Ўзбек эстрадасининг аёл ижодкорлари орасида кўплаб чинакам истеъдод эгалари бор албатта...
Бироқ улар орасида хонанда Зиёданинг алоҳида ўрни борлигини ҳеч ким инкор этмайди. "Akfa media”нинг ҳозиргача энг омадли лойиҳаси бўлиб қолган Зиёда шубҳасиз рақобат майдонига ўзининг чиройли кўйлаклари, ярим яланғоч бадани, тинимсиз пиар, бир гала овоз режиссёрларининг ҳаракати ва яна аллақандай хийла-найранг йўллари билан эмас балки ҳақиқий, соф ўзининг жозибали овози, гўзал қалби ва феъл атвори билан кириб келди. Аниқки, Зиёданинг бу муваффақиятларига хавас билан қараб унга дўст бўлганлар билан бир қаторда, уни кўролмайдиган душманлари ҳам талайгина. Ана шундайлардан анча-мунчаси яна бир исм — хонанда эстрадага кириб келганида "ана энди тамом! Зиёда синади, унгаям рақобатчи бор экан-у!” дейишганди. Айтиб қўя қолай, ҳеч қандай ортиқча мулозаматсиз бу гапларни очиқ айтаяпман. Хуллас, Дилсўз. Ҳа тўғри, унинг илк қўшиғи "Севикли ёрим” таронасининг биринчи куплетларида овози Зиёдага жуда ўхшашиб кетганди. Аммо бу холат кейинги тароналарида бошқа кузатилмади. У ўз йўлини топа олди. "New Star Media” продюссерлик марказининг хонандаси Дилсўз ҳам аста секин мафтункор ва чинаккам кучли овози билан эстрада майдонига кириб келди. Бугун ундан янги ижод намуналарини соғиниб кутаётганлар бор. Лекин минг афсус ҳали-хамон Зиёда ҳамда Дилсўзни бир-бирига рақиб, керак бўлса душман, дейдиганлар борлиги ҳам факт. Аслида-чи? Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, хонандалар орасида ҳам бир-бирининг омадига хурсанд бўладиганлар, бахт тилайдиган дўстлари ҳам бор. Зиёда ва Дилсўз ҳаётда ана шундай яқин дугона. Энди шунча гапни узоқдан олиб келиб нега гапирдим. Айнан юқоридаги каби гап сўзларни тарқатувчи ёки шундай гапларга ишонувчиларнинг фикрига жавобан асл овоз ва истеъдод соҳибалари Зиёда ва Дилсўз дуэт куйлашга ахд қилишди. Бу лойиҳага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхоннинг ўзи бош-қош бўлмоқда. Қолган тафсилотларни кузатиб боринг!