Райҳон бу – соҳир овоз. Райҳон бу – нафис куй. Райҳон бу – МУҲАББАТ!!! Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ганиева билан суҳбат уюштирдик. Суҳбатимиз биз кутгандан-да қизиқ ва самимий кечди. - Райҳон, эшитишимча, журналистлардан хафа экансиз. Шу гап ростми? - Ҳа, хафаман. Сабаби, бир журналист мен ҳақимда газетада мутлақо ёлғон гапларни ёзиб чиқди, менга туҳмат қилди. Тўғриси, «энди умуман интервью бермайман», деган тўхтамга ҳам келиб бўлгандим. Лекин сўраб-суриштирганимиздан сўнг, мендан интервью олган ўша одамнинг аслида журналист эмаслиги маълум бўлди. Матбуот соҳасида ўз ишининг устаси бўлган профессионал журналистлар борлиги учун ҳам, хафагарчиликни йиғиштириб, мана бугун сиз билан учрашиб турибман. - Яқинда бир санъаткор билан суҳбатлашганимда, ўз вақтида ҳатто устоз санъаткорларимиз ҳақида ҳам бунчалик ёзишмагани ҳақида айтиб қолди. Унинг гапларига қараганда, ўша вақтда журналистлар ҳозиргига нисбатан санъаткорларга камроқ «таҳдид» қилишган… - Бу фикрга юз фоиз қўшиламан! Биласизми, яқин йилларгача биз санъаткорлар журналистлар билан дўст эдик. Ҳозир эса улар гўё терговчига айланиб қолишган. Шундай журналистлар борки, айтган гапларимизни эмас, балки шов-шувлироқ бирон-бир хабарни бизнинг номимиздан ёзиб қўйиб, «сенсация» қилишга интиладилар. Эмишки, мен пластик операция қилдирганмишман. Бу маълумотнинг исботи тариқасида эса расмимни қисмларга бўлиб, қаеримни қачон операция қилдирганимгача белгилаб кўрсатиб қўйишган. Бундай бўҳтонлар кимга керак?! Ахир умримда пластик операция қилдирмаганман! Менинг ҳам оилам, қариндошларим бор, улар нима деб ўйлашлари мумкин?! Майли, агар шу гапларда сал бўлса-да жон бор бўлганида, бунчалар куйинмасдим. «Рост гапни ёзишибди-да», деб қўл силтардим... Мана шундай дилхираликлар туфайли ҳам журналистлар билан учрашишдан безиб қолганман. Худога шукр, мухлисларим мени яхши билишади ва мен улар бундай «миш-миш»ларга эътибор беришмаслигига ишонаман. - Мухлисларингиз учун шу кунларда қандай янгиликлар тайёрлаяпсиз? - Яқинда янги альбом устида иш бошладик. Ҳозирча бир нечта қўшиқларимиз тайёр. Альбомга номни сал кейинроқ танлашга қарор қилганмиз. Янги альбомга киритиладиган баъзи қўшиқлар матни истеъдодли ёш шоир Шоҳрух Жўраев қаламига мансуб. Шунингдек, анъанага содиқ қолган ҳолда севимли шоирам Раъно Ярашеванинг янги ижод намуналаридан фойдаланиш ниятим бор. Чунки Раъно опанинг шеърлари ижодим руҳиятига жуда мос. - Ўзингиз ҳам шеър ёзишга уриниб кўрганмисиз? - Ҳа. «Доимо» қўшиғим мусиқаси тайёр бўлгач, дўстларим билан унга шеър ёзишга уриниб кўрганмиз. Ўшанда жуда қийналганман. Шоирлик қобилиятини инсонга фақат Оллоҳ инъом этиши мумкин. Агар истеъдод бўлмаса, минг уринган билан бекор. Бирон-бир қўшиғимнинг мусиқасини ёзиб бўлганимдан кейин «менга фалон мавзуда шеър керак», деб буюртма берар эдим. «Доимо» қўшиғим менга шоирларга қанчалик осон эмаслигини кўрсатиб берди десам ҳам бўлади. - Юқорида янги альбом ҳақида гап очдингиз. Концертдан сўнг дам олиш ўрнига дарҳол ишга киришиб кетибсиз. Бундай темпда ишлаш сиз учун оғир эмасми? - Илҳом кутилмаганда келиши мумкин. Кейин, тўғрисини айтсам, ишсиз қолсам, ўзимни ёмон ҳис қила бошлайман. Бу нарса ёшимга ҳам бевосита алоқадор бўлса керак. Ахир ёшлар қайноқ, меҳнатсевар бўлишади. Қолаверса, қилаётган ишим ўзимга жуда ёқади. Мусиқа ёзишни севаман. - Ишга кўмилиб турган бир пайтда гўзал бўлиб қолишни ҳар ким ҳам эплай олмайди… - Ҳар доим гўзал бўлиб қолиш қийин, албатта. Чунки баъзан ўзингизга қарашга ҳафсалангиз бўлмаса, баъзида соғлигингиз жойида эмаслиги туфайли пардоз-андоз қилиш кўнглингизга ботмайди. Санъаткор халқи, айниқса, аёл хонандалар ўзларига қараб юришлари шарт. Чунки мухлислари улардан ўрнак олишга ҳаракат қилишади. Шу боис доим «форма»мни сақлаб қолишга, мухлисларим тасаввуридаги «идеал Райҳон» бўлишга қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Лекин уй шароитида юз-кўзимни парваришлаш учун ҳеч қандай муолажа қилмайман. Бу масалани ҳар доим косметолог ҳузурига бориб ҳал қиламан. Фитнесс билан шуғулланаман… - Сардор Раҳимхон билан дуэт куйлаётган экансиз? - (Ажабланиб) Бу ҳақда тўғриси, биринчи сиздан эшитиб турибман. Тўғри, бирга қўшиқ айтиш ҳақида музокара бўлган, лекин ҳали аниқ бир тўхтамга келингани йўқ. Сардор интилувчан, меҳнаткаш, ўз устида ишлайдиган хонанда, унинг ижодини ҳурмат қиламан. - Кейинги пайтларда роса оммалашган «Орзуингга ишон» номли таронангиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз? - Бу қўшиқда «жуда-жуда қаттиқ орзу қилган инсон албатта ўз орзусига етишади» деган маъно бор. Мақсадим ҳам инсонларни ўз орзусига ишонтириш эди ва бу нарсани уларга мана шу қўшиғим орқали етказдим. Ўз навбатида мен ҳам орзуга ишонаман. Лекин билмадим, иримчи бўлганим учунми, нималарни орзу қилишим ҳақида очиқ айтишни хоҳламайман. - 20 йилдан кейин ўзингизни қандай тасаввур қиласиз? - Келажакка назар солишни ёмон кўраман. Эртага нима бўлишини Оллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Шу боис ҳозирча фақат меҳнат қиламан, изланаман ва тақдиримни Яратганнинг измига топшираман. - Райҳон тасаввуридаги идеал ўзбек аёли? - Ораста, гўзал, дидли, тадбиркор, қўли гул пазанда, ҳам меҳрибон, ҳам ўз қадрини биладиган, турмуш ўртоғига итоаткор. Яна… ҳар томонлама етук, ўқимишли, дунёқараши кенг… Хуллас, «идеал»! - Тўйингизни қандай тасаввур қиласиз? - Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Энг муҳими, мен учун қадрли инсонлар, яқинларим ўша куни ёнимда бўлишсин. Қаерда ўтиши, қанча одам келиши эса аҳамиятли эмас. Дилшода суҳбатлашди. 7x7 olingan
|