Яҳудий мерган томонидан британиялик кинооператор Джеймс Миллернинг отиб ўлдирилиши Исроил солиқ тўловчиларига 2 миллион долларга тушадиган бўлди. “Associated Press”нинг хабар беришича, Исроил ҳукумати ҳамда ҳалок бўлган операторнинг оиласи шундай битимга келдилар.
“Хваретц” нашри томонидан илк бор тақдим этилган бу маълумотни Исроил Ташқи ишлар вазирлиги вакили Игал Палмор тасдиқлади. Бундай келишувни тузилганини Миллер оиласи вакили ҳам тасдиқлаб, бу ҳол “Исроил ҳукумати томонидан ўз айбини тан олишга яқин келганини” билдиришини таъкидлади.
2003 йилнинг май ойида Джеймс Миллер Миср ва Ғазо чегарасидан узоқ бўлмаган Рафах шаҳрида ушбу ҳудуддаги болаларнинг азоблари ҳақида ҳужжатли филм устида иш олиб бораётган эди. Суратга олиш жараёнида у исроиллик мерган томонидан отиб ўлдирилган.
Миллернинг оиласи қотиллик бошқа оператор томонидан видеотасмага туширилгани ҳақида айтган эди. Тергов шуни кўрсатдики, фаластинлик оила хонадонидан чиқиб келаётган Миллер ҳамда унинг ҳамкасблари қўлларида оқ байроқни кўтарган ҳолда ўзларини британиялик журналист эканликлари ҳақида қичқирганлар. Улар Исроил броневики ёнидан ўтаётганларида эса Джеймс Миллер отиб ўлдирилган.
Кинооператорни ўлдирган исроиллик офицер қотиллик учун судланмаган, у қаттиқ танбеҳ билан қутулган холос. 2006 йилнинг апрелида британиялик коронер Миллернинг ўлими қотиллик деб баҳоланиши кераклиги ҳақида айтган эди.
Ҳозирэса Британия Ташқи ишлар вазирлиги расмий равишда ҳам, Миллерлар оиласи номидан ҳам тузилган келишувдан қониққанлигини билдирди. Британия ҳукумати можаро ўз якунини топди деб ҳисобламоқда деб хабар беради infox.ru.
|