Юлдуз ҳақида гап кўп, миш-миш сероб, ҳақиқат анча, ёлғон ҳам кам эмас. Бу унга нисбатан нақадар қизиқишнинг кучлилигидан бўлса керак. Бўлмаса, минг-минглаб инсонларнинг биттагина шахсга тегишли маълумотларни муҳокама қилишга хоҳиши ё вақти топиладими? Юлдуз ўзига шундай тарих яратяптики, ундан анча нарса ибрат олиш, айримларини такрорламаслик, яна бошқаларидан хулоса қилиш мумкин. Иш юзасидан кўплаб ижодкорлар, санъат мухлислари билан учрашамиз. Фикр алмашамиз. Мунозара қиламиз. Сўнгги пайтда, (сўнгги 16 йил ичида десам муболаға бўлмас) бирон суҳбат мавзусининг якунига борманг, албатта, Усмонова номига бориб тақалади. Кимдир Юлдузсиз санъатимизни тасаввур қила олмаслигини айтса, бошқа биров "унинг даври ўтди” дейди, яна кимдир Юлдузсиз ўзбек санъати бир порлоқ нурини йўқотиб, зулматда қолганга ўхшайди деса, бошқаси Усмонованинг айрим характерларини умуман хушламаслигини, ҳар доим бир балони ўз тили билан бошлаб юришини таъкидлайди. Хуллас, бир тушунча пайдо бўлади: Юлдузни биз нега бу қадар яхши ва бу қадар ёмон кўрамиз! Юлдузни қадрлашларига энг биринчи сабаб, ундаги ижоднинг "қайнар хумча”лиги, иккинчидан, руҳий тетик, ғурури баланд, юраги ёнса, тили олов сочади. Бардошли аёл...Ҳеч тушкунликка тушиб, ижоддан кўнгли совиб, ҳаракатдан тўхтаб қолганига гувоҳ бўлмаганмиз. ТВга чиқса-чиқмаса, радиода янграса-янграмаса, унинг қўшиқларини Ернинг нариги бурчагида ҳам керак бўлса, бир амаллаб топиб тинглайдиган мухлислари борлигига шубҳа йўқ. Яхшиям, унинг табиатида маддоҳлиқ йўқ. Яхши кўрашидами ё ёмон барибир ич-ичидан унинг санъатини чин маънода ҳурмат қилиб, тан берадиган кам дейсизми? Австрия, АҚШ, Голландия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Россия, Татарстон, Туркия... у ўз санъати билан забт олган хориж мамлакатлари. Саф эса кенгайгандан кенгаймоқда.
Тўғри, айрим характерларига чидаш қийин: инсон дилини билиб-билмай тез оғритиб қўйиши, баджаҳллиги, тез ишонувчанлиги ва унинг оқибатида қадрдонларига ҳам шубҳа назари билан қараши...Бу ўзига хосликларни ким татиган бўлса, Юлдузни инсон сифатида хушламаслиги мумкин. Бироқ, санъати олдида ўша меҳрибонлик ва болаларча беғубор кўзлар ила тикилишдан ўзга чора йўқ. Бир кам дунё-да!.. Балки, бу сифатларни эркатойлик дея қабул қилиш афзалдир.
Аслида мана шу икки қарама-қарши антоним тушунчалар унга бўлган ҳиссиёт оламида бирлашиб кетади: "яхши кўраман” дегани чин маънода севса, "ёмон кўраман” дегани аксинча севгидан-да кучли ҳиссиёт билан унга боғланган.
ЖАСУР ҲАМРОЕВ
|