
Туренинг туғилган кунини кимдир эсладими?
“Манчестер Сити” жамоаси футболчиси Яҳё Туре ўтган ҳафта 31 ёшга тўлди. Бу ҳақда ҳамма жойда эълон қилинди, ОАВ табриклади. Лекин негадир клубдагиларнинг хотирасидан фаромуш бўлибди-да. Ўзи кадрлар бўлимига ҳужжат-пужжатини бериб қўймагандир-да. Бўлмаса, шундай футболчи ўз туғилган кунида беэътибор қоладими? Шунақасиям бўларкан-да!
Ёш Моуриньо ва кекса Это‘О
“Челси” клубининг “ёш” бош мураббийи Жозе Моуриньо клубнинг “кекса” ҳужумчиси Самуэль Это‘О жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун қарилик қилишини айтган. Лекин футболчининг ўзи ҳали кучга тўла, яна 5-6та чемпионатда ўйнавораман, деганмиш. Лекин “кекса”лардан ҳар нарсани кутса бўлади.
Яна жаҳон чемпионати ҳақида
“Ливерпуль” клубининг уругвайлик ҳужумчиси айни пайтда тиззасидан жароҳат олиб, “вой жоним”лаб ётибди. Лекин худди майдондагидек яшин тезлигида соғайишга уринмоқда. Чунки у ҳам ЖЧда қатнашмоқчи, ҳам тўпурар, ҳам чемпион бўлмоқчи, ҳам “Олтин тўп”ни олмоқчи. Яхши ният — ярим мол.
Ва ниҳоят...
2014 йил 24 май оқшоми. Португалия, Лиссабон шаҳри, “Эстадио да Луис” стадиони. Майдонда Мадриднинг икки клуби — “Реал” ва “Атлетико” жанг олиб бормоқда. Ўйин тугашига 2 дақиқача вақт бор, “Атлетико” бош мураббийи хурсанд, чунки шогирдлари яна бир неча сониялардан кейин Европа чемпионига айланади...
Мана, “Реал”нинг охирги ҳужумларидан яна бири. Бурчакдан тўп узатилди, Роналду қолди, Бензема етолмади, Бейл ғазабда... Лекин гол бўлди, ҳисоб тенглашди. Ким урди? Ҳамма ҳужумчилар бу ёқда қолиб кетганди-ку. Ана, кимдир трибунага қараб югуриб кетди. Э ҳа, бу ахир “ҳужжатсиз ҳужумчи” Серхио Рамос экан-ку. Ҳа бўлди, унинг бош билан урган голларига ўрганиб қолдик...
Ундан кейин нима бўлди? Қўшимча тайм белгиландими? Симеоне ғазабландими? Бейл билан Марсело гол урдими? Ҳакам пенальти белгиладими? Пенальтини Роналду голга айлантирдими? Хуллас, “Атлетико” то ўзига келгунча “Реал” совринни илиб кетди...
Дарвоқе...
Ҳазилларимиз кимгадир оғир ботмайди, деган умиддамиз. Агар ёққан бўлса, биз хурсандмиз. Айтганча, ўзбек футболи ҳақида ёзганларимиз — куюнганимиздан. Камчилик бор жойда ривожланиш бўлади. Лекин камчиликларни одатга айлантириб қўймайлик-да.
Омонликда кўришгунча!
|