"Жаҳон” ахборот агентлиги баёнотида келтирилишича, Украинада рўй бераётган воқеалар вазиятнинг жиддий мураккаблашувига ҳамда ўзаро қарама-қаршиликка олиб келгани баробарида улар тангликнинг янада кучайишини, олдиндан айтиш мушкул бўлган оқибатларни келтириб чиқариши, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф солиши мумкинки, бундай ҳолат Ўзбекистонда чуқур хавотир ва ташвиш уйғотмаслиги мумкин эмас.
Ўзбекистон Украинада юзага келган вазиятнинг бартараф этилишини энг аввало, куч ишлатишлар қўлланилишидан воз кечилган ҳолда, вужудга келган муаммолар тинч йўл билан, сиёсий воситалар ва саъй-ҳаракатлардан фойдаланилган тарзда, халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёрларига ҳамда БМТ Низомига асосланган ҳолда музокаралар йўли билан ҳал этилишида кўради.
Ўзбекистон Украинадаги низоли жараёнда иштирок этаётган томонлар ўртасида тез фурсат ичида ўзаро келишувга эришилиши учун юксак даражадаги вазминлик ва мулоҳазакорлик намоён қилинишига умид билдиради.