Охирги пайтларда матбуотда, интернет нашрларида “хусусий фильмлар”ни “давлат фильмлари”га қарши қўйиш, биринчисини қайта-қайта танқид остига олиш баробарида, “жиддий” фильмлар томошабинга кўпроқ фойда келтиришини бир овоздан такрорлаш урф бўлиб қолди. Лекин, тан олиш керак, “жиддий” фильмлар ҳам кўпгина ҳолларда томошабиннинг ишончини оқлолмаяпти: долзарб мавзуларни кўтарадиган, кўрувчиларга озуқа беришга йўналтирилган айрим картиналар сценарийнинг саёзлиги, сюжетдаги беўхшовликлар, техник камчиликлар боис ҳафсалани пир қилмоқда. Шу туфайли, очиғини айтганда, кинотеатрга тушиб, ўзбекистонлик ижодкорларнинг янги киноасарлари билан танишишдан олдин “етти ўлчаб бир кесадиган” бўлиб қолганман.
Ҳилол Насимовнинг янги “Ажал жодуси” номли фильмини кўришдан олдин мана шу фикрларни ақлимда тутиб, ўзимни бир ярим соат зерикишга руҳан тайёрладим, токи сеансдан сўнг ўзимдан ҳам, киночилардан ҳам кўнгил қолмасин. Илло, кутилмаганда экрандаги воқеалар мени ўзига тортиб кетди, бир ярим соатлик хронометраж эса жуда қисқа туюлди. Хуллас, кўпдан буён биринчи марта кинозалдан мамнун бўлиб чиқдим.
Тошкент вилоятидаги чекка тоғли қишлоқлардан бири. Тўнғич фарзандининг тўйини ўтказган оила моддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Олинган қарзларни узиш, қолаверса, тузукроқ иш топиб, оила тебратиш керак. Қўни-қўшнилар олдида юзи шувут бўлган, бошқа иложини топа олмаган оила бошлиғи икки ўғлини олиб, Россияга равона бўлади. Уйланганига эндигина 2 ой бўлган Толиб ҳам, унинг эндигина қишлоқдош қизни кўз остига олиб қўйган укаси ҳам ёрларини ташлаб кетишга мажбур бўлишади. Россияда ака-ука кутилмаган мураккабликларга учрайди; ёшларнинг йўлдан адашиши охир-оқибат катта фожиага олиб келади...
Фильм анча пишиқ ишланган. Ҳарқалай, “Одноклассники” менда бу қадар яхши таассурот қолдирмаган эди. Ҳилол Насимов тез-тез учрайдиган, ОАВда кўп бора ҳикоя қилинган типик қисматлардан бирини олиб, унинг мисолида молиявий қийинчиликлар, хорижда ишлашнинг оғир шароитларини очиб беришга ҳаракат қилган. Очиғи, худди шу воқеани ҳужжатли фильм шаклида ифодаласа ҳам бўлар эди. Яъни, ижодкор картинанинг бадиий жиҳатидан кўра ижтимоий мазмунига кўпроқ урғу берган. Ва, айтиш мумкинки, муаммони очиб беришда ютуққа эришилган.
Сюжетдан ўрин олган мавзулар доираси шу қадар кенгки, Насимов бир ўқ билан икки эмас, бир йўла беш қуённи уришга муваффақ бўлган: дабдабали тўйлар, чет элда меҳнат қилиш заҳмати, “Камолот” уйлари, экстремистик гуруҳлар фаолияти ва ҳаттоки Украина. Фильм қаҳрамонларидан бири каби “Украинанинг нима алоқаси бор?”, дерсиз? Афсус, буни ошкор эта олмайман.
Охирги ойларда Россия матбуоти саҳифаларидан тушмай қолган Марказий Осиё вакиллари орасида ўғри ва безориларнинг кўп учраётгани билан боғлиқ муаммо экстремизм мавзусига боғлаб юборилгани ҳам диққатга сазовор топилмадир. Бундан ташқари, қишлоқ халқининг оғир турмуш тарзи, майда порахўрлик сингари масалалар очиқ кўрсатилган.
Хўш, “Ажал жодуси” кўришга арзийдиган фильмми? Буни ҳар ким ўзи белгилайди. Биз эса унинг ютуқ ва камчиликларини кўрсатиб бериш билан кифояланамиз.
Картинанинг ютуқлари:
Воқеаларнинг секин-аста, бир текис ривожланиши. Шошма-шошарлик “Ажал жодуси”га хос эмас. Баён изчил олиб борилади, қаҳрамонларнинг ҳар бир ҳаракати батафсил тушунтириб берилади. Аммо фильмнинг иккинчи ярмида воқеалар негадир тезлашиб кетади, сунъийлик ва зўрма-зўракилик кўпаяди. Бу, менимча, хронометражнинг чекланганлиги билан боғлиқ бўлиб, ижодкорлар ҳамма-ҳаммасини 1.5 соат ичига сиғдиришга уринишган.
Диалоглар. Ўзбекистонда ишланган фильмларда ғализ, нотабиий диалоглар кўп учрайдиган ҳодисадир. Аммо “Ажал жодуси” ижодкорлари қаҳрамонларнинг сўзлари устида ишлашгани кўриниб турибди. Бу борада Ўғилой опани ажратиб кўрсатган бўлардим: бу аёл тилидан янграйдиган иборалар ва халқ мақолларини ранг-баранглиги билан мени қойил қолдирди. Тан олиш керак, фильмнинг иккинчи ярмида диалоглар ҳам сунъийлашган.
Долзарб ва қизиқарли маълумотларнинг кўплиги. Масалан, сеанс давомида сиз Хўжанд аҳолисининг кўпи ўзбеклигини, Россиянинг жиноий гуруҳлари таркибида ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, қирғизлардан ташқари, қиримлилар, ажарлар ва бошқалар ҳам борлигини билиб оласиз, бундан ташқари, ажар-гур миллий рақси ачарулидан баҳраманд бўласиз. Ўзбек фильмларининг энг катта камчиликларидан бири шундаки, қаҳрамонлар ҳақида тилга олинадиган маълумотлар – уларнинг яшаш жойи, касби, оилавий шароити ва ҳ.к. – шунчаки характер устига кийдириладиган тўн вазифасини ўтайди, лекин қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларида ва сўзларида мутлақо акс этмайди. Воқеалар Сурхондарёнинг чекка қишлоғида содир бўлса ҳам, актёрлар Тошкент шевасида гапиришни канда қилмайди; бош қаҳрамон шифокор, актёр, сотувчи ёки бекорчи бўлиши мумкин, лекин бу унинг сўзларида кўринмайди. “Ажал жодуси” ижодкорлари бу камчиликдан қочишга уринган.
Панорамали суратга олиш приёмларининг кенг қўлланилиши видеоқаторни анча бойитган. Ҳожибой Тожибоев айтганидай, фильмларимизда тўкилиб тушган эски деворни кўравериб зада бўлганмиз. Лекин қуш парвозидан қараганда қишлоқлар анча чиройли қиёфага кирар экан!
Камчиликлар:
Бир қанча ғалати, сунъий эпизодлар кўзга ташланди. Айтайлик, ёш келинчак Лайлонинг ярим кечаси эрининг ўртоғи билан кўчага чиқиб кетиши, бунга унинг қайнона-қайнотаси ҳеч қандай муносабат билдирмаслигини қандай тушуниш мумкин?
Фильм ниҳоясининг тўмтоқ бўлиб қолгани – бу ҳақда юқорида айтилган эди.
Фожиали оқибатларнинг ортиқ даражада кўпайиб кетгани – битта оилада бирданига бунча ўзгаришлар содир бўлиши ҳаётий эмасдек туюлди. Ҳилол Насимов томошабинларга максимал ҳиссий таъсир ўтказишга ҳаракат қилгани тушунарли, лекин фожиавий кўламнинг бир қисмидан воз кечилса, фильмнинг мазмуни ва таъсирчанлигида ҳеч қандай ўзгариш бўлмас эди, назаримда.
Актёрларга келсак. Фильмга кўплаб таниқли санъаткорлар жалб қилинганига қарамай, уларнинг аксарият қисми кичик эпизодларда кўринган, кичик образларни гавдалантирган, шу боис фильм ўйинчи кадри об-ҳавосига сезиларли таъсир ўтказмаган. Қуйидаги роллар, менимча, маромига етказиб ижро этилган: Ўғилой опа – шошқалоқ ва ваҳимачи қишлоқ аёли яхши кўрсатиб берилган; Фозил – Толибнинг укаси; ҳовлиқма ва ҳиссиётга берилувчан ўсмир роли ўхшатиб ўйналган; тулкининг думидай айёр имом (“хўжандлик тожик”) – унинг кўзларидан нақадар иккиюзламачилигини, гаплари ёлғон эканлигини англаб олиш қийин эмас.
Лекин Азиз Раметов гавдалантирган образ юқорида тилга олинганларни анча ортда қолдириб кетган, деб айта оламиз. Бош қаҳрамоннинг дўсти, хотинбоз безори Шоҳруҳ образи маромига етказиб ўйналган. Азиз Раметов образга шўнғиб кетгани сўзларида, кўзларида, фикрларида ва хатти-ҳаракатларида намоён бўлади. Айниқса Лайлони маишатга ундаш саҳнасида Шоҳруҳнинг гапириш оҳанги жуда хатарли янгради. Қойил! Энг яхши роль!
Энг ёмон роль эса Лайлога “насиб” қилди. Бу актрисага юз ифодаси ва оҳанглар устида кўпроқ ишлашни тавсия қилган бўлардим.
Энг ёмон кадр – эрининг хиёнати дарагини олган Лайлонинг юзи йирик планда кўрсатилади, бироқ бу юзда тузук-қуруқ ҳис-туйғу акс этмайди.
Энг яхши кадр – фильм сўнгида икки қиз ёрлари ортидан қараб қолади.
|