Банк ҳисоб рақамисиз пул жўнатмалари соҳасида етакчи бўлган Western Union компанияси Ўзбекистонда жойлашган хизмат кўрсатиш пунктларида олиб борилаётган иш фаолияти сифатини текширяпти. Бу тадбир ҳар йили хизмат кўрсатиш пункти ишчиларни рағбатлантирувчи "Клуб 500” деб номланган дастур доирасида ўтказилади. - "Клуб 500” халқаро дастури доирасида ҳар йили ўтказиладиган сифат аудити компания ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Сифат аудити умумий мониторингнинг бир тури бўлиб, у компанияга тегишли хизмат кўрсатиш пунктларида мижозларга қай даражада хизмат кўрсатилаётгани, вужудга келган муаммолли вазиятларни аниқлаб, уларни бартараф этиш, мижозларнинг компаниямиз ва хизматларимизга бўлган муносабатини ижобий томон ўзгартиришга қаратилган, – дейди Western Union Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжондаги ҳудудий директори Жалил Ҳайдаров. Мана тўрт йилдирки, Western Union компанияси Ўзбекистонда жойлашган хизмат кўрсатиш пунктларида сифат аудитини ўтказиб келмоқда. Ҳар йили энг яхши хизмат кўрсатиш пункти дея эътироф этилган компаниянинг ҳамкор-банклари бўлимлари муносиб тарзда тақдирланадилар. Ўтган йилги сифат аудити якунларига кўра Western Union компаниясининг Қўқон шаҳрида жойлашган ҳамкор банки бўлими, яъни «Капитал Банк» шаҳар бўлими энг яхши хизмат кўрсатиш пункти деб топилди. - Сифат аудити ҳар иккала томон учун ҳам ўта мураккаб жараён ҳисобланади. Банкларнинг асосий вазифаси бу ерда олиб борилаётган фаолиятни юқори даражада намоён эта олиш, мижозларимиз тўқнаш келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишдан иборат. Western Union тизими орқали пул жўнатмаларини қабул қилаётган ёки юбораётган ҳар бир кишига имкон қадар қулай шароит яратиш бизнинг бош мақсадларимиздан биридир, – дейди "Капитал Банк” Қўқон шаҳри бўлими бошқарувчиси Азиз Иброҳимов. «Клуб 500» Western Union компаниясининг дунё бўйлаб жойлашган энг яхши пунктларини бирлаштирувчи халқаро дастур ҳисобланади. Унда Шарқий Европа ва Марказий Осиёда жойлашган 100дан ортиқ хизмат кўрсатиш пункти иштирок этади.
|