Истеъдодли хонанда Жасур Умиров 21 декабр куни ўтказилажак илк яккахон концертига катта ҳаяжон билан тайёргарлик кўряпти. "Истиқлол” санъат саройида концерт бериш ҳали ижод остонасига эндигина қадам қўйган хонанда учун ҳазилакам иш эмас. Ахир, бу омма олдидаги ижодий имтиҳон дегани! Жасур мухлисларига таниш бўлган тароналарини куйлаш билан бир қаторда, оммалашишига умид қилаётган бир неча янги қўшиқларини ҳам тақдим этмоқчи. Шулардан бири "Юрибманда” деб номланади. Хонанданинг айтишича, қўшиқ сўзини унинг ўзи ёзган бўлиб, бир-биридан аразлаб юрган ёрлар ҳақида. Ундан ташқари, "Энди қадрингизга етдим, онажон” номли маҳзун таронани эса ёш мухлислари қатори барча ёши улуғ тингловчилари ҳукмига ҳавола этмоқчи. Хуллас, иш авжида! Бошқа янгиликларни яна тез кунларда ҳукмингизга ҳавола этамиз.