Статистика |
XOZIR SAYTDA 1 MEXMON 1 FOYDALANUVCHI 0 |
|
| | |
| Главная » 2010 » Апрель » 6 » ТОТЛИСАС ТИЗ ЧЎКДИ!
10:42 ТОТЛИСАС ТИЗ ЧЎКДИ! |
Ушбу концертнинг матбуот хизмати бизнинг зиммамизда бўлгани боис, фаросатли ва тажрибали журналистлардан иборат рўйхатни сарой хавфсизлик хизматига тақдим этиш керак эди. Тақдим этилди ҳам...Соат 19.00. Рўйхатдагиларнинг қўнғироғидан телефонимиз ўчиб ҳам қолди. Ҳамма концертга киришга шошади. Рўйхат тасдиғи, хориж юлдузининг сарой ичкарига кирганидан сўнг амалга оширилиши ҳақида маълум қилишди.
19.45. Саройнинг орқа эшиги олди тансоқчилар, ташкилотчилар, ўзбек санъаткорлари, гул кўтариб олган мухлисларга тўла...Ниҳоят, Жаноб Тотлисас ёрқин табассуми билан намоён бўлди. Ҳамма саройнинг ичига ошиқди. Зал мухлисларга лиқ тўла! Томошабинлар орасида ўнлаб машҳурларга кўз ташланади. Биринчи қаторда Асилбек ва Феруза Жуманиёзова, шу олд қаторнинг энг олд ва энг қиммат жойида Озодбек Назарбеков ака-укалар Мансурхон ва Мусахон Нурматовларнинг ўртасида, иккинчи қаторнинг бошида Шерали Жўраев ўғиллари билан, шу қаторнинг бошқа томонида Улуғбек Отажонов, яна орқа қаторларда Оғабек Собиров, Ботир Қодиров, Илҳом Фармонов, Гулсанам Мамазоитова акаси Отабек Муҳаммадзоҳид билан...Ўзбек санъаткорларининг аксарияти Иброҳим Тотлисаснинг мухлиси экан! Шунча хонандани томошабин сифатида Тотлисас битта залга мухлис ва томошабин сифатида йиққанига қойил қолмасдан илож йўқ. Саҳнага 20 дан ортиқ мусиқачилар турнақатордек тизилгач, олтинранг бўйинбоғда ҳамма интиқ кутган, "мусиқадан император” тахаллусига эга бўлмиш юлдуз пайдо бўлди! Тинимсиз олқиш ва ҳайрат! Энди мақоланинг давомини тафсилот сифатида баён этсак, сизга янада қизиқроқ бўлишига ишонамиз.
1.Концертнинг жонли тарзда қойилмақом тарзда ўтишига ё микрофоннинг яхши ишлагани сабаб, ё Тотлисас ҳақиқатан ҳам жонли овозда куйлашни маромига етказади.
2.Ўз ишининг устасига дастур бўйича куйлашга на ҳожат. Томошабинлар энг кўп талаб қилган тароналарни хонанда куйлаб берди. Мусиқий сайқал берилган хитларни радио ёки СД орқали эшитгандан кўра, жонли эшитиш барибир бошқача , ёқимли ва завқлироқ экан.
3.У илк бора юртимизга 1995 йилда ташриф буюриб, "Туркистон” саройида концерт берганини, орадан 15 йил ўтиб, "Истиқлол”да концерт тақдим этаётгани ҳақида гапириб, бунга хонанданинг вақти тиғизлиги эмас, мухлисларнинг интиқлиги ҳамда таклифни кутганлигини таъкидлади.
4.Тотлисас: "Ибтидонинг интиҳоси ҳам бор. Яна беш йилдан сўнг қўшиқ айтишга нуқта қўймоқчиман. Ахир, 40 йилдан бери куйлайман. Мана шу беш йил ичида камида икки марта яна гастрол сафари билан таклиф этишларингиз керак!”
5.Тотлисаснинг диққатини жалб этиш истагида кўп бора нозу каришма қилган санъаткор Феруза бўлса(у хонандага залдагилар орасида энг катта гулдастани тақдим этди), томошабин одоб меъёрига Улуғбек Отажонов яхши риоя қилди.
6. Деярли барча ташриф буюрган хонандалар ўриндиқларида ўтирган тарзда рақсга тушишди. Адҳам Солиев жуда шинаванда эканми, ҳар қўшиқда ўрнидан сакраб туриб олқишлади!
7.Тотлисас таржимон билан роса ҳазиллашди. Турк тилини омма анча тушуниб қолган шекилли, хонанда гапирган ҳар бир гапини уқиб, олқишлаб туришди. Таржимоннинг таржималари маҳалида эса сукунат эди. Бу ҳолни Тотлисас анча кулгу остига олди.
8.Шерали Жўраев ўғиллари билан мухлис сифатида Тотлисасга гул улашди. Биринчи учрашган дамлар 15 йил олдин экани, Шернинг ўғиллари ҳам улғайиб қолганини Тотли эслади.
9.Таржимон Иброҳим ташаккурномасини ўқиб берди. Унда ушбу концертни ташкиллаштирган барча матасаддиларга раҳмат айтилди. Уларнинг орасида (концерт декорациясидан фойдаланилгани учун) Озодбек Назарбеков ҳам борлиги, айни дамда у томошабин сифатида биринчи қаторда ўтирганлиги ҳақида таъкидланди. Шу маҳал Тотлисас саҳнага талпинган Озодбекни қўлидан тортиб, саҳнага олиб чиқди. Турк санъатининг "қирол”и ҳамда айни пайтда ўзбек санъатининг биринчи рақамли юлдузининг бир саҳнада туришини тасаввур қилаверинг! Қий-чув авжида! Тотлиса Озодбекдан бирон қўшиқ куйлаб беришини сўради. "Мени севиб қолсайдинг” жонли овозда янгради. Қўшиқни тинглагач, Тотлисас фикр билдирди: "Овозинг майин бўлса-да, анча мухлис орттирганингга шубҳам йўқ. Эртадан бошланадиган концертингга омад ёр бўлсин!”
10.Тотлисас яна бир карра таржимон билан ҳазиллашиб, у туркчадан нотўғри ўгираётгани ҳақида айтиб, томошабинлар орасидан турк тилини биладиган бошқани излади. Шу пайт Отабек Муҳаммадзоҳид саҳнага отилди! У таржимоннинг гапларини сал бошқача тарзда сўзлаб, Тотлисаснинг эътиборини қозонгандек бўлди. Жонли куйлашга ҳаракат қилди. Бу ҳол озми кўпми томошабинларга ҳайрат улашган бўлса, концерт ташкилотчиларининг ғашини келтирди. Кутилмаган омад, кутилмаган жаҳлга сабаб бўлди. Шунақаси ҳам бўлиб туради. Муҳими, Отабек улкан орзусига етди. Бир саҳнада Тотлисас билан унинг қўшиғини дуэт тарзида куйлади.
11.Концерт давомида деярли жилмаймаган, шунчаки томошабин бўлган санъаткор Мирзабек Холмедов бўлди.
12.Мирзабек Холмедовнинг ўғлига яна омад кулди. Тотлисасни аэрапортда зарбоф тўн билан қарши олган бўлса, концертида саҳнага чиқиб, кимнинг ўғли эканлигини тотлисасга кўрсатди ҳам. Меҳмон куйлади, мезбон туркча рақсга тушишга ҳаракат қилди.
Тотлисас сайтимиз ҳақида, саволимиздан йиғлагани ҳақида ҳам эслаб ўтди.Яна бир дардли тарона куйлаб, кўз ёш ҳам тўкди. Шундай гўзал маконда унинг санъатини чин дилдан қадрловчи минглаб мухлислари борлигидан фахрланиб, саҳнада уларнинг шарафига тиз чўкди. Ҳақиқатан осмони тинч, эли меҳмондўст юртга мана шундай концертлар, хуш кайфият улашувчи байрамлар ярашади. Яна бир жаҳон юлдузининг яхши мақсаддаги ташрифи ниҳояланди. У қалбларимизга қандай кўтаринлик улашган бўлса, ўзининг юрагига ҳам шундай улуғ элнинг бир чимдим меҳрини қадаб кетди.
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА
Ҳаётда кўп нарсаларнинг ўхшашлиги бор. Осмонга тунда назар ташласангиз, кўзингиз бехосдан катта ёниб турган юлдузга тушади. Ёнидагилар эса майда, милтиллаб туради. Концертда ҳам шундай манзара бор эди. Кўнглимдан бир яхши тилак ўтди. Томошабин бўлиб ўтирган машҳур юлдузлар орасидан ҳеч бўлмаса бири шу қадар ёниб порласинки, саҳнада турган катта юлдуз унинг ёғдусида қолиб кетсин! Томошабин бўлиб ўтираверасизми, ижод отини бардавом қамчилашга шошилинг, азиз санъаткорлар!
|
Категория: JAHON YULDUZLARI |
Просмотров: 1203 |
Добавил: Romeo_-_BeK
| Рейтинг: 5.0/1 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
| |
|
|