"Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасининг ташаббуси билан, жаҳон футболининг энг ёрқин юлдузларидан бири, Португалия миллий терма жамоасининг биринчи рақамли футболчиси Криштиану Роналду Тошкентга қадам ранжида қилади. "Қироллик клуби" 19 декабрь куни Испания чемпионатининг 15-турида "Сарагоса”ни қабул қилади. Мазкур турдан сўнг Примера 3 январгача танаффусга чиқади. Ёш юлдуз айнан ушбу оралиқ маррадан фойдаланиб қолади.
Замонамизнинг энг машҳур футболчиларидан саналган ярим ҳимоячи пойтахтимизга 22 декабрь куни эрталаб соат 9:00да етиб келади. Уни Тошкент халқаро аэропортида ўзбекистонлик кўп сонли ишқибозлар тантанавор тарзда кутиб олишлари мўлжалланмоқда.
Соат 10:30да дунёдаги энг қиммат футболчи Ўзбекистон футбол федерацияси биносида меҳмон бўлади ва федерация раҳбарияти билан учрашади.
12:00да "Жар” стадионидаги анжуманлар залида 24 ёшли футболчи журналистлар учун матбуот анжуманида қатнашади.
Соат 13:00да келаётган сешанбанинг мухлислар учун энг қизиқарли тадбирига навбат берилади. Ишқибозлар Криштиану Роналдуни ниҳоят яшил майдонда бевосита кўришга муяссар бўладилар. "Жар” стадиони майдонига чиқиб, Европа ва жаҳоннинг 2008 йилдаги энг яхши ўйинчиси ўсмир футболчилар учун мастер-класс ўтказади, стадионга тўпланадиган фанатлар учун эса ўзининг ноёб маҳоратини намойиш этади.