Статистика |
XOZIR SAYTDA 5 MEXMON 5 FOYDALANUVCHI 0 |
|
| | |
| Главная » 2009 » Ноябрь » 10 » Зурриёт
|
Турмуш қурмай ёлғиз яшаш Ғарбликлар учун янгилик эмас. Насроний дини тобелари орасида таркидунёчилик одати бор. Насронийлар бунинг учун махсус дайрлар (роҳиблар яшайдиган монастир) қурадилар. Роҳибларга уйланиш, роҳибаларга турмушга чиқиш ман этилади. Улар «Уйланиш ва фарзанд орттириш кишини Ҳақ хизматидан ва Худога яқин бўлишдан четлаштиради», деган ақидага асосан турмуш қурмасликни комиллик деб билишади.
Оила қуриш, унинг ташвишлари қаршисида эркин яшаш роҳати туради. Агар одамзот ихтиёри ўзида бўлганида шу роҳатдан бошқасини истамаган бўларди. Аммо Аллоҳ эрнинг ҳам, аёлнинг ҳам мижозига шаҳватни қўшиб берарканки, ана шу шаҳват тақозосига кўра, улар бирга бўлишни истаб, оила қурадилар. Шу сабабли, башарият насли Аллоҳнинг иродасига кўра охиратгача сақланиб қолади. Шаҳват тақозоси деганимиз бир сабаб. Аслида оила қуришни, насл қолдиришни Аллоҳ ирода этган, бандаларга фарз қилган. Бақара сурасида бундай маъноларни ўқиймиз: «Хотинларингиз сизларнинг экинзор ерларингиз бўлади (бу билан Қуръон эр-хотиннинг яқинлашувидан биринчи муддао — фарзанд талаб қилиш эканига ишора қилмоқда). Зироат ерлари уруғ сепганда самара беради. Хотин ҳам экинзордир ва хосили — фарзанд. Бас, ўз хотинларингиз билан фарзанд ниятида алоқа қилинг ва келажакда ўзларингиз учун фарзанд тарбияланг. Аллоҳдан қурқинг, унинг қаҳрига илинмангиз. Бас, туғилиш ва висол учун берган қувватни бекор қолдирманг ва зое қилманг. Эй, Муҳаммад, саодат муждасини (жаннат хушхабарини) иймонлиларга бергин».
Демак, уйланиш ва оила қуриш иймон талабларидан бири экан. Буни дунёвий мисол билан шарҳласак: бир одам ижарага ер олди, деҳқончилик қиламан, дегани учун унга банк маблағ ҳам берди. Аммо бу одам ваъдасига хиёнат қилди. Ерга қарамади, маблағни бошқа нарсага сарф қилди. Мамлакат қонунига кўра, у жиноий жавобгарликка тортиладими, қамаладими? Демак, эрлик қувватига эга одам бу қувватни ишлатишда Лут қавмига ўхшаса ёки бошқа бузуқликлар қилса, Аллоҳ белгилаган қонунга хиёнат қилган бўлади ва шунга яраша жазосини олади.
Анас (р.а.) ривоят қилган бир ҳадис бор. Набий (с.а.в.) дедиларки: «Худо ҳаққи, мен сизлардан ҳам кўпроқ парҳезкор ва Аллоҳдан қўрқадиган одамман, лекин рўза тутаман, ифтор қиламан, намоз ўқийман, ухлайман ва уйланаман. Ким бу суннатдан юз ўгирса, у менинг умматим эмас». Абу Ҳурайрадан (ра.) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) «Сизларнинг энг ёмонларингиз хотин олмаган кишидир», деб марҳамат қиладилар. Уйланишни истамаганлар илоҳий қонунларга қарши иш тутганлари сабабли Пайгамабаримиз алайҳиссалом шундай қаттиқ ҳукм чиқарганлар.
Саид Абу Ҳилол (р.а.) ривоят қилишларича, Набий (с.а.в.) «Уйланинглар ва ўз нуфузларингизни зиёда қилингларки, Қиёмат куни мен сизларнинг кўплигингиз билан фахр қиламан», деганлар. Бу бежиз эмас. Чунки миллатларнинг куч ва шавкату эътибори уларнинг нуфузига ҳам боғлиқ. Европаликлар буни яхши англаганлари учун ҳам доимий равишда аҳоли ўсишини кузатиб борадилар. Усиш етарли бўлмаса, олимлари: «Ҳой ватандошлар! Кўзингизни очинг, миллатимизнинг шарафу эъти-бори сусаймоқда. Бу кетишда миллатимиз нест-нобуд бўлади. Шарафимизни, ватан ва миллатимизни ҳимоя қилиш учун арзанда фарзандларни кўпайтиринглар!» деб жар соладилар.
Тарихда Пол Демар исмли француз социологи ва иқтисодчиси яшаган. У миллатининг ўн тўққизинчи асрдаги, яъни юз йиллик давридаги сонини тадқиқ қилган экан. Унинг ҳисобича, аҳолининг ўсиши бўйича французлар инглиз ёки олмонлардан ортда қолишибди. 1810 йилда Франция аҳолиси 28 миллион, Англияники 10, Олмон аҳолисининг сони 18 миллион экан. Йигирманчи аср бошига келиб Олмон аҳолиси 59, Англия аҳолиси 62 миллионга етибди. Франция аҳолиси эса 39 миллионга етибди. Бу дегани 80-90 йил мобайнида инглизлар 52, олмонлар 41 миллион ошганлари ҳолда, французлар 11 миллионга ошибди. Олимни бу ҳисоб қониқтирмай, миллат қайғусида шундай ёзган экан: «Агар аҳвол шундай давом этаверса, биз нафақат ватан муҳофазасидан, балки ҳаёт орзусидан ҳам маҳрум бўламиз. Бугун биз — французларнинг мамлакати ва миллати жар ёқасига келиб қолган. Бу чуқурга тушиб кетишимизга оз қолибди. Лекин ҳали ҳам кеч эмас, миллат ва ватанни бу ҳалокатдан қутқариш учун ҳимматимиз ва саъй-ҳаракатимиз керак».
Европа олимлари миллатларининг камайишидан шу даражада қўрқадилар. Энди Пол Демарнинг тадқиқотини давом этирсак, бу ҳолатга дуч келамиз: ўтган асрнинг етмишинчи йилларига келиб Англиядаги аҳоли сони 45,3 миллион, Германияда 76,5 миллион Францияда эса 53 миллионни ташкил этган. Бу рақамларни солиштиришдан аввал орада икки марта жаҳон уруши бўлиб ўтганини, миллионлаб одамлар ўлдирилганини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Демак, кейинги 60-70 йил ичида Англия аҳолиси камайибди, олмонлар ва французлар эса кўпайибди. Лекин шунга қарамай, уларнинг олимлари ҳануз ташвиш билан бонг урадилар. Чунки кўпайиш айни шу миллат вакиллари ҳисобига бўлмаяпти. Иккинчи жаҳон урушидан кейин бу мамлакатларга бошқа қитъалардан одамларнинг кўчиб келиши кўпайди. Гарчи миллионлаб осиёликлар, африкаликлар ҳам шу мамлакат фуқароси ҳисоблансалар-да, айни шу миллат шаънини белгиламайдилар. Фикримизнинг исботи учун шу мамлакатлар футбол терма командаларига назар ташлайлик: асл инглизларга нисбатан келгинди халқлар вакилини кўпроқ учратамиз. Илгари бу мамлакатларнинг мустамлакачилари осиёлик ва африкаликларни зўрлаб, қул қилиб ҳайдаб келган бўлсалар, эндиликда бу қитъалардан ёпирилиб келаётганларнинг йўлини тўсолмай гаранглар. Таъбир жоиз бўлса, қадим қулларнинг авлодлари бугунга келиб қулдорлар юртини забт этишяпти.
Келинпошша, сиз ёшсиз, дунё янгиликларига бефарқ эмассиз. Энди диққатингизни Германияда чиқадиган «Вельт» газетаси ўтказган бир тадқиқотга тортмоқчиман: бу ижтимоий йўналишдаги тадқиқотда 35 ёшгача бўлган немис аёллари иштирок этганлар. Мухбирлар уларга биттагина савол билан мурожаат этишган: немис аёллари нима учун фарзанд кўришни мумкин қадар орқага чўзишади (пайсалга солишади)? Бу савол бекорга кун тартибига қўйилмаган. Кузатувларга қараганда, немис аёллари кейинги йилларда биринчи фарзандларини 29 ёшга етганларида кўришар экан. Ваҳоланки, ўн беш йил муқаддам бу кўрсатгич анча паст булган. Суровга жавоб берганларнинг 44 фоизи эр ва аёлларнинг бир-бирига бўлган ишончсизлигини ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги бандилигини асосий сабаб сифатида кўрсатишган. Германия ҳукуматй фарзанд кўраётган оналарнинг ижтимоий ҳимоясини йилдан-йилга кучайтириб боришига қарамай, аҳволнинг бу даражага тушиб қолиши жамиятни ташвишга соляпти Чунки Германия демографик кўпайиш жиҳатидан дунёдаги охирги ўринлардан бирига тушиб қолибди. «Наҳотки пул топишга бўлган қизиқиш оилавий бахтдан юқори турса?» — «Берлинер цайтунг» газетаси жамият ташвишини шу савол орқали кун тартибига қўйган.
Юқорида Россия аҳолисининг камайиб бориши-дан мамлакат раҳбарияти ташвишланаётганини баён қилиб эдик. 1982 йилда Латвияда бўлганимда, шу ерлик бир ёзувчи «Яқин юз йил ичида менинг миллатимдан ном-нишон қолмайди», деб афсусланган эди. Чиндан ҳам ўша пайтда латвияликлар сони бир миллионни ташкил қилар, туғилиш даражаси эса паст эди. Миллатни сақлаб қолиш учун ҳар оила камида уч фар з андни дунёга келтир иши керак. Шунда иккита фарзанд — ўринга ўрин қолади. Демак, битта фарзанд — миллатнинг кескин камайишидан дарак беради. Фарзандсиз оила — миллатнинг фожиаси. Европа олимлари ўз миллатларининг тақдиридан ташвишланиб, купайиш суръати тезроқ миллатларда туғилишни камайтириш чораларини кўришга ҳаракат қиладилар. Шу ниятда турли халқаро анжуманларга йигилишиб, талай халқаро битимлар, қарорлар имзолайдилар, ўзга мамлакатларнинг нуфуз масалаларига аралашадилар.
Шулардан бири аёлларнинг ҳомиладор бўлишлари олдини олиш, абортга расмий рухсат берувчи қонунлар қабул қилиш каби уринишлардир. Бу ҳаракатларга Ислом олами қатъий қаршилик билдирди Рим папаси ҳам, Православ черкови ҳам бу уринишларни Худонинг хоҳишига қарши ҳаракат сифатида баҳолади. Зотан, хотин ва фарзанд Худованди Каримнинг улуғ неъматларидан саналгани учун бу неъматларга куфр келтиришдан сақланиш шарт.
Хулоса чиқадики, фарзандлар балоғат ёшига етганида уларни уйлантириш (турмушга узатиш) ота-она зиммасидаги фарз, оажарилиши шарт бўлган вазифа. Агар ота-она вафот этган бўлса, бу фарз яқин қариндошлар зиммасига ўтади. Агар улар ҳам бўлмаса, бу вазифани маҳалла, қўни-қўшнилар, дўстлар бажаришади. Ҳозир айрим ота-оналар баҳона топадиган бўлиб қолишган: «Аввал ўқишини битириб олсин», «Бир-икки йил ишласин»... Ўқишни битириш, ишлаш орқага сурилса зарари йўқ. Лекин уйланиш — табиий зарурат, уни орқага суриш оила учун уятли ҳолатларга олиб келиши мумкин. Тўйсиз, никоҳсиз, ота-она розилигисиз уйланиб олаётганлар бошқаларга сабоқ бўлмайдими? Бир биродаримиз қизига келаётган совчиларни сабабсиз қайтараверар экан. Айтишича, қизига ҳали мебел олмабди. Шу қизи севган йигити билан мебелсиз, энг муҳими, ота-она розилигисиз никоҳдан ўтиб олса, кимни айблаш керак бўлади? Моддий камчиликни сабаб қилиб, ўғилни уйлантирмаслик ёки қизни узатмаслик гуноҳ ҳисобланади. Чунки Қуръони каримда Аллоҳ бандаларини огоҳлантириб, турмуш қурганларнинг ризқу насибасини беражагини ваъда қилган.
Оиланинг барпо этилиши гўзал ҳодиса: тўю томошалар билан нишонланади, бу кунларга йиллаб тайёргарлик кўрилади. Барбод этилиши эса хунук манзара, бунга ҳам узоқ ойлар ёки йиллар «тайёргарлик кўрилади». Фақат одамнинг ўзи буни сезмайди. Ҳеч ким озгина бирга яшаб, кейин ажралишиб кетайин, деган мақсадда оила қурмайди. Келинпошша, сиз бу фикрга қушилсангиз керак? Лекин...
|
Категория: ISLOM |
Просмотров: 926 |
Добавил: elBasanio
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
| |
|
|