Кейинги йилларда асл жангари фильмларнинг бозори
анча сусайди. Фантастик фильмлар ва кинокомикслар пешқадамликни забт
этган жорий вақтда жангари фильмларга талаб ниҳоятда камайди. Зеро,
катта маблағ эвазига олинаётган юқоридаги фильмларда ҳам жангари, ҳам
романтика, ҳам драмани учратиш мумкин. Натижада ўтган аср охирида
чўққида юрган жангари фильмлар борган сари кам суратга олинмоқда.
Шунинг учун бўлса керак, экшн жанридаги фильмларнинг энг яхши
актёрларини танлашда европаликлар ўтган асрнинг киноюлдузларига
устунлик беришди.
Жангари фильмлар актёрлари орасида энг юқори ўринни 64 ёшли Сильвестр Сталлоне
эгаллади. Сталлоне қадим 1976 йилда ўзи сценарийсини ёзган «Рокки»
фильми экран юзини кўрганида машҳурлик йўлига илк қадам босди.
Кейинчалик «Рэмбо: Биринчи қон» жангари фильми ёрдамида юлдузлар
орасида ўрнашиб олди. Айтганча, шу кунларда унинг «The Expendables»
янги фильми экранларда намойиш этилмоқда. Рейтингнинг иккинчи ўрнига «Тиш ўтмас» (Die Hard) фильми юулдузи Брюс Уиллис ўрнашди. Учинчи ўринга «Терминатор» Арнольд Шварценеггерни қўйишди. Тўртинчи ўринни «Терминатор» фильмининг яна бир юлдузи – актриса Линда Хэмилтон эгаллади. Кейинги ўринларда арзон, яъни «В» тоифали фильмларда суратга тушган актёрларни кўришимиз мумкин: бешинчи – Жан-Клод Ван Дамм, олтинчи – Стивен Сигал, еттинчи эса - Чак Норрис деб тан олинди. Уларнинг
аксарияти ҳалигача киноларда иштирок этмоқда, шунинг учун уларни ўтган
асрда қамаб қўйиш нотўғри, дейишингиз мумкин. Гапингиз рост, аммо бу
актёрларнинг ҳозирги ҳолатини ўтган аср охирларидаги машҳурлиги билан
таққослаб бўлмайди. Биз эса улардан янги мароқли фильмларни кутиб
қоламиз.
|