Ёғоч ғилдиракли хаммер
Лондонлик автоишқибозлар гуруҳи Хаммер автомобилини санъат асарига
айлантиришди. Улар резина ғилдираклар ўрнига худди қадимги кўчманчилар
аравасиникидек ёғоч ғилдиракни ўрнатишди.
Бу антиқа ғоя муаллифи рассом Метью Харрисондир.
У машинани "оддий автомобиль эмас, санъат асари” деб
атамоқда. Қайсидир маънода, у ҳақ. Замонавий ЖИП ва Ёввойи Ғарб
анъаналари бирлашиб, ғаройиб санъат асари вужудга келган. Ушбу
машина илк марта Қироллик санъат Академиясида намойиш этилган. Ўшанда
томоша ишқибозларининг асосий берган саволи "Бу ғилдираклар билан
Хаммер ҳаракатлана оладими?” бўлганди. Ҳақиқатан ҳам, шундай оғир
вазнли машинани ингичка ёғоч ғилдираклар кўтара олармикин? Ҳозиргача бу
машина фақат томошалардагина иштирок этаяпти. Аммо ҳеч ким уни
кўчаларда биров ҳайдаб юрганини кўргани йўқ.
Тольяттилик пенсионернинг вездеходи
Исмини ошкор қилишни истамаган Тольяттилик бир
пенсионер турли автомобиллар эҳтиёт қисмларидан фойдаланиб, вездеход
яратди. У ўзининг қўлбола машинасидан балиқ овига бориш учун
фойдаланмоқда.
Қўлбола вездеходнинг оғирлиги бор-йўғи 700 килограмм. Улкан шиналари
сабаб у америкаликларнинг "BigFoot” вездеходига ўхшаб кетади. Аслида
эса у ўзимизга таниш бўлган "Жигули”, "Волга”, УАЗ ва "Ока”
автомобилларининг қисмларидан териб чиқилган.
Вездеходга ВАЗ-2108нинг двигатели ўрнатилган. Кузови эса металлдан
ясалган бўлиб, фанер ва пластик билан безалган. Унинг максимал тезлиги
45-50 километр. Аммо улкан шиналари ҳисобига қум, қор ва ботқоқда ҳам
бемалол ҳаракатланаверади.
Ёғоч кадиллак
Бир куни АҚШнинг Аризона штатида яшовчи Жерри
Никелнинг қўлига 1950 йилда нашр этилган Hot Rod журнали тушиб қолади.
Журналда ғаройиб лойиҳа ҳақида мақола чоп этилганди. Бу лойиҳа Жеррини
илҳомлантириб юборди ва у икки двигателли ҳақиқий Кадиллак яратишни
бошлади. Фақат ёғочдан.
Ёғоч Кадиллакнинг яратилишига тўрт йил вақт кетди. Унга мингта ёғоч
тахта, 27 килограмм винтлар, 19 литр елим ва 15 литр лак кетган. Умумий
ҳисобда у 4183та ёғоч деталлардан йиғилган. Двигателларнинг бири олд
томонга, иккинчиси орқа томонга ўрнатилган.
Гарчи шунча меҳнат кетган бўлса-да, Кадиллак юрмайди. Жерри уни турли
томошаларга олиб бориб, пул ишлаяпти. Аммо яқин орада уни аукционга
қўйиш нияти ҳам бор.
Эски машиналардан янги жип
Владикавказлик Сергей Гёргиев ясаган ЖИП
Америка ЖИПларидан деярли фарқ қилмайди. Фақат унинг машинаси
эски-туски автомобилларнинг қисмларидан ясалган.
Асли узоқ йўлларга қатновчи ҳайдовчи бўлган Сергей Гёргиев аллақачон
чиқитга чиқарилган ГАЗ-66 машинасини тамомила қайта ишлаб, ажойиб
кўринишга келтирган. ГАЗ-66нинг рамасига иккита "Урал-375” юк
машинасининг кабиналарини бирлаштирган ҳолда ўрнатган. Бу кабинанинг
ичига бемалол олтита одам сиғади. Ўриндиқлар "КамАЗ”дан олинган бўлса,
иситиш тизими "Жигули”га тегишли.
Раманинг ортиб қолган қисми эса пикап автомобиллари каби юкхонага
айлантирилган. Машинанинг максимал тезлиги 130-140 километр.
Шиналарнинг "бақувват”лиги туфайли лой кўчаларда ҳам бемалол юз
километр тезликда ҳаракатлана олади.
Гёргиев машинасида ёнилғи сифатида газдан фойдаланади. Машина 100 километрга 20-25 литр суюқ газ сарфлайди.
|