Мана куни кеча "Ўғригина келин” фильмининг илк оммавий намойиши бўлиб ўтди. Рустам Саъдиевнинг узоқ ва интиқ куттирилган, ҳомийларга бой кинокартинаси катта экранда бошланишидан олдин янги саундтрек томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Райҳон ижросидаги ушбу тарона кўпчиликка манзур бўлди. Режиссёрнинг устози, ўзбек киносининг "тирик афсонаси” Шуҳрат Аббасов бошчилигида Дилноза Кубаева, Улуғбек Қодиров, Рустам Саъдиев, Дониёр Аъзамов, Шоира Ғиёсова каби бир қатор фильм ижодкорлари саҳнада намоён бўлишди ҳамда фильм яратилиш жараёни ҳақида гаприб, вақтини аямай келган киномухлисларга илиқ фикрлар билдиришди. Ниҳоят, сўз режиссёрга етди. (Дарвоқе, томошабинлар орасида Саида Раметова, Адиз Ражабов, Манзура, Райҳон, Саид Мухтор каби машҳурларга кўз тушади...)
Рустам Саъдиев: Ҳамма мухлисларимга миннатдорчилик билдираман. Бугун эътиборингизга тақдим этилажак фильм устида анча тер тўкдик. Ғоя туғилганидан токи уни авайлаб, камолотга етказиб, ҳукмингизга ҳавола этгунга қадар бир неча босқичлардан ўтдик. Премьера бошлангунига қадар фикру хаёлим фақат кинокартинада бўлди. Валидол ҳам ичиб олдим. Ахир, айни дақиқаларга қадар картинанинг сўнгги монтаж ишлари давом этди-да! Дарвоқе, азизлар, фильмнинг тақдири айнан сизларнинг ҳукмингизга боғлиқ. Ахир, қай даражада фикр беришингизга қараб, кейинги кунларда ташриф буюрувчилар сони ё ортади, ё йўқ! Яхши кайфият ҳамроҳингиз бўлсин!
...Чироқлар ўчирилди. Диққат экранга қадалди. Фильм воқеалари жайдари, ёввойи характерга эга Сайёранинг (Дилноза Кубаева) кундалик ҳаётидан бошланади. Асосий қаҳрамонлар бошқа фильмлардаги каби узоқ куттирилиб эмас, илк дақиқалардан бошлаб кўриниш беради. Жасур (Улуғбек Қодиров) - милиция ходими. Автобусдаги англашилмовчилик (кичик ўғирлик) туфайли Сайёра Жасурнинг қўлига тушади. Икки қаҳрамон муносабатлари айнан мана шу жараёндан бошланиб, авж олади... "Ўғри қиз” дея кўпчиликда шубҳа ва гумон уйғотган қизга Жасур кўнгил қўяди...Фильм воқеалари сизни кулдиради, йиғлатади, таажжубга солади...Хуллас, ҳар дақиқада нималардир содир бўлади: келин либосида қочган Сайёра, соат ҳар жума 23.00да бир неча соатларнинг жиринглаши...Барчаси такрорланмас кадрлар! Фильм ҳақида батафсил гапириб беришимиз мумкин. Бироқ, барибир ўз кўзингиз билан кўрганингиз бошқача! Муҳими, вақт топиб, томоша қилиб, ҳордиқ чиқаришингизга арзийдиган фильм! Фильм сўнгида фикрлар билан қизиқдик.
Райҳон, хонанда: Фильм ниҳоятда таъсирчан. "Ўғригина келин”ни бошидан охиригача томоша қилдим. Дилноза Кубаеванинг маҳоратига тан бердим. Кучли истеъдодларни одатда жаҳон киносидан излаймиз. Шунга иқрор бўлдимки, Дилнозадек истеъдодларимиз жаҳон киносининг "манаман” деган ҳурлиқолари билан беллаша олади. Фильмдаги ташлаб кетган отанинг ўз оиласига қайтиш саҳнаси, Сайёранинг мана шу вазиятдаги ҳолати мени ҳам йиғлатди. Ҳар доим ҳам омадли кинокартиналар яратилавермайди. "Ўғригина келин” ҳақидаги хулосам эмас, шунчаки таҳсинга арзигулик! Шундай ажойиб фильм учун саундтрек куйлаганимдан хурсандман.
Сайёра Рўзиқулова, радиоканал муҳаррири: "Ўғригина келин”да воқеалар динамикаси менга кўпроқ ёқди. Зерикарли лавҳалар йўқ. Сўнгги яратилган фильмлардан энг севимлиси "Телба” ва "Суперкелинчак” эди. Улар қаторига яна бир киноасар қўшилди. "Ўғригина келин”- Рустам Саъдиевнинг яна бир муваффақиятли фильми.