Бир одам Оврупога тақлид қилишни жуда яхши кўрарди. Таом ейишдан олдин бақбақасини кўтариб турган ёқасига сочиқ қистиради — немисларда шундай одат бор экан. Зиёфатларга борганда биринчи қиладиган иши — қўлини ароқ билан ювади — французлар микробга қарши шундай курашар эканлар. Ўйнаши билан ўпишишдан аввал оғзига атир пуркайди — италияликлар бекорга шундай қилишмас. Ҳаммомга тушса, отасидан хафа бўлиб кетади — отаси бечора овруполикларнинг суннат қилинмасликларини билмай шу бемазагарчиликни қилиб қўйган-да бир вақтлар. Унинг энг зўр одати — зиёфатларга голландияликлар каби керилиб келиб, инглизчасига индамай, бошқаларга сездирмай чиқиб кетарди. Инглизлар еб-ичиб, тўйишгач, ҳеч ким билан хайрлашмай, раҳмат ҳам демай, индамай жўнаб қолишаркан. Кетган одамни биров билиб, биров билмай қоларкан. Тақдирнинг ёзуғини қарангки, бу одамнинг оламни тарк этиши ҳам инглизчасига бўлди: оиласи билан рози-ризолик ҳам тилаша олмади, ўлиб, кўмилганини биров билди, биров билмай ҳам қолди. Ўзбекчасига яшаб, ўзбекчасига ўлиш ҳам бир бахт экан-да, а?
(Toxir Malik)
|