«Супер келинчак» Диана
Диана билан қисқа савол-жавоб:
Блиц-анкета:
Диана Ягафарова.
1990 йил февралда Тошкентда туғилган.
Модел.
Севимли актрисаси: Шарлиз Терон.
Севимли режиссёри: Баҳром Ёқубов.
Алоҳида жиҳати: ҳақиқатгўй.
- Диана, ўз исмингизнинг маъносини биласизми?
- Ҳа, биламан. Қадимги Рим афсоналарига кўра «Диана - Ой ва ов маъбудаси» саналган.
- «Супер келинчак» фильмида миллий таомларимизни маромига етказиб тайёрлашни Интернет ёрдамида ўрганган замонавий келин образини ижро этгансиз. Ўзбек миллий таомларини тайёрлашни биласизми ўзи?
- Албатта! Съёмкалардан бўш қолганимда уйда яқинларим учун таом тайёрлаш менинг жону дилим. Ўзбек ва дунё ошхоналари сирларини бувижоним ҳамда аямлардан ўрганганман.
- Диана нимани ёқтирмайди?
- (ўйланиб) …Пол ювишни, кийим дазмоллашни... Умуман олганда, уй ишлари билан шуғулланадиган ёрдамчим бор. Лекин вақтим бўлди дегунча, юмушларни ўзим бажаришга ҳаракат қиламан.
- Мавҳум нарсалар ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим. Дейлик, сизга қандай ранглар ёқади?
- Ростини айтсам, камалакман! Менга ёқмайдиган рангнинг ўзи бўлмаса керак. Модани кузатиб бораман, кундалик ҳаётда асосан қора, қизил, оқ ва сариқ ранглардаги либосларни кияман.
- Моделсиз. Шахсий стилистингиз бўлса керак?!
- Йўғ-э… Либос харид қилишга эҳтиёж сезсам, Олой бозорига бориб, ўзимга ёққан кийимни харид қиламан. Худога шукр, топаётган пулларим эҳтиёжларимни қоплайди. Яна чет мамлакатларда кўп бўламан, аксарият либосларимни ўша ёқлардан олиб келаман. Стилистлардан эса Артём Дробишевнинг либос ва аксессуарлари жуда ёқади… Ўша инсон билан маслаҳатлашиб тураман…
- Диана, ҳаётингизда севги-муҳаббатга ўрин борми? Севганмисиз?
- Севганман. Муҳаббатим соҳиби ҳозир ёнимда.
- Муҳаббатни қандай тушунасиз?
- Мураккаб савол… Муҳаббатга бир сўз билан таъриф бериш қийин. Муҳаббатни улкан меҳнат, деб тушунаман. Севган инсон ўз устида тинимсиз ишлашга, севганини тушунишга, уни бор камчиликлари билан қабул қилишга, келишувларга бора олишга қодир бўлиши керак. Муҳаббат фақат тотли висолдан иборат эмас, бунда айрилиққа, ҳижрон аламларига, кўз ёшларга ҳам ўрин бор. Севги… шунчаки ажойиб туйғу!
- Фикрингизга қўшиламан! Айтинг-чи, муҳаббат учун ўз касбингиздан воз кеча олармидингиз?
- Йўқ, бу нарса бўлиши мумкинлигини ҳатто хаёлимга ҳам келтирмайман. Севган инсоним менга бундай талаб қўймаслигига аминман. Шундай бўлган тақдирда ҳам ўз касбимдан воз кечмасдим. Чунки мен ҳам инсонман, мустақил шахсман. Келажакда шунчаки кимнингдир рафиқаси бўлиб қолмаслигим керак. Бу ҳаётда ўз ўрнимни топишни, йиллар ўтиб «Сен ҳаётда нималарга эришдинг?», деб савол беришса, амалга оширган ишларимни қўрқмасдан санаб беришни хоҳлайман...