«Ёввойи бола топилган Ўзбекистон» «ЖУРНАЛИСТ» СЎЗИНИНГ ИЗОҲИ «ХОРИЖ ХАБАРЛАРИНИ КЎР-КЎРОНА ТАРЖИМА ҚИЛИБ БОСУВЧИ ШАХС» ДЕБ ЎЗГАРИБ КЕТМАСЛИГИ КЕРАК! Газеталаримиз тезкор, телевидениямиз замонавий, радиоэшиттиришларимизга-ку умуман гап бўлиши мумкин эмас - бизни дунё хабарлари билан шу қадар кўмиб ташлашмоқдаки, дунёнинг нариги чеккасидаги қайсидир мамлакатда ер бироз силкиниб қўйса ҳам, янгилик ўзбек телевидениясида албатта ёритилади. Номи ҳам бизга нотаниш қайсидир давлатда автобус ағдарилиб кетадими, ёки қайсидир биз танимайдиган губернатор қайсидир биз билмайдиган мавзуга қарши чиқадими, албатта радоиэшиттиришларимиз бунга тўхталиб ўтишади, газеталаримиз эса қайсидир касалликнинг қандайдир иқлимда қанақадир асоратлар қолдираётгани мутаҳассис нуқтаи назаридан таҳлил қилиб беришади. Матбуотимиз хорижни шу қадар зўр ҳафсала билан ёритадики, гўё биз ўша «хорижда» яшаяпмиз ва гўё ўша «ағдарилган автобус»-да бизнинг танишларимизни кетаётган бўлишган. Ростдан ҳам, ишонмасангиз атайин варақлаб кўринг исталган ўзбекча газетани, ёки телевидение ва радиомиздаги янгиликларни эшитинг, хабарлар сонини сананг -Ўзбекистон ва хориж хабарлари нисбати қанақа бўларкин?! «Тахминан иккига бир, хориж фойдасига», дейсиз-ми, унда қувонинг, сизга анча маҳаллийлашган матбуот учрабди. Мустақил мониторинг хизматлари кузатувига кўра ўзбек нашрларида бу одатда тўрт ёки бешга бир нисбатни ташкил қилади. Хориж фойдасига. Хўш, нега унақа? Наҳот ўз вақтида Маркес «Ёлғизликнинг юз йили»да ажабланган «матбуотнинг хорижни кўп ёритиши» муаммоси Ўзбекистонни ҳам қамраб олган бўлса?! «Бизда хориж ҳақида шу қадар кўп ёзишадики, хориж бизга кўчиб келса ҳам ўзини ўз уйидагидек ҳис қилиб яшайверади», деганда машҳур колумбиялик ёзувчи Ўзбекистонни ҳам назарда тутганмикан ёки? Унда балки Маркес айтган тахминнинг давоми ҳам тўғридир - «биз хориж ҳақида кўп ўқиётганимиздек, хорижда ҳам биз ҳақимизда кўп ўқишар»?! «Ўзбек расмийларининг айтишича, тоғли районлардан ёввойи бола топилган». Бу Американинг «Фокс ньюс» хизмати тарқатган янгилик. «Саккиз йил илгари бедарак йўқолди деб эълон қилинган бола Самарқанд яқинидаги тоғлардан бири-да ёввойи шароитда яшаётганлиги аниқланди. Йўқолган пайтида у 6 ёшда бўлган ва ҳозир 14 ёшга кирганига қарамай, гапиришни билмайди ва ириллаган товуш чиқаради. Бола ўзини худди ёввойи одамдек тутаяпти, ҳамма нарсадан ҳадиксираяпти. Самарқанд вилояти Нуробод тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқовнинг айтишича, боланинг ота-онаси ҳам топилган. Улар фарзандларини бир неча боланинг ичидан таниб олганлар». Янгиликнинг давомида ёзилишича, тез кунларда бола ота-онасига топширилади. Ҳозир у билан мутахассислар реабилитация курсларини ўтказишмоқ-да. "Одамлар зич жойлашган тоғли районларда боланинг шунча вақт ҳеч кимга кўринмай яшаши ғайриоддий ҳолат”, - деб воқеага муносабат билдиради Ф. Абдухолиқов «Фокс ньюс» хизмати янгилигида. Бизнинг газеталари-миз ёзаётган Кубадаги сув тошқини ва Бангладешдаги зилзиладан ошиб туш-дими бу хабар? Прокурор Абдухолиқов айтганидек, чиндан ҳам ғайриоддий ҳолат. Йўқ, боланинг шунча вақт ҳеч кимга кўринмай яшагани эмас, балки бу маълумотнинг ўзбекча газеталарда эмас, кимсан «Фокс Ньюс»да ёзилгани ғайриоддий. Чунки америкалик ўқувчи ҳозир сиз таъсирланганчалик таъсирланмайди бу хабардан. Худди бизни Бангладешдаги доимий зилзила ва Кубадаги одатий сув тошқини ортиқ ажаблантирмагани каби. Янгилик қанчалик маҳаллийлашса, шунчалик таъсирли кўринади. Одамлар учун бегона шаҳарни сув босгани ҳақидаги хабардан кўра ўз шаҳридаги кичик ариқчанинг тошгани ҳақидаги хабар қизиқарлироқ. Ёмон хабарларни қўйиб турайлик, яхши янгилик масаласида ҳам ҳудди шунақа - қўшни маҳалладаги онахоннинг аср тўйини нишонлагани ҳақида ўқигимиз келиб ўзбекча газета олсак, у ерда америкаликларнинг ўртача умри яна беш йилга узайгани ҳақидаги ахборот ёзилган бўлади кўп эҳтимол. Маркеснинг тахминига асосланиб, Ўзбекистон ҳақидаги ахборотлар илинжида интернет саҳифаларини обдон титкиладим. Аммо ўша тоғдан топилган болакай ҳақидаги «ғайриоддий янгилик»дан кўра бошқа пичоққа илинадиган хабар йўқ Ўзбекистон ҳақида. Мустақиллик байрамида бир эслашади бизни чет эл журналистлари ёки юртимизда бирон бир нотинчлик бўлса ёзишади биз ҳақимизда «қўшиб-чатиб». Доимий равишда ўзбек матбуотидан таржима қилиб берайлик дейишса, бизнинг бугунги нашрларимизда уларнинг кечаги хабарлари таржима қилиб босилган! Бугун интернет кўпчиликнинг ишини осонлаштиргани рост. Айниқса журналистларнинг. Аммо интернет туфайли «журналист» сўзининг изоҳи «хориж хабарларини кўр-кўрона таржима қилиб борувчи шахс» деб ўзгариб кетмаслиги керак. Хоҳ телевидениеда бўлсин, хоҳ радиода, хоҳ бирон бир газетада. «Киши ўзини қай даражада ҳурмат қилса, атрофдагиларнинг шу даражада ҳурматига сазовор бўлади», дейилади ёшларга берилаётган маслаҳатларда. Биз ҳам ёш давлат, ёш журналистлар, шу маслаҳатга қулоқ тутсак бир ўқ билан икки қуённи уришимиз мумкин. То ўзимиз ҳақимизда ўзимиз атрофлича ва ҳаққоний ёзишга тушмас эканмиз, на ўқувчиларимиз бизнинг матбуотимиздан қониқиш ҳосил қилишади, на хориждаги ҳамкасбларимиз бизни «кўчириб босишни» одат қилишади. Чет элга чиққан ҳамюртларимиз эса уларнинг «Ёввойи бола топилган Ўзбекистонданмисан» деган гапларига хафа бўлиб қайтиб келаверишади «Биз улар ҳақида ҳамма нарсани биламиз, улар эса юртимиз номини ҳам тўғри айта олишмайди, саводсизлар!» деб. (Аваз)
|