2011 йилнинг 12 ноябрь куни соат 21:30ларда Зангиота туманида жойлашган "Ғишткўприк" божхона-чегара масканига етиб келган "Mersedes Benz 180-C" русумли автомашина чегарадан ўтиб, ўз оиласи ёки қариндош-уруғлари олдига ошиқаётган йўловчиларни манзилига етказишга хизмат қиладигандек эди. Бироқ, машинадан тушиб, мижоз кутаётган икки оғайнининг мақсадлари ўзгача, улар аввалдан режалаштириб олинган жиноий мақсадларини амалга ошириш учун пайт пойлашарди…
МЎМАЙ ДАРОМАД "ИСИ"ДАН САРМАСТ
Бу икки навқирон, билаги кучга тўлган, тоғни урса талқон қилгудек йигитлар ҳалол меҳнат қилиб, пул топиш ўрнига, зўравонлик, босқинчилик, қотиллик ортидан келадиган мўмай даромад "иси"дан сармаст эдилар. Улар ўз режаларини рўёбга чиқариш учун ёлғиз аёлларни кўз остиларига олишган эди. "Ўлжа" ҳам кўп куттирмай, кўриниш берди. Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистонга ҳамроҳсиз ўтиб келаётган чимкентлик Тамила Адилова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) уларнинг эътиборини тортди. Ёлғиз аёлга пешвоз чиққан йигитлар, ундан қаерга боришини сўрашди ва бироз савдолашганларидан сўнг Тамилани манзилига элтиб қўядиган бўлишди. Т.Адилова ўша дамда ўзи ўтираётган автоулов "ажал машинаси" эканлигини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.
"ОДАМ БОРКИ, ҲАЙВОН УНДАН ЯХШИРОҚ...”
Машина ўт олгандан сўнг, йўловчи манзилига эсон-омон етиб олишни ният қилган бўлса, Полат Бердалиев ва Абдусеит Ормановлар режалари хамирдан қил суғургандек осон амалга ошишини ўйлашарди. Айтилган манзил томон йўлга чиққан машина кўп ўтмай йўналишини ўзгартирди-да, айланма йўллар орқали Оҳангарон туманининг Шодмалик ота қишлоғи ҳудудидан ўтган Тошкент-Олмалиқ автомобиль йўлига чиқиб олди. Қоронғу бўлганлиги сабабли Тамила қандай йўналиш бўйича кетишаётганини тушунмай ҳам қолди. Анчагина юрганларидан сўнг Полат рулни дала томон бурди. Автоулов катта йўлдан 60-70 километрча пастликка тушиб келиб, тўхтади. Кимсасиз жойга келиб қолганларидан ҳайрон бўлган Т.Адилова қаердаликларини сўрашга улгурмади. Йигитлар унга тўсатдан ташланиб қолишди. Табиийки, ожиза икки йигитнинг ҳужумини бартараф этишнинг уддасидан чиқа олмади. Полат билан Абдусеит Тамилага нисбатан зўрлик ишлатиб, номусига тажовуз қилишди. Кўринишидан одамга ўхшаса-да, аслида ҳайвондан ҳам баттарроқ бўлган бу кимсаларнинг тажовузидан номуси поймол бўлган аёл ҳали ўзига келиб улгурмасдан нафаси бўғилиб, типирчилай бошлади. Аммо бўйнига солинган сумка боғичидан қутулишга қуввати етмади. Кўп ўтмай, уйига ошиқаётган аёлнинг жони узилди.
РЕЖАНИНГ АСОСИЙ ҚИСМИ
Шундан сўнг режанинг асосий қисмини адо этишга киришган йигитлар марҳумага тегишли нархи 250 минг сўмлик "Samsung DUOS" русумли уяли телефон аппарати ва 4 минг қозоқ тенгесини қўлга киритиб, жиноят изини яшириш мақсадида мурданинг фуқаролик паспортини ва унинг ёнида бўлган қизининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси билан бирга ёқиб юборишди. Мурданинг ёнаётганини томоша қилаётган йигитларнинг қалбида заррача бўлса-да, пушаймонликдан асар йўқ эди. Аксинча, эҳтиёжлари қонганидан мамнун, ишшайиб туришарди.
БИРИНЧИ ОВ ИШТИЁҚНИ ОШИРДИ
Биринчи овнинг бароридан келиши уларнинг иштиёқини ошириб юборди. Орадан 17 кун ўтиб, аниқроғи 29 ноябрь куни "ажал машинаси" яна божхона-чегара масканида пайдо бўлди. Бу сафар уларга чегарадан ёлғиз ўтиб келаётган Маҳбуба Райимова рўпара бўлди. Ўзларини киракашдай тутган йигитлар аёлни ўртага олиб, қаерга бормоқчилигини сўраш баробарида, йўлкира борасида савдолаша кетишди. Йигитлар узоқ тортишиб ўтирмай, савдони пиширишди. Сергели тумани Қўйлиқ-5 мавзесидаги хонадони томон ошиқаётган Маҳбуба ўзини олдинда қандай "саргузашт"лар кутаётганидан бехабар автоуловга ўтирди ва учовлашиб йўлга тушишди. Полат йўловчини чалғитиш учун рулни айланма йўлларга буриб, юра-юра, Юқори Чирчиқ туманидаги фермер хўжаликларидан бирининг пахта даласи четига келиб тўхтади. Ҳеч кимса йўқ, атрофни зулмат қоплаган жойга келиб қолганликларини кўрган М.Райимова ўзини икки йиртқич бўри қаршисида ожиз қолган қўзичоқдек ҳис этарди. Йигитлар унга ташланиб, 44 ёшли аёлнинг ялиниб-ёлворишларига қарамай, зўрлик ишлатиб, машинанинг ичида номусини топташди. Фарзандлари қатори йигитларнинг бу қадар тубан кетиб, қабиҳликка борганидан хўрлиги келиб, йиғлаётган аёл бу ҳали ҳаммаси эмас эканлигини ўйлашга ҳам улгурмади.
ПОЙТАХТ КЎЧАЛАРИДА
Жоҳиллар ўзлари билан олиб келган арқонни ишга солиб, йўловчи аёлни бўғиб ўлдиришди ва марҳумага тегишли 50 минг сўм ҳамда 700 АҚШ доллар пулларини олиб, мурдани фуқаролик паспортига қўшиб ёқиб юборишди.Бундай қабиҳ ишларни амалга оширишда дийдаси қотиб, аста-секин "малакаси"ни ҳам ошириб бораётган қотиллар 3 декабрь ва 7 декабрь кунлари "овга" чиқиб, Наима Бекпўлатова ҳамда Нурпошша Мирзаеваларни ўз усуллари бўйича ўлдириб, моддий бойликларини ўзлаштиришди. Божхона-чегара масканига боравериш жонларига теккан шекилли, кейинчалик "ажал машинаси" пойтахт кўчаларида пайдо бўлди. 28 декабрь соат 18:30ларда икки оғайни "мижоз" излаб, кўчаларни айланиб юришарди. Бу сафар уларга Тошкент шаҳридаги "Perfectum Mobile RWC" хорижий уяли алоқа компанияси биноси ёнида такси кутаётган Руқия Раметова дуч келди. Рўпарасига келиб тўхтаган "Mersedes Benz 180-C" русумли машинанинг ҳайдовчисидан Р.Раметова Миробод тумани Д.Кунаева кўчасига олиб бориб қўйишни сўради ва нархини келишиб, машинага ўтирди. Полат бу сафар йўловчини адаштирмай, машинани айтилган манзил томон ҳайдади. Бироқ, машина кўзланган жойга етмай, кўп қаватли уйларнинг кимсасиз ҳовлисига қараб бурилди. Атрофга аланглаган қотиллар ҳеч ким кўринмаётганига ишонч ҳосил қилишди-да, "ишга киришишди". Инсон қиёфасидан чиқиб улгурган кимсаларнинг кутилмаган ҳаракатларидан йўловчи қиз ўзини йўқотиб қўйди. Нима бўлаётганини англашга ҳам улгурмай, "киракаш"ларнинг қурбонига айланди. Қизни ўзларининг "сценарий"лари асосида аввал зўрлаб, сўнг бўғиб ўлдиришди. Ҳар сафаргидек, марҳумага тегишли бўлган мол-мулкларни, жумладан, 500 минг сўмлик уяли телефон аппарати, 420 минг сўмлик тилла занжир, 3 млн. 169 минг 500 сўмлик 3 дона тилла узук, 405 минг сўмлик тилла кулон, жами 4 млн. 494 минг сўмлик мол-мулкларини қўлга киритиб, мурдани машинанинг юкхонасига жойладилар-да, воқеа жойидан яшириндилар. Энди қандай қилиб бўлмасин, машинадаги жасаддан қутулишнинг йўлини топиш керак эди. Ахир шаҳарда даладаги каби мурдани ёқиб юбориб, жиноят изини осонгина йўқ қилиб бўлмасди-да!
11 НАФАР АЁЛ МУРДАСИ
Қотиллар Р.Раметованинг жонсиз танасини Миробод тумани Қўйлиқ-1 мавзесидаги автогаражлар олдига ташлаб кетишди. 2011-2012 йилларда Тошкент вилояти ва пойтахт ҳудудидан 7 нафар, Қозоғистон Республикасида эса 4 нафар, жами 11 нафар аёлнинг мурдалари қотиллик аломатлари билан топилган эди. Маълум бўлишича, уларнинг барчаси инсонийлик қиёфасини йўқотган мана шу икки йигитнинг "ўлжа"сига айланишган экан. Ожизаларга зўрлик ишлатиб, аёллик номуси, иффатини оёқ ости қилган, босқинчилик йўли билан моддий бойликларини эгаллаб, жонига қасд қилгач, мурдани хўрлаган қотиллар ваҳшиёна қилмишлари учун қонун олдида барибир жавоб беришларини ўйламаган бўлсалар керак. Уларнинг содир қилган жиноятларини фош қилиш, қотилларнинг шахсини аниқлаш борасида тергов ҳаракатлари бироз қийин кечса-да, барча зарур процессуал ҳаракатлар ўз самарасини берди.
2000 ДАН ОРТИҚ ШАХС СЎРОҚ ҚИЛИНДИ
Хусусан, тергов ҳаракатлари давомида икки мингдан ортиқ шахслар гувоҳ тариқасида сўроқ қилинди, 500 дан ортиқ "Mersedes Benz" русумли автомашина эгаларининг жиноятга алоқадорлиги текширилди, ҳодиса жойидан олинган ашёвий далиллар юзасидан 500 дан ортиқ турли экспертизалар ўтказилди, гумондор шахсларнинг яшаш хонадонлари ҳамда автомашиналарида 100 дан ортиқ тинтув ва кўздан кечириш амалга оширилди, уяли алоқа компанияларига тегишли эллик мингдан ортиқ рақамлар таҳлил қилинди. Бунинг натижасида фуқаро П.Бердалиев ушбу жиноятни содир қилишда гумон қилиниб, унинг яшаш хонадони ва автомашинаси тинтув қилинганида қотиллик қурбони бўлган аёлларнинг буюмлари топилди. Шу билан бирга, кенг қамровли тергов ҳаракатлари натижасида жабрланувчиларга тегишли бўлган тилла буюмлар ва уяли телефон аппаратларини харид қилиб, улардан фойдаланиб келаётган шахслар ҳам аниқланиб, буюмлар олиб қўйилди ва жабрланувчилар яқинларига қайтарилиши таъминланди. Қотиллик қурбони бўлган жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан судга даъво аризаси киритилди.
УМРБОД ҚАМОҚ ЖАЗОСИ
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди Абдусеит Ормановга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Полат Бердалиев эса қонун ҳукмидан қочиб қутуламан, деган ўй билан яширинишга ҳаракат қилди. Аммо у қўшни мамлакат ҳудудида қўлга олиниб, жиноят ишлари бўйича Жанубий Қозоғистон вилоят судининг ҳукми билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилди.Қозоғистон Республикаси Бош прокуратурасининг П.Бердалиевни тергов ҳаракатлари ўтказиш учун 3 ой муддатга Ўзбекистон Республикасига вақтинчалик экстрадиция қилишга рухсат берган хатига кўра, П.Бердалиев мамлакатимизга олиб келинди ва унга нисбатан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари тикланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан судга тақдим этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳукми билан П.Бердалиевга ҳам умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Азизбек НАЗАРОВ, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи
"Ҳуқуқ” газетасидан олинди