АҚШ Президенти Барак Обама иттифоқчилар бош тортган тақдирда ҳам Сурияга ҳаво хужумини бошлаш тўғрисида буйруқ беришга тайёр. Бу ҳақда пайшанба куни "Нью-Йорк таймс" газетаси хабар берган.
Манбанинг қайд этишича, Оқ уй раҳбари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг рухсатисиз ҳам шу мазмундаги фармойишни бериши мумкин экан.
"Ҳозирча Обама қарор қабул қилгани йўқ, лекин катта эхтимолга кўра шанба куни БМТ инспекторлари Суриядан чиқиб кетганидан кейин ҳаво ҳужумлари бошланишиш мумкин", - дейди Оқ уй вакили газетага берган интервьюсида. Унинг қўшимча қилишича, бугун ҳарбий хужум тўғрисидаги режа АҚШ Конгрессига тасдиқлаш учун юборилган.
Ўз навбатида Си-Эн-Эн телеканаланинг Оқ уйдаги манбаси "АҚШ Сурияда кимёвий қуролдан фойдаланилгани учун бир томонлама жавоб бериши мумкин" деб айтган.
Буюк Британия мудофаа вазири Филип Хаммонд пайшанба куни кечаси Британия ҳарбийлари Сурияга қарши ҳарбий харакатларда иштирок этмаслигини маълум қилди.
Россия ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Сурияга қарши ҳарбий харакатларни амалга оширишга қаратилган ҳар қандай резолюциясига қўшилмаслигини эълон қилган.
Бундан ташқари НАТОга аъзо 12 давлат, хусусан Италия, Германия, Греция ҳам Сурияга қарши ҳаво зарбаларини беришни нотўғри деб билади.
Бугун БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари: Россия, Хитой, Буюк Британия, АҚШ ва Франция дипломатлари билан Сурия масаласида учрашади.
Кеча 29 август куни ҳам Россия ташаббуси билан БМТ ХК йиғилиши ўтказилганди. Унда Британия томонидан таклиф қилинаётган ва Сурияда ҳарбий харакатларни олиб боришга имкон берадиган резолюция лойиҳаси кўриб чиқилди. Ғарб давлатлари вакиллари ушбу лойиҳани қўллаб қувватлаган бўлса, Россия ва Хитой унга қаттиқ қаршилик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, БМТ ХК резолюцияси қабул қилиниши учун унинг барча аъзолари розилик билдириши шарт. Улардан бирининг қаршилиги эса резолюциянинг бекор қилинишига етарли бўлади.