Жаҳонгир Отажонов 16-17 май кунлари "Истиқлол” санъат саройида "Соғиндим” номли жонли ижродаги концерт дастурини тақдим этмоқда. Анча камнамо бўлиб қолган хонанданинг концерт бераётгани ҳақидаги янгилик кўпчиликни ажаблантирди. Бу гал саҳифамиз орқали Жаҳонгирнинг ҳаёти ва ижодида юз берган сўнгги янгиликлардан хабардор қилишга қарор қилдик.
— Жаҳонгир ака, концерт тайёргарликлари қандай кетаяпти? — Раҳмат. Тайёргарликлар давом этмоқда. Доимий бир хилликдан қочишга ҳаракат қилаяпман. Билмадим, буни эплай олармиканман ёки... Буни вақт кўрсатади. — Олти йилдан кейин концерт бераяпсиз. Демак, мухлисларингизга янгиликлар ҳам етарлича бўлса керак? — Биласизми, ўтган йили концерт беришни режалаштирган эдим. Германияга ўқишга бориб, кўпгина режаларни ўзгартиришимга тўғри келди. Афсуски, охирги концертимдан кейин ёниб ижод қилдим, деёлмайман. Чунки асосий вақтимни таълим олишга сарфладим. Рекламага эса деярли умуман эътибор бермадим. Яратган қўшиқларимнинг аксарияти ҳали мухлисларга тақдим этилмаган. Концертдаги энг катта янгилик жонли ижрода бўлаётганлиги бўлса керак. Кейин режиссёрсиз концерт беришга қарор қилдим. — Режиссёрсиз тақдим этиладиган концертнинг сифати қай даражада бўлар экан? — Бу саволингизга концертни кўргандан кейин жавоб оласиз. Концерт вақтида қай аҳволда бўлишимни олдиндан айтолмайман. Режиссёр ўргатган хатти-ҳаракатлар билан ўралашиб қолиб, "ўргатилган” тарзда концерт беришни истамадим. — Май ойининг деярли ҳар куни концерт бўлаяпти. Демак, рақобатдошларингиз ҳам етарлича? — Ҳар кимнинг ўз мухлиси бор. Концертимдан олдин Дилшод Раҳмоновнинг дастури тақдим этилади. Йўналишларимиз турлича бўлгани учун бир-биримизга рақобатдошмиз, деёлмайман. Назаримда, Алишер Файз Озодбек Назарбековнинг йўналишида ижод қиладиган хонанда. "Давр” гуруҳининг ижоди билан деярли таниш эмасман. Йўналишлар турлича бўлгани учун рақобатдан қўрқмасам ҳам бўлади (кулиб). Ҳеч бўлмаса, ўтган концертимга ташриф буюрган мухлисларим келишига умид қилаяпман. 12 йил ижод қилиб, икки кун "Истиқлол” санъат саройини томошабин билан тўлдира олмаслигим уят бўлса керак. — Нега Жаҳонгир Ризо тахаллусидан воз кечдингиз? — Шу тахаллусда ижод қилишни жуда истагандим. Афсуски, бу тахаллусни танлаган пайтимда танилиб улгурганим учунми катта авлод вакиллари буни қабул қилишолмади. Яқинларимдан бунинг учун етарлича танбеҳ ҳам эшитдим. Онам тил ва адабиёт ўқитувчиси бўлганлари учун "Ризо”нинг маъносини бошқаларга қараганда жуда яхши тушунадилар. — Ризо номини танлашингизнинг ўзига хос сабаби бордир? — Бу аждодларимнинг номи билан боғлиқ. Лекин барибир Отажонов номидан айрилолмас эканман (кулиб). Фамилиямнинг ўзбек санъатида ўз ўрни борлигидан фахрланаман, лекин ўзим ҳам алоҳида ном қолдирмоқчи эдим. — Танқидга муносабатингиз қандай? — Эшитишни биламан. Қандай фикр бўлишидан қатъи назар, уни эшитаман. Лекин бу амал қиламан деганим эмас. Тўғри танқидга ижобий муносабатдаман. — Негадир саҳнада ўзингизни йўқотиб қўясиз. Сизда ҳиссиётни бошқара олмаслик юқори ўринда туради. Бу ҳолат саҳна маданиятига акс таъсир этади... — (кулиб). Гапингизда жон бор. Кўпинча клипларимдаги хатти-ҳаракатларимни кузатиб, улардан қониқмайман. Унда бачкана саҳналар борлигини биламан. Лекин наилож? Ҳозирги кунда санъат иккига бўлиниб қолган. Агар мен санъатни танлаб, шоу-бизнесдан воз кечсам, айримларга ўхшаб санъатни ҳам ташлашимга тўғри келади. "Сиз бачканасиз” деб танқид қилаётганларнинг ҳеч бири менга "Манави болаларингга”, деб қўлимга тўртта нонни тутмайди. Фикримни тушундингиз деб ўйлайман. — Рэп қўшиқларингиз ўз мухлисини топганлигига ишонасизми? — Биласизми, бир нарсага турли томондан баҳо бериш мумкин. Ритм-фольк услубида ижро этилган "Чақасан” қўшиғини эшитинг-да, фольклор йўналишидаги "Яллама ёрим, яллола...”ни тингланг. Шунда "Чақасан” фольклор йўналишига қанчалик боғлиқ эканлигини тушуниб етасиз. Бобур Бобомурод сўзи билан ижро этилган "Чақасан”ни айтганимдан кейин Сардор Раҳимҳон "Бекор бундай қўшиқ айтибсиз”, деб ўз фикрини билдирди. Чунки у "Оқ булутлар” ва "Учрашмадик” каби қўшиқларимни эшитган. Унинг тасаввури шунга етибди. Фикрларим бошқалардан кескин фарқ қилишини яхши биламан. — Бу қўшиқ оммалашгандан кейин Ортиқ Отажонов қандай муносабат билдирди? — У инсон доим ижодимни танқид қилиб боради (кулиб). Билишимча, бунинг ўзига хос сабаби бор. Менинг ижод формам ўзгаришини истамайди. Танқидга арзиётганлигимдан фархланаман. Ўзимни худди санъатдаги Отажоновлар сулоласида Ортиқ акадан кейин мен қоладигандек ҳис қиламан. Улуғбек акам ҳам истеъдодли санъаткор. Лекин амакимга кўп давраларда: "Ортингиздан санъатда ким қолади?” деб савол беришса, ўғлининг эмас, менинг номимни айтгани ҳақида эшитиб хурсанд бўлганман. Лекин амаким мақтаб, талтайишимга йўл қўймайди. — Кун келиб ўзингиздаги зарарли одатлардан воз кечармикинсиз? — Ўзимни зарарли одатлари бор инсонлар тоифасига киритмайман. Ўзига тўғри инсон эканлигимни жуда яхши биламан. Фақат бу ҳаётимда эмас, нариги дунёда ҳам роҳатда яшашни орзу қиламан. Шунинг учун ўзимни кўп нарсаларда назорат қилиб бораман. Тўйга бормаган куним соат 8-9ларда ухлайман. Ҳар куни соат 6:00да туриб, боғимга қарайман. У ерда 100 ортиқ дарахтлар экилган. Боғ атрофида от миниб юриш ҳам севимли машғулотларимдан бири. Бир йили кўз ўнгимда машинам ёниб кетди. Бор бойлигидан айрилган одам қандай аҳволга тушишини тасаввур қила оласизми? Кўп ўтмай уйимни тортиб олишди, кўчада қолишимга тўғри келди. Оиламни бузишни истовчилар билан ҳам анча курашишимга тўғри келди. — Ҳаётда муҳаббатнинг борлигига ишонасизми? — Албатта, дунёни ушлаб турган асосий куч ҳам муҳаббат. — Оилавий шароитингиз ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Уни сир тутасизми? — Уйланмасдан олдин яхши кўрган қизимнинг ҳам исмини интервьюларда айтардим. Кун келиб, улар оёғимга кишан бўлиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эканман (кулиб). Оила — менинг ҳаётим. Мен сабаб фарзандларим ёки аёлим панд ейишини истамайман. — Ҳеч бўлмаса фарзандларингиз ҳақида маълумот беринг. — Икки нафар фарзандим бор. Қизим Мумтозбегим мактабга боради. Ўғлим Муҳаммад эса эндигина тўрт ёшга тўлди. Аллоҳ берса, фарзандларимнинг сони бундан-да кўпаяр. — Ҳеч алданганмисиз? — Санъаткорни, одатда, тўйга чақириб, айтилган пулни бермай алдашади. Лекин буни алдаш деб билмайман. Агар ўша "фирибгар”га маъқул бўлса, ўз ғурурини поймол қилиб айдаб юраверсин. Барчамизнинг борадиган жойимиз бир. Кимдадир машинам қолиб кетди, уй-жойим билан ҳам анчагина муаммоларга учрадим... Лекин мени алдаганларнинг ҳеч бири роҳат-фароғатда яшамаяпти. — Ҳамкасбларингиз орасида энг яқин инсонингиз ким? — (ўйланиб) Санъаткорларнинг бир-бири билан дўст бўлиши жуда юзаки нарса. Чойхонада уларнинг "акамсан-укамсан” дейишларига ҳавас қиласиз-у, тўйда ўрин талашишларини кўриб, ёқангизни ушлайсиз. Санъатда манфаатлар устунлиги юқори ўринда туради. — Хиёнатни кечиришга қодирмисиз? — Кечиришдан бошқа иложингиз ҳам йўқ-да. Ҳар ким хато қилиши мумкин. У инсонни кечираман, лекин барибир алоқалар илгаригидек бўлмайди. — Аёлнинг хиёнатини-чи? — Бу хиёнатнинг энг юқори чўққиси-ку (кулиб). Ўз аёлининг хиёнатига қўл силтаб кетаверишлик миллатимизга хос эмас. Уни ҳам кечираман, лекин у билан барча алоқаларни бутунлай узаман. У ҳодисани ўтмишимдан ҳам ўчиришга ҳаракат қиламан. Албатта, бундай вазиятга тушишидан Яратганнинг ўзи асрасин. — Суҳбатимиз сўнгида мухлисларга айтар сўзларингиз. — Бу ҳаёт оқу қора ранглардан иборат экан. Энг муҳими, ҳаётда ўз мақсадимиздан оғишмай, руҳан енгилмай ниятимизга етайлик.
Санъаткор ҳақида Туғилган вақти: 1978 йил 29 сентябрь Қаерда ўқиган: Ўзбекистон Давлат консервторияси, "Тилла Мерич” санъат маркази (Туркия), "Евро Азия” университети (Германия). Оилада: Тўрт фарзанднинг учинчиси. Шиори: Ҳар қандай вазиятда руҳан енгилмаслик. Альбомлари: "Айтишим шартмиди ошиқлигимни”, "Жоним”, "Дилбар” ва Соғиндим”. СЕВДОРА ва Наргиза МУРОДОВА суҳбатлашди.
|