Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-20) 10 сентябр куни эрта тонгда Тошкент-Истамбул-Мадрид йўналиши орқали Испанияга учиб кетди. Маълумки, у ерда Аҳмад Убайдуллаев шогирдлари Жаҳон чемпионати олдидан сўнгги тайёргарлик машғулотлари ва назорат ўйинларини ўтказишади.
Испаниядаги ўқув-машғулот йиғинлари доирасида ойнинг 14 ва 17-саналарида Коста-Рика ҳамда Гондурас ёшлар терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Шундан сўнг, 22 сентябрда терма жамоа делегацияси Испаниядан Мисрга сафар қилади.
Агар таркибга назар ташласак, аввал хабар бериб ўтганимиздек, ФИФА регламентига кўра Жаҳон чемпионатига 21 та футболчи рўйхатдан ўтказилиши керак. Аммо терма жамоанинг етакчи ярим ҳимоячиси Фозил Мусаев “Бунёдкор” билан бўлган ўртоқлик учрашувида анча жиддий жароҳат олганлиги туфайли, заҳира футболчиси сифатида Зохир Пиримов ҳам Испанияга олиб кетилди. Убайдуллаевнинг айтишича, Испаниядаги йиғиндан кейин Мусаев ёки Пиримовдан бири Мисрга бориши хал бўлади. Бу нарса албатта, “Машъал” ярим ҳимоячисининг қай даражада тез оёққа туришига ҳам боғлиқ. Бундан ташқари, “Пахтакор” ҳужумчиси Алишер Азизов ҳам мураббийлар штабининг якуний таркибидан жой олмади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 26 сентябр куни Ганага қарши ўйин орқали, ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидаги иштирокини бошлайди.
|