|
Қўшиқ тинглаб туриб, клипини томоша қилиш мухлисга
ўзгача завқ бағишлаши табиий. Аммо баъзида клипларнинг савияси ва
сифатига тан берсак, баъзида кўриб турган тасвирларимиздан ҳайрат
бармоғини тишлаб қоламиз. Сабаби...
Сир эмаски, хориж санъаткорларининг
қўшиқларига ишланган аксар клиплар маълум бир сюжети билан томошабинни
ўзига жалб қилади. Уларда қўшиқ матнига мос воқеалар ёки режиссёрнинг
тасаввурида яралган ҳолатлар акс этади. Бизнинг айрим
хонандаларимизнинг клипларида эса, тайинли воқеа, сюжет деган нарсани
умуман кўрмайсиз. Уларни клип деб аташнинг ўзи нотўғри, аслида. Негаки,
санъаткорнинг хорижда ишлаб чиқарилган машинаси ёки қайсидир
давлатманднинг ижарага олинган данғиллама уйини кўз-кўзлашини, уқуви
йўқ раққослардек беўхшов ҳаракатлар қилиб, сакрайверишини, у ёқдан-бу
ёққа югуришини клип деб аташга истиҳола қилади одам.
Тўғри, хонандаларимиз клип сифатида тақдим
этадиган айрим видеолавҳаларни айрим томошабинлар клип деб қабул
қилаверишади. Ваҳоланки, у клип эмас, шунчаки мусиқий номер бўлади.
Мусиқий номерни суратга олиш клип яратишдан кўра анча осон. Аммо
артистлару клипмейкерга фалон пул сарфлаб суратга олинаётган баъзи
клиплар ҳам клип даражасида эмас, балки бу клипга кетадиган
сарф-харажатга ҳам боғлиқдир. Ундай десак, каттагина харажат қилиб ҳам,
тузукроқ клип ишлолмаётган хонандалар кўп. Шундай экан, хориж
машиналари-ю, данғиллама уйларнинг ижарасига тўланадиган пулни клипнинг
сифатини кўтаришга сарфлаш мумкин-ку?
Клипларнинг бир-бирига эгиздек ўхшашини, битта
клипда тасвирланган воқеалар бошқасида сал ўзгартирилган ҳолда
томошабинга етказилиши ҳам унинг сифатини кўтармаса керак. Буларнинг
баридан кўз юмиш мумкин, агар клип дегани маънавий дунёмизга дахл
қилмаса. Бироқ охирги пайтда замонавий клипларимизда замонавийлик шу
қадар яланғоч кўринишда намоён бўляптики, бу клиплар хорижда ва
хорижлик режиссёр томонидан суратга олинмаганмикан, дея шубҳаланиб
қоласиз. Клипларда калта-култа, очиқ-сочиқ кийинган қизлар (бу борада
санъаткор аёлларимиз ҳам қолишмайди) даврасида қўшиқ куйлаш ёш
хонандалар учун урфга айланиб бораётгандек туюлади (афсуски, бундай
ҳолат ҳатто кўп йиллардан бери ижод қилиб, эл назарига тушган катта
ёшли санъаткорларнинг ижодида ҳам учраяпти). Гўё ҳамма қизлар қўшиқчига
парвона бўлиши керакдай. Бундай бачканаликнинг кимга кераги бор? Айрим
хонандалар эса худди клип суратга олинаётганда, уйқуси келиб қолгандай
ёки ётоқхоналарининг қанчалар ҳашаматли эканини кўрсатиб қўймоқчидай
кўринади. Бўлмаса қўшиқни ётган ҳолда куйлашга зарурат борми?
Маъюс, дилтортар қўшиқлари билан ёшларнинг
кўнглига йўл топиб улгурган бир хонанданинг аёл қўшиқчи билан куйлаган
дуэтига ишланган клипни кўриб, ўша хонандадан ҳафсалам пир бўлди.
Майли, уларнинг клипдаги қаҳрамонлари бир-бирини севаркан, аммо буни шу
тарзда томошабинга кўрсатиш керакми? Хонандага кўр-кўрона тақлид қилиб
юрган ёшлар шундан сўнг қандай хаёлга боришади? Ёки яқинда кўрган
клипимни мисол тариқасида келтирай: таниқли хонандаларимиздан бирининг
клипи. Қоп-қора либосдаги бир қиз худди илондай рақс тушаяпти.
Кечирасиз-у, унинг ҳаракатларини рақс деб аташга ҳам аслида истиҳола
қиласан.
Айрим санъаткорларимизнинг клипларида эса
дискотекалар, енгил ҳаёт кечирувчи ёшлар тарғиб қилинаётганга ўхшайди.
Видеонинг томошабин маънавиятига қандай таъсир ўтказиши уларни заррача
қизиқтирмаса керакки, айрим машҳур санъаткорларимиз ҳам клипларидаги
ана шу жиҳатларга эътибор беришмаяпти.
Ҳозир бизнинг турмуш тарзимизга кўпда тўғри
келавермайдиган лавҳалар, денгиз бўйида ёки қумда ўтириб, ҳатто ётиб
куйлайдиганлар ҳам топиляпти.
Баъзи клипларни кўриб энсангиз қотади. Чунки баъзи
хонандалар ўз ёшларига ярашмаган ҳаракатлар қилиб, томошабиннинг
кўнглини қолдиришади. Бундайлар аёл санъаткорларимиз орасида ҳам
топилади. Ёши қирқ-элликдан ошган аёлнинг ўзини йигирма ёшли қизлардек
тутишига қандай баҳо бериш мумкин? Бунақада уларнинг неча йиллар
давомида мисқоллаб йиққан обрўси битта клип билан тўкилиб кетмайдими?
Ёки юқоридаги ҳолатларсиз замонавий” клип ишлаб бўлмайдими?..
Албатта, савиясиз, очиқ саҳналарга бой клиплар
билан бир қаторда сифатли клиплар ҳам яратиляпти. Лекин хонандаларимиз
у ёки бу қўшиқларига клип суратга олдиришдан аввал унинг сюжети ва
либослар ҳақида аниқ режа тузиб олишса, ўзбек мухлислари учун ўзбекона
клип тақдим этишлари кераклигини унутишмаса, эҳтимол, юқоридаги каби
нуқсонларга йўл қўйилмасди.
СЕВДОРА
|