Урал давлат кончилик университети (УДКУ)да намозни адо этиш бўйича машғулот ўтказилди. Тадбир Россия муфтийлар кенгаши ва «Яшен» татар ёшлари жамоатчилик ташкилоти вакиллари томонидан УДКУ миллий-маданий бирлашмаларга кўмаклашиш маркази ёрдамида ташкил этилди.
«Мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойидаги ҳар қандай учрашуви – савобли ҳодиса,- деди «Ислам в РФ» мухбири билан суҳбатда РМКнинг Свердлов областидаги вакили Руслан Нурмаметов. – бугунги кунда ёшлар динга фаол қизиқмоқдалар, намоз ҳақида саволлар анчадан буён тушмоқда. Биз намоз нималиги, унга қандай тайёргарлик кўриш ва қандай адо этиш ҳақида сўзлаб бериш учун йиғилдик. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) намозга катта эътибор берганлар. Афсуски, бугунги кунда ўзини мусулмон деб ҳисоблайдиганларнинг кўпчилиги исломнинг иккинчи рукнини инкор қиладилар. Биз болаларга бу ҳеч ҳам биринчи кўринганидек қийин эмаслигини, имон тамойилларига амал қилиш замонавий ҳаётга зид келмаслигини сўзлаб бериш ниятидамиз».
УДКУ бош корпусидаги аудиториялардан бирида бир неча ўнлаб ёшлар тўпландилар. Машғулот аввалида Руслан Нурмаметов тўпланганларга намоз рукнлари, у Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)га қандай амр қилинганлиги ҳақида сўзлаб берди, таҳорат нималиги, намоз вақтлари ва турлари хусусида тўхталиб ўтди. Кириш қисмидан кейин йигитлар ва қизлар иккига бўлиндилар ва уларга намоз қандай адо этилиши намойиш қилинди. Шу билан қуёш ботар маҳал бўлди ва ифторлик вақти кирди.
Бундай тадбир ўтказилиши учун нега айнан олий ўқув юрти танланганлигини УДКУ миллий-маданий бирлашмаларга кўмаклашиш маркази директори ўринбосари Наталья Царегородцева изоҳлади: «Марказимиз барча миллатлар ва динлар вакиллари учун очиқ. Қончилик университетида муваффақият билан бир нечта исломий тадбирлар ўтказилди, зеро ўқув юртимиз талабалари танлаш имкониятига эга бўлишлари ва Урал миллий ва диний маданиятлар хилма-хиллигида ўз дунёқарашларини кенгайтиришлари лозим.
|