Титратиб қалбдаги эзгу, иймонни Арзир фидо қилмак тан ила жонни Тунлари боламга билдирмай ҳатто Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!
Гулларнинг сарвари ташласа қиё, Унга тикилмакдан қилурман ҳаё. Пойимда тўшалган бўлса ҳам дунё Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!
Кўзим тушганида кулган нигоҳа Қўлимда гуллаган турфа хил соҳа, Тушларимда кезиб водию воҳа, Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!
Туғилган заминдан чиққан бир гардни Олтинга алишмай ўтган бир мардни, Аёлим тушунмас мандаги дардни Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!
Қалбимни эзғилар турфа химматлар, Эришдек туюлар етук хизматлар, Дастурхоним тўла нозу, неъматлар Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!
Инсофи бор кимса ватан демасми, Ҳамиша элининг ғамин емасми, Ҳамма ерда тупроқ бир хил эмасми, Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!
Кулманг ҳолатимга кулгунимгача Гўдак нигоҳидек тўлгунимгача... Англадим охири - ўлгунимгача Соғиниб яшайман Ўзбекистонни!
|