"Киночилар уйи” конференция залида халқаро
кинофестивалларда қатнашган ва эътироф этилган "Сув ёқалаб”, "Нариги
соҳилда қолган болалик”,”Илова” фильмларининг тақдирланишига бағишланган
матбуот анжумани бўлиб ўтди.
"Сув ёқалаб” Нью Йоркда 11-14 ноябр
кунлари бўлиб ўтган Евро-Осиё кинофестивалида қатнашиб, Ўзбекистон халқ
артисти Эркин Комилов "Энг яхши актёр” номинациясида ғолиб бўлди.
"Сув ёқалаб” "Ўзбекфильм”
киностудияси маҳсулоти. Сценарий муаллифи Эркин Аъзам. Режиссёр Жаҳонгир
Қосимов. Фильм ҳақида: Қишлоқда сув талаш, ҳамма нима қилиб бўлса-да,
ўз томорқасини суғоришга интилади. Бош мироб Ўрин Жага янги раис
ўрнатган тартибга амал қилади. Ҳаммани баробар кўрадиган собиқ раис
Болта Мардон яна "кураш майдон”ига чиқади.
"Нариги соҳилда қолган болалик”
Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳридаги 34-муаллифлик киноси фестивали асосий
дастурида намойиш этилди.
"Нариги соҳилда қолган болалик”
"Ўзбекфильм” киностудияси маҳсулоти. Сценарий муаллифи ва режиссёр -
С.Назармуҳамедов. Фильм ҳақида: Ҳаким, Надим ва Жаббор болаликдан бирга
ўсиб улғайганлар, орадан йиллар ўтиб, улар қариб-қартаядилар. Уларнинг
орасидан Жаббор узлатга сафар қилган. Тирик қолган икки мўйсафид
ўзларининг ўтмишини эслаб яшашади.
"Илова” Японияда бўлиб ўтган
халқаро Токио кинофестивали асосий дастурида кўрсатилди. "Илова”
"Ўзбекфильм” киностудияси маҳсулоти. Сценарий муаллифи ва режиссёр Ёлқин
Тўйчиев. Фильм ҳақида: Фильм қаҳрамонларининг кечмишлари тимсолида
ҳаётда ҳар бир инсон бошидан ўтказиши мумкин мураккаб руҳий ҳолатлар
қизиқарли йўсинда очиб берилади. Турмуш чигалликлари аро ўзига йўл
қидираётган ака-укалар охири оила, она ва ўзаро меҳр-оқибат нажоткор куч
эканлигига ишонч ҳосил қилишади.
Барча кино мухлисларига Ўзбек
киносидаги янги ғалабалар муборак! Кино олами ижодкорларига янги ва
бетакрор картиналар яратишларини ҳамда улкан муваффақият қозонишларига
тилаб қоламиз! Олға, Ўзбек киноси! Кинонинг "Ўзбек”и!
Жасур Ҳамроев
|