Шоу-бизнесимизда сўнгги пайтда қанча шов-шувлар содир бўлмади дейсиз? Бахтсиз фалокат, фирибгарлик...беҳаё видеолавҳа. Энг сўнггиси, минглаб инсонларни ҳайратга солди. Ғазабланишди, шунчаки истеҳзоли кулишди, нафратланишди, ҳақорат қилишди, ачинишди, афсусланишди...Хуллас, Баҳром Ёқубов ва Диана Ягофарова янги “қаҳрамон”ларга айланишди! Улар ҳатто бекиниб юришга мажбур бўлишди. Омма тилидан фильми, яратган роллари тушмаётган бу машҳурлар ҳаётига дахлдор видеолавҳа бир неча кунлар ичида уларнинг бир неча йиллик ҳаётига ўт қўйгандек...Қизиқ, ўйламай босилган бир қадамнинг умри ижодкорнинг минг қадамидан устунлик қилса? Бу видеолавҳа ҳаммага ўз таъсирини ўтказмоқда. Халқнинг ижодкорларга нисбатан ҳурмати парчаланиб, уларнинг аҳлоқига нисбатан фикрида шубҳа уйғонмоқда. Олдини олмаса, ҳаммасига ўт кетиши мумкин...Бошқа ижодкорларнинг бу борадаги мулоҳазалари жуда қизиқ. Муҳими, уларнинг қай даражада одилона фикр юритишида эмас, қандай фикр бўлмасин ўз тарозисига эга. Келинг, бирга танишамиз.
-Уларнинг ҳаракатини оқламайман ҳам, қораламайман ҳам. Ҳар бир инсон ўзи билганича яшайди. Бу видеони ўз манфаати йўлида чиқарган одамнинг виждони борми? Бу қайтар дунё. Бировнинг шахсий ҳаётига аралашишига ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Баҳром Ёқубов Дианани актриса сифатида, Адиз Ражабовнинг ҳам бошқа қирраларини оча олган режиссёр. Ҳар бир нарсанинг давоси вақт. Умид қиламан, Бахром яна кинога қайтади. Хатоларини албатта тузатади.
-Фикрим яхшимас. Машҳурликнинг иккита палласи бўлади.Биринчи омма эътиборини қозониш бўлса, иккинчиси масъулият. Ҳаммаси одамларнинг кўз ўнгида бўлгани учун ўйлаб қадам босиш керак. Кўнглимнинг кўчасини ақлимга бўйсундира оламан, деган одам машҳурликни орзу қилиши керак. Машҳурлик- қучоқ-қучоқ гуллар, олқишлар, гиламдай тўшалган пуллар эмас, аслида! Машҳурлик боғидан буларни йиғиб-териб олиш учун қўлга кирадиган тиканларга ҳам чидашга тўғри келади. Санъаткор инсон санъаткорларга бўлган меҳрни ошириш учун хизмат қилиши керак. Ҳозир бунинг акси бўлиб қолди. Диана ҳақида фикрлашга вақтим йўқ. Баҳром ака шу хатони қилишга ҳақи йўқ эди. Умрининг ярмини яшаган режиссёр- фарзандлари унинг учун кўкрак кериб яшайдиган ота эди. Фарзандларининг бошини эгиб қўйгани учун ҳам кечира олмайман. Рафиқасига сабр тилайман. Энди санъаткор бўламан деган ёшларга қийин бўлди. Йўқотилган ишончни қайтариш қийин. Бу кўргазмали дарс бўлди. Яхши режиссёрларимиздан бундан буёғига ҳар бир ишни виждоннинг тарозиси билан ўлчашларини, умиди улкан ёшларимиз ишончини поймол қилмасликларини сўрайман. Бир машҳур актрисамиз айтиб қолди, актрисалардан ҳам яхши аёл чиқиши мумкин эканлигини исботлаш учун ҳам бор умримни оиламнинг мустаҳкам бўлиши учун бахш этдим.
Дилдора Қосимова, модельер-дизайнер.
-Мен буни кутмагандим, бу қиздан. Хамvа унинг роллари орқали севиб қолаётганди. Эркакдан кўра аёлга минус кўпроқ кетади. Унга ачинаман. Кўпчилик айтяпти, у ҳақда негатив фикрларни. Мен бу видеони кўришни ҳам хоҳламадим. Айтишларича, бу аниқ ўшалар! Бошқа ҳамкасбларим фикри эса бошқача: “Муҳокама қилиб гапираётганларнинг ўзи хам шундай иш қилишади. Бунинг ҳеч ҳам ҳайратланарли жойи йўқ.”
Гулбахор Эрқулова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.
-Фикрим шундоқки, Баҳром деган режиссёр аҳмоқ экан. Санъаткорларни ерга ургани учун ҳам уларни кўришга кўзим йўқ. Башараси қурсин! Баҳром Ёқубов ҳам, Диана ҳам… Бошка гапиришни истамайман.
Рустам Саъдиев, кинорежиссёр.
-Ҳар бир ижодкорни ижодкорлик маҳорати ва шахсий характери мавжуд. Ижодкорлик маҳорати тўғрисида гапирсам, ҳамкасбимнинг бугунги кун ўзбек киноси қўган ҳиссаси бор. Бу албатта томошабин юрагида муҳрланиб қолади. Лекин Дианахон билан ишқий муносабатлари тўғрисида бир нарса дейишга ҳайронман. Фақат битта фикрим, афсусланиб айтаманки, ажойиб, ўз услубига эга ижодкор халқнинг унинг ижодига бўлган меҳрига ва ўз фильмографиясига жуда катта ва ўткир болта урди. Ижодкор сифатида Баҳром Ёқубовни ҳурмат қилиб қоламан. Вақт уни даволайди ва кейинчалик томошабин қалбига яна қайтиб келишига умид қилиб қоламан.
Ферузабону, «Водий садоси» радиобошловчиси.
-Одамнинг ҳаётдан нафратланишга ундайдиган лавҳа. Икки дақиқа кўришдан бошқасига тоқатим чидамади. Кўзингга хунук кўринган нарсага бошқа қарама дейишади. Кўзимни ҳам, кўнглимни ҳам асраб қолиш учун ҳам кўрганим йўқ. Жирканчлик бор. Тавба қиламан, ҳеч кимга раво кўрмайман. Маслаҳатга эса жуда кеч!!!!!!!!! (Шу фикримнинг сўнгида саккизта ундов қўйинг!)
Зебо Наврўзова, кинорежиссёр.
-Я в шоке. Мен ҳали ҳам ишонмайман. Баҳромдан буни кутмайман. Бу видеони кўрмадим ҳали, кўришни истамайман ҳам. Балки, бу монтаждир?!(таажжуб билан) Маслаҳат бера олмайман. Агар шу рост бўлса, мне жалко, ёш қизалоқ… 17 яшар қизалоққа афсусланаман. Ундан фойдаланилгани мени ачинтиради.
Сайёра Рўзиқулова, «Ўзбегим таронаси» бош муҳаррири.
-Бундай видеолавҳанинг халққа чиққани жуда ёмон. Бизнинг менталитетга, анъаналарга тўғри келмайди. Тарбияга негатив таъсир қиладиган нарсани оммага тарқатилиши мафкурамизга салбий таъсир этиши аниқ. Видеони кўрмадим десам, алдаган бўламан. Кўриб шокка тушдим. Ахир, уларни мен яхши танийман. Ёқубовни режиссёр сифатида ҳурмат қиламан. Бу билан унинг ёнини олмоқчи эмасман. «Зирапча» премъерани кўрдим. Яхши картина чиқибди. «Зирапча» Баҳром Ёқубов ва Диана Ягофарованинг навбатдаги ютуғи бўлиши мумкин эди. Афсус… Айни пайтда кўпчилик хавфсираб ҳам қолган. Шоу- бизнесга жуда катта таҳдид солинди. Бундай ҳолатни шунчаки эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Атрофдан маслаҳат бериш жуда осон. Бироқ, ҳар кимда ҳар хил фикр. Биринчи ўринда ҳаммага инсоф берсин. Тўғри, бу видеолавҳага уларнинг шахсий иши деб ҳам қараш мумкин. Аммо, ўз имижи ва оиласига эга инсоннинг халқимиз қадриятларига қарши ҳаракати унинг борини барбод қилди деб ўйлайман.Янги истеъдодни унинг ўзи кашф қилганди, ўзи йўқотди. Бу вазиятда иккаласи ҳам айбдор. Улар ўз хатосини англаб олишларини хоҳлардим. Томошабинлар аҳмоқ эмас. Чунки, бу видеолавҳа фотошоп ёки видеомонтаж эмаслиги аниқ. Инсон ўзини оқлаш учун алдаши керак эмас. Хулоса ўрнида айтганда, бу бизнинг шоу-бизнесимиз учун шармандалик. Яна такрорланиб қолмаслиги учун огоҳ бўлишимиз керак!
“Суперкелинчак” кўпчиликка идеал бўлган эди. Бу видеолавҳанинг маънавий зарари ҳақида ўйлаб кўряпсизми? Катталар-ку, буни ҳазм қила олиши, тушуниши мумкин, болалар-чи? Вақт ўтади, ҳамма нарса унутилади. Бундай ифлосгарчилик…унутилармикан?! Ҳар биримиз олди орқасига қараб юриши керак. Муҳаббат, ишонган туйғуларинг ёлғонга айланиб қолса? Энг даҳшатлиси, ишончнинг йўқолиши! Бундан буёғига киноижодкорларга нисбатан шубҳаланиш пайдо бўлиши жуда хавфли.
Алишер Узоқов, актёр.
-Аҳмоқона иш бўлган. Бошқа киночиларнинг обрўсини тўкиб қўйишди. Чиройли иш бўлмади. Менга ҳам кўпчилик қўнғироқ қилиб, “Сизлар шунақа эмасмисизлар?” деб сўрай бошлашди. Иккаласининг ҳам ижодини ҳурмат қиламан. Баҳром аканинг киносида тушгим келарди. Нима қиламиз энди? Уларга маслаҳатим… обрўнинг қайта тикланиши қийин бўлса керак. Ўзларини қўлга олиб, яқинларидан, томошабинлардан тавба қилиб, узр сўрашса, яхши бўлса керак!
Беҳзод Муҳаммадкаримов, актёр (АҚШдан телефон орқали)
-Баҳром Ёкубов ва Диана Ягофарова иштирокидаги беҳаё видеолавҳа ҳақида муносабатингиз?
-Мен умид қиламан, бу монтаж! Кўрмадим, бироқ, ачинарли ҳол. Жуда нохуш хабар. Машҳур режиссёр ва машҳур актрисанинг бундай нохуш вазияти кўпчиликни ўйлантириб қўйиши табиий. Аҳмоқ одамгина бу лавҳани телефонга чиқариши мумкин! Бу ижодкорларни, балки халқни ғазабга келтиради. Машҳурлар ҳаётига дахлдор интим видеоларни оммага тарқатиш жуда ёмон одатга айланиб боряпти. Аҳмоқларнинг бу иши нафақат ижодкорларни балки халқимизнинг обрўсини ҳам тўкиб қўйяпти. Халқимиз катта тарих ва юксак маданиятга эга-ку, ахир! Ҳозирги кун ўзбек ёшларини шундай бузуқ лавҳаларни кўриб ўсаётгани афсусланарли ҳол. Бошқа ҳамкасбларимнинг хоҳ санъатда номи чиққан бўлсин ё энди санъат остонасига қадам қўяётганларнинг бу вазиятга тушишини мутлақо истамайман. Шу нарса кимга керак бўлса, санъатнинг тупроги енгил, уни эса тинч қўйларинг, дегим келади.
-АҚШдаги ўзбек ёшларининг бу ҳолатга муносабати қандай?
-Америкага келган ёшлар 3 соат ухласа, 19 соат ишлайди. Бундай нарсаларни кўришга вакти йўқ! Ҳазил, албатта. Яхши чиқаётган режиссёр ва актрисанинг бундай холати жуда ачинарли. Ёшларнинг ишонгиси келмаяпти. Бу шумхабарни биринчи бўлиб ҳамкасбим Аҳмад Бердимуродовдан эшитдим ва www.shov-shuv.uz орқали маълумотга эга бўлдим.
Баҳром Ёқубов билан сўнгги дамларда бир неча бор қўнғироқлашганимда, унинг овозидаги титроқ, Диана Ягофарова билан мулоқатимда эса унинг йиғи саси тўлқинлантирди. Бу шармандаликдан афсусланиш, мухлисларни йўқотиб қўйиш хавфи, жамият олдида шахс сифатида ўз номига каттагина доғ тушириб қўйгани ҳақидаги ҳадикнинг таъсири бўлса керак! Режиссёр ҳақида янги гап-сўзлар тарқалди: оиласидан ажрашгани, қизининг фотиҳаси бузилгани, бундан буёғига шашлик сотмоқчи бўлаётгани...Актриса ҳақида унинг ўз жонига қасд қилмоқчи бўлгани, ҳаммаси тезроқ унут бўлиши учун Туркияни бошпана қилиб олгани...Хатони ҳамма ҳам қилади. Бироқ, ҳамма бирдек кечира олмайди! Назаримда, шундай видеолавҳанинг тарқалиб кетишида ҳам бир маъно бордек... Кўриб қўйларинг, ўйламай босилган қадамнинг оқибатини! Машҳурлар маданиятига идеал сифатида қарайдиган минглаб инсонлар ҳам энди идеал танлаш бобида ўйлаб кўришса керак! Машҳурлар осмонларда учиб юрмасдан, ўнг сўлига, орқа олдига яхшилаб разм солса, эл олдида ўзини бошқа сайёрадан тушиб қолгандек тутмасдан, қўлини кўксига қўйса Ҳақ ҳам уларнинг бошини силаб, тўғри йўлидан адаштирмаслигига ишонаман. Яхшиям, элимизда ор, шафқат, меҳр бор...Бу виделавҳадан-да беш баттар ҳаёсизларча юрган машҳурларимиз борки, ҳалигача ер ютиб юбормаганига ҳайрон қоласан...