"Ромео ва Жульетта” ёхуд лаънатланган севги” фильми ва Шахриёр билан куйлаган "Исми юрагимда” дуэти орқали таниш актриса Зарина Низомиддинова турмушга чиққач кино оламини тарк этди.
"Қоракўз” фильмидан қайтишни бошлаган Зарина нима учун айнан бу фильмдан бошлагани, оиласидаги нохуш вазият ва бошқа мавзуларда интервью берди.
Феруза:- «Қоракўз» фильми билан ижодга қайтибсиз. Фильм сценарийсини қайси тарафлари сизга ёқди? Нима сабабдан шу ролни ижро этишга рози бўлдингиз?
Зарина Низомиддинова: - Ўзи "Ромео ва Жулетта”дан кейин менга кўплаб сценарийлар келган, хорижда бўлган вақтимда ҳам. Кейин Жаҳонгир акамдан бу сценарий келганда, мен ўқиб чиққанимдаёқ юрагим жиз этди. Тушундим-ки, бу мени ролим, мана шу ролни ижро этсам, тўғри иш қилган бўламан. Томошабин ҳам мени шунча танаффусдан кейин тўғри қабул қилади, деб ўйлайман.
Сценарий, шу қаҳрамон қизни ўзи Қоракўз ёқди менга. Ўзбекона, оғир-сипо, ота-онасини гапини иккита қилмайдиган, меҳрибон ва ўзининг севгисини жуда бир бошқача ҳолатда учратиши жуда ҳам ёқди. Фильмда бўлиб ўтадиган воқеаларни ҳозир айтиб ўтсам, сир бўлмай қолиши мумкин. Яна Алишер Узоқов қаҳрамони ҳам ёқди. Лекин, ўйлайман-ки мен тўғри қадам қўйдим.
Феруза:- Бу фильмдаги ролингиз, олдинги ролларимдан айнан нимаси билан фарқ қилади деб ўйлайсиз?
Зарина Низомиддинова:- (ўйланиб) Олдинги ролларимдан нимаси билан фарқ қилади? (жилмайиб) Бу ерда ҳам қиз оғир, кўп йиғлайди. Худди ўша "Ромео ва Жулетта”дек кўп сиқилади. Лекин, бу ерда озгина қизни характери бошқачароқ. "Ромео ва Жулетта” фильмида фақат шу севгиси билан яшаган бўлиб, ҳеч нима қилолмаган бўлса, бу ерда севгиси учун курашади. Ҳаракат қилади, йигитдан нима сабабдан шу ишни қилаётганини сўрай олади. Йигит фильмда оилавий шароитни деб, ўз севгисини қурбон қилишга мажбур бўлади. Шунда қиз шундай қўйиб қўймайди, бориб йигитдан сўрайди. Нима сабабдан? Нимага мана шундай?- деб. Бу ерда қизни характери бошқачароқ, гапни тагига етадиган ва етишга ҳаракат қиладиган қиз образи.
Феруза:- Яна роллар ижро қилишни давом эттирасизми?
Зарина Низомиддинова: – Оиламдагилар тўғри қарашади. Бошидан тўғри қарашган, чунки дадам ўзлари санъат йўлидалар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шаҳбоз Низомиддинов. Съёмкаларга ҳам келиб туришди.
Феруза:- Фильмда сиз учун энг қизиқарли саҳна ва сиз ижро қилишга қийналган саҳна?
Зарина Низомиддинова:- Биласизми, танафусдан кейин ростини айтсам, мен жуда қўрқдим. Қўрқишдан ҳам олдин, озгина ҳаяжон бўлди. Шу ролни уддалай оламанми? Қандай қилиб ўйнайман? Шунча танаффусдан кейин, энг профессионал актёр ҳам, танаффусдан кейин ҳаяжонланади, менимча. Чунки тил ҳам, фортепиано ҳам, рақс ҳам ва шу қатори кино ҳам танаффусни ёқтирмайди, шунга озгина ҳаяжон бўлди. Лекин, мақтаниш эмас-ку, кадрларда қийналмадим. Кўпида 2 та олинди, ўзи асосан 1 та дублда олинди. Жаҳонгир ака ёш бўлишларига қарамасдан, жуда ҳам кучли режиссёр эканлар. Менга шундай қаҳрамон қизни ҳолатини етказиб бердилар. Мен шундоқ битта гапда уларни тушуниб олдим. Битта сўзда тушуниб олдим. Яна Алишер ҳам кучли актёр бўлганларига биз қийналмадик. Ҳамма профессионал актёрлар йиғилди. Менимча ўшанга ҳам биз қийналмадик. Умуман қийин бўлмади. Энди кулгили тарафлари бўлди, қизиқарли тарафлари ҳам бўлди. Йигит ва қиз учрашиб қолиш саҳнаси, жуда ҳам қизиқ бўлди. Сценарийни ўқиганимда ҳам, менга ўша саҳнаси ёққанди.
Феруза:- Сиз биринчи ролларингизданоқ, бир "портлаш” билан кинога кириб келдингиз. Сўнг, турмушга чиқиб, танаффус қилдингиз. Мана шу муддат ичида, ўзбек киносини кузатдингизми? Ўзбек киносида қандай ўзгаришлар юз берди сизнинг назарингизда? Чунки, маълум бир муддат бошқа давлатда ҳам яшадингиз.
Зарина Низомидинова:- (ўйланиб) Кузатиб бордим. Интернет сайтлари орқали. Кўплаб фильмлар суратга олинди. Баъзи ўзбек фильмларини ҳам тамоша қилдим. Ўзбекистонни соғинганим учун ҳам, минус тарафлари кўринмади. Ўз юртини одам барибир соғинади.
Феруза:- Ҳозир актрисалар орасида рақобат жуда ҳам кучли. Нима деб ўйлайсиз, ҳозир ижро этган ролингиз рақобатбардош рол бўлдими?
Зарина Низомидинова:- Менимча ҳа. Мени биринчи ролим фестивал фильмида эди, яъни "Йўл бўлсин” фильми. Бу кўп актрисаларга ҳам насиб этавермайди. Лекин, менга насиб этди ва мен ўзимни жуда ҳам омадли инсон деб ҳисоблайман. Кейин эса "Ромео ва Жульетта”да Жульеттани ижро этдим. Бу ролимни ҳалигача ҳамма гапиради ва жуда ҳам муваффақиятли чиққан. (кулиб) Ҳалигача исмим Жульетта. (ўйланиб) Ўйлайман-ки, менимча "Қоракўз” фильми ҳам қайсидир тарафлари билан рақобатга бардош бера олади. Ролим ҳам, рақобатга чидай олади. Умуман бошқача роль, ақлли, оғир-босиқ, севгини ҳис эта оладиган, меҳрибон, севгига ишонадиган роль бўлгани учун ҳам рози бўлдим. Ролимни уддалай олдим деб ўйлайман. Ҳали фильм экранга чиқмаган, фильм экранга чиққач, ўзимни четдан кўраман.