Деярли бир вақтда кечга қолмадимми деб шошиб келаётган Зиёда билан "Акфа-медиа” компанияси олдида учрашдик. Компанияда у бадиий рахбар лавозими бўлгач, унга шахсий хона ажратилган бўлиб, сухбатни айнан унинг шахсий кабинетида ўтказдик. Хонадаги "Ниҳол”, "ММТВА” мукофотлари ва синтезаторни айтмаса хонанданинг кабинетидан кўра кўпроқ бизнесмен ёки бирор мансабдор шахс кабинетига ўхшаб кетар экан.
Зиёданинг бугунги кўриниши хам кўпроқ бизнес аёлини эслатарди. Хар холда кресло ва столга ярашган.
Феруза:- Нима учун концертингизни айнан куз ойига белгиладингиз? Кейинчалик ҳам фақат шу ойда концерт берасизми ёки ўзгаришлар бўладими?
Зиёда:- Куз ҳам ёқади. Энди кўпчилик баҳорга белгилагани учун, биз куз ойига белгиладик (кулади) Балки ўзгартириш киритармиз, кейинги йилларда балки.
Феруза:- Бу илк яккахон концертингиз. Концерт олдидан кўнглингизда нималар кечмоқда?
Зиёда:- Бу биринчи концертим бўлгани учун ҳам, жуда ҳам катта ҳаяжондаман. Яна жуда катта масъулиятни ҳис қилмоқдаман. Ҳали менга вақтлими деб, яна балки вақти келгандир деб ўйлаяпман. Барибир жуда катта ҳаяжондаман.
Феруза:- Нима учун концертингизни "Бахт тўла” деб номладингиз?
Зиёда:- Концертимизни номини "Бахт тўла” деб қўйганимизни сабаби, ҳамма бахтли бўлсин. Халқимиз янада хурсанд бўлсин, бахтли бўлсин, янада бахт улашсин деган мақсадда шундай деб номлашга қарор қилдик.
Феруза:- Концертингизда бошқа концертлардан фарқ қиладиган қандай янгиликлар бўлади?
Зиёда:- Концертдаги янгиликлар, у ерда битта кўриниш эмас, 3-4 та кўринишлар бўлади. Шоу дея олмайман-ку, лекин барибир орасига шоу қўшилади. Яна албатта рақслар бўлади. Театрлаштирилган (театральный) кўринишлар бўлади, дуэтлар ҳам бор. Хонанда Даврон Эргашев билан ва яна бир-иккита санъаткорларимиз бор, ҳозирча уларни исмини айтмаганим маъқул. (кулимсираб) Сир бўлиб тура қолсин, қизиқроқ бўлади деб ўйлайман. Яна санъаткор дўстларим ҳам, албатта иштирок этишади. Ҳозирда декорациялар қурилмоқда. Концерт "Пантерра” ва "Акфа медия” студиялари билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Концертимиз режиссёри Рустам Шамсиддинов. Концерт ғояси эса продюсерим Абдураҳмон акага ва ўзимга тегишли. Худо ҳоҳласа, оригинал бўлади деган умиддамиз.
Феруза:-Концертда рақслар бўлади деб айтдингиз. Қайси хореограф билан ҳамкорликда ишламоқдасиз?
Зиёда:- "Сабо” гуруҳи билан ишламоқдамиз. Асосан, бир хиллик бўлмаслигига ҳаракат қилмоқдамиз. Навоийдан "Стег” гуруҳини чақиртиряпмиз. Ҳар бир ишни ўзига яраша қийинчилиги бўлганидек, ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бор экан. Мен энди рақс билан доимий шуғулланмаганман-ку. Ҳозирда улар билан бирга шуғулланмоқдамиз.
Феруза:-Концерт жонли ижрода бўладими? Концерт давомида нечта қўшиқ ижро этилади?
Зиёда:- Концертда жонли ижро ҳам бўлади, фонограмма ҳам. Худо ҳоҳласа 5-6 та қўшиқ жонли ижрода айтилади. Концерт дастурига 22 та қўшиқ киритилди.
Феруза:- Концертдаги қўшиқларни нечтаси янги?
Зиёда:- Тўғрисини айтсам, эски қўшиқларимиз ҳам жуда ҳам кўп экан. (кулиб) Янги қўшиқлардан ҳам қўшдик, фақат сал камроқ қўшдик.
Феруза:- Концертингиздаги қўшиқларингиз, асосан кимлар томонидан яратилган?
Зиёда:- Ўзи кўпроқ Рустам Тўлашев билан аранжеровкада ҳамкорликда ишлаймиз. Яна янги ёш ижодкор Фурқат Бобожонов билан ишладик. Улар билан ҳамкорликдаги қўшиқларимиз "Ўйнаганда жанон”, "Севиб қол”. Шоирларга келадиган бўлсак, Темур, Иброҳим Жиянов, Бобур Бобомурод ёзган шеърлардан фойдаланилган қўшиқларимиз концертимда бор.
Феруза:- Шеърини ўзингиз ёзган қўшиқларингиз ҳам борми?
Зиёда:- Бор. "Шаддод қиз”, "Супер келинчак” қўшиқларим. Ўзим ҳам кўп қўшиқлар ёзганман, фақат улар концертга киритилмаган. "Шаддод қиз”, "Супер келинчак” қўшиқларимни мусиқасини ҳам ўзим ёзганман.
Феруза:- Либослар қандай ва неча хил бўлади? Имиджингиз ким тарафидан яратилади?
Зиёда:- Асосийси 3 хил бўлади. Улардан ташқари, яна 4 хил кийимимиз бўлади. Энди қўшиқларга мослаб, чунки блогимиз бор, кийимлар ҳам уларга мосланган. Имиджим билан Артём Дробышев шуғулланади.
Феруза:- Ноябрь ойида концертлар кўп. Концертингизни улардан айнан нимаси билан ажралиб туради деб ўйлайсиз?
Зиёда:- Менимча, ажралиб турадиган жиҳати, концерт декорацияси, рақсларда бўлади. Театрлаштирилган (Театральный) кўринишларда бўлади деб ўйлайман.
Интервью давомида Зиёда ўзини жиддий ва босиқ тутгани билан, ундаги ҳаяжон сезилиб турарди. Самимий ҳаяжон ва улкан масъулият ҳисси билан, концертга катта куч-ғайрат ила тайёргарлик кўраётган Зиёдага, мухлислар олдида юзи ёруғ бўлишига, ҳамда илк яккахон концерти кўнгилдагидек ўтишига тилакдошмиз.