Жамоамиз бош мураббийи эса Виктор Жалилов эса ҳар икки жамоа дурангдан кейин ҳамон бир хил имкониятга эга эканлигини эътироф этди.
Виктор ЖАЛИЛОВ : - Учрашув жуда кескин ва қизиқарли ўтди. Биз ўзимиз хоҳлаган ўйинни намойиш қила олмадик. Гуруҳ баҳсларида ҳам тенг кучли жамоалар билан майдонга тушгандик. Бу сафар ҳам ўша ҳолат давом этди. Ҳар икки клуб ғалаба қозонишни истади, лекин бу ҳеч кимга насиб этмади. «Иттиҳод» ва «Ҳилол»нинг кучини бир хил баҳолаган бўлардим. Беллашувда қайд этилган натижани баҳсга мос бўлди деб ҳисоблайман. - Рақиб бош мураббийи майдон сифати жуда яхши эмаслигини таъкидлади. Бунга қандай фикр билдирасиз? - Биз Эронда умуман сифатсиз майдонда ўйнагандик. Менимча, майдоннинг ҳолати яхши даражада. Албатта, Саудия Арабистонидаги майдонларнинг сифати бу ердагидан яхшироқ. Буни тан оламан. - Қизил карточка олганингизни-чи? - Ўша вазиятда бир оз қизишиб кетдим. Ўйин мобайнида инсонни кучли ҳаяжонга соладиган ҳолатлар содир бўлиб туради. Ўзимни боса олмадим ва ҳакамга эътирозларимни билдирдим. - Нима сабабли фақат бир ҳужумчини майдонга туширдингиз? - Тактикани ўз имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда танладик. Жиддаликлар билан Чемпионлар лигасида ўйнаган «Ал Садд» ва «Умм Салал» очиқ футбол намойиш қилиб, йирик ҳисобларда мағлубиятга учраганди. Шунинг учун майдонга фақат Гейнрихни туширдим. «Ал Иттиҳод» юқори савиядаги бир неча ҳужумчиларга эга ва уларга майдонда бўш ҳудудларни қолдириш ўзига чоҳ қазиш билан баробар эди. - Анча тезкор бўлган Рўзим Аҳмедовга вақтлироқ имкон берсангиз бўлмасмиди? - Бугун биз учун 2:1дан кўра 1:0 ҳисоби қулайроқ эди. Шу сабабли ҳужумдан кўра ҳимояни кучайтириш бизга яхшироқ имконият берарди. Лекин хато туфайли гол ўтказиб юбордик ва режамиз амалга ошмади. Балки, хато қилгандирман. Лекин кичик ҳисобдаги ғалаба сақлаб қолинганида, бунга ҳеч қандай эътирозлар бўлмасди. - Жамоанинг ярим финалга чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз? - Ҳар икки жамоа бир хил вазиятда турибди. Ҳаттоки, кимдир ғалаба қозонган тақдирда ҳам барчасини Жиддадаги жавоб ўйини ҳал қилиши аниқ эди.
|