Бу фильмларни такрор-такрор томоша қилсак-да тўймаймиз. Аммо уларда кўзимиз илғамайдиган хатолар шу қадар кўп-ки, эҳ-ҳе деб юборасиз беихтиёр. Ҳа, кинолар қанчалик довруқ қозонса, хатолари ҳам шунга яраша ўсиб бораркан. Сабаби оддий, жиддий фильмларни танқидчи-ю томошабинлар янада жиддий, синчковлик билан томоша қилади. Ҳатто ўша машҳур "Титаник” фильмида ҳам хатолар ғиж-ғиж...
Англиянинг "Times” газетаси тарихий фильмларни ишлаш жараёнида йўл қўйилган мантиқий хатоликларни таҳлил қилиб, ўзига хос рейтинг тузган. Бизга яхши таниш бўлган, бош ролни Мель Гибсон ижро этган "Шерюрак” фильми ҳам ушбу рейтингдан жой эгаллаган. Фильмда йўл қўйилган хато шундан иборатки, бош қаҳрамон Уильям Уоллс қишлоқлик камбағал инсон эмас, аслида катта миқдорда ер-мулкка эга бадавлат инсон бўлган экан. 1984 йилда суратга олинган "Амадеус” фильмида дўст бўлган Антонио Солиери билан Моцарт орасидаги рақобат ҳаддан ташқари бўрттирилган.
ФАКТ
1979 йилда суратга олинган "Apocalypse Now” фильми дунё тарихидаги энг кўп хато қайд қилинган фильм, деб эълон қилинган. Ушбу фильмда 391 та хато саналган. "Гладиатор” фильмида 124 та, "Титаник”да эса 187 та , "Матрица”да эса 149 та хато қайд қилинган экан.
"Титаник”даги "ҳуснбузарлар
Кеманинг олд қисми ботаётган маҳалда чол билан кампир ётоқхонада қўлини-қўлига бериб ҳаёт билан видолашяпти, лекин бироздан кейин ўша "марҳумлар” қайиқларга минаётган бўлишади.
* * *
Жек (Леонардо ди Каприо) ва дўсти кеманинг олдида сузиб бораётган дельфинларни томоша қилиб боришади. Лекин битта муаммо. Икки томони оқ бўлган бу дельфинлар фақатгина Тинч океанида учрайди. Атлантика океанига қандоқ келиб қолишди экан, ҳайрон қоласан.
* * *
Роузнинг ёшлигини жонлантирган актрисанинг кўзлари яшил, лекин унинг кексайган пайтини жонлантирган кампирнинг кўзлари эса мовий. Тавба, одам қаригандан сўнг кўзини ранги ҳам ўзгарар экан-да.
* * *
Жек Роузга сариқ қоғозга ёзилган мактуб беради, аммо "фалакнинг гардиши билан” Роуз хатни очиши билан қоғоз оқ тусга кириб қолади.
* * *
Диққат билан томоша қилган томошабин Жекнинг ресторанга кирганда ойнали эшикка қараб суратга олаётган камерачининг аксини кўради. Камерачи ҳам тарихда қолай, деган шекилли.
* * *
Роузнинг хонасида Пикассо мўйқаламига мансуб "Les Madamoiselles D'Avignoin" картинаси кўринади ва бошқа куни шу асар музейда кўринади. Лекин "Титаник”да на Сезан, на Пикассо, на Моненинг асари бўлган. Унинг устига бу асар музейларда ҳозир ҳам савлат тўкиб турибди.
* * *
Роуз Жекка ўзининг портретини чизгани учун Рузвельтнинг сурати туширилган 10 цент беради, аслида бундай тангалар 1946 йилдан сўнг ишлаб чиқарилган.
Минг марта эшитгандан... Ҳа, балли, қолганини суратларда тасвирлаймиз.
"Фантастлик тўртлик”
Рид ваннахонага кирганда қизил сочиқ кўзга ташланади, аммо бир пастдан сўнг ўша сочиқ қаҳваранг тусга киради. Фантастик фильмда сочиқлар ҳам фантастик бўлар экан-да.
"Терминатор-3”
Автомобилнинг олдинги ойнаси тўсатдан ғойиб бўлади. Кусто ҳайратда...
"Немони излаб”
Стамотолог Немони ушлашга уринган айти қўлидаги шишали идиш кўзга чалинади. Бироқ бироздан ўтиб у оддий пакетга айланиб қолади.
"Американча пирог”
Қиз қўлидаги оқ стакан бирпасда мовий рангга киради. Техника мўъжизасини кўрганман-у, лекин бунақасини...
"Шоушендан қочиш”
Эндининг қочгани ойдинлашгач, турма мудири Морган Фрименга дўқ қилиб, чап қўлини бигиз қилиб кўрсатади. Аммо камеранинг суратга олиш позициони ўзгарганда мудир ўнг қўлда дўқ қилаётга бўлади.
Ҳамза Ёқубов тайёрлади
Манба: darakch
|