Футбол ўйнар жуфт жамоа шу онда, Куздан қўрқиб сарғайган бир майдонда, Мудраб ётар мухбир-дўстим чап ёнда – Негадир у шу ишлардан бехабар. Ҳар ким қараб уйғотишга ҳайиқар, Ривалдони туш кўряпти бу сафар, Ўнгда эса футболимиз кўп камтар, Негадир у шу ишлардан бехабар. Юмуқ кўз-ла режаларни тузади, Японлар-у Баҳрайнни бузади, Бу тушлигин замон келиб сезади – Ҳозирча у шу ишлардан бехабар. Ўнгимизда нима мавжуд, нима бор? Абгор Хоразм-у, пулсиз Бунёдкор, Одилга ҳеч топилмас тузук харидор, Негадир у шу ишлардан бехабар. Абрамовнинг кетишин қилиб овоза, Бедор бўлганида ёзганди роса, Вадим қолди - мана сизга иш «тоза», Ҳозирча у шу ишлардан бехабар. Уни кўриб бошқалар ҳам эснашар, Бу футболга мудроқ мухлис ярашар, ЎФФда «уже давно» ухлашар, Негадир у шу ишлардан бехабар. Уйғот уни, уйғотсангчи Франкфурт, Уйқу билан ривож топмас ҳеч бир юрт, Гапларингни эшитмаса қаттиқ турт, Токи бўлсин у ишлардан бохабар!
|