Тоҳир Содиқов билан суҳбатлашиши учун «Келажак РЕКОРДС»га
ташриф буюрдик. Янги таъмирдан чиққан студия аввалгидан ҳам файзли ва
шинам кўринишда эди. Айнан биз кириб борган маҳал Тоҳир Содиқов ва
«Болалар» гуруҳи гитарачиси Анвар Салоҳитдинов биргаликда аччиқ-чучук
тайёрлаб туришган экан. Тушлик вақти ўтиб кетгани учун бир оз
ҳайратланиб, ҳижолат ҳам бўлдик. Бироқ, биз айни суҳбатлашиш учун қулай
вақтда келганимизни Тоҳир Содиқов алоҳида таъкидлаб ўтди.
- Малика исмли ёш хонанда билан
дует куйладингиз. Ушбу дуетни куйлашга нима сабаб бўлди?
-
Санъат ва ижодий изланишлар Малика билан дует куйлашимизга сабаб бўлди.
-
Саяташ билан бир нечта дуетлар куйлагансиз. Малика билан ҳам худди
шундай лойиҳа давом этадими?
- Бу хам биргаликдаги
изланишлар. Агар Саяга бу лойиҳамиздан қандайдир фойда бўлган бўлса, мен
хурсандман. Чунки, у санъатда ўз ўрнига эга деб биламан. Унда овоз бор.
Нимадир унга ҳалақит қиляпти шоу-бизнесда ўз ўрнини топишга... Албатта,
Малика билан ҳам ана шундай лойиҳани давом эттириш ниятимиз бор.
-
Яқинда «Я люблю тебя My Love» деб номланган Янги русча қўшиқни
мухлисларингизга тақдим этдингиз. Бирданига рус тилида хониш қилишингиз
мухлислар учун қизиқ…
- Украинада «Восточный Базар» ҳалқаро
фестивали ҳар йили ўтказиб келинмоқда. Олтмишдан ортиқ давлатлардан
санъаткорлар ҳар йили қатнашишади. Ҳайъат аъзолари ҳам мусиқага жудаям
яхши тушунадиган, ўз ишини профессионалларидир Улар мазкур фестивалда
санъаткорларни ижодини баҳолашади. Шулардан бу йил устозим Даврон Ғоипов
ҳам ҳайъат аъзоси сифатида қатнашдилар. Бундан ташқари Алла Пугачева ва
Филипп Киркоровлар билан билан бир неча йиллардан бери бирга ишлаган
Олег Боролев деган ҳайъат аъзолари қатнашишди. Украина халқи ҳам
русийзабон ҳисобланади. Шуларни ҳисобга олиб шу фестивал учун бир русча
қўшиқ ёздик.
- Сизни чет элга тез-тез чиқиб
туришингиздан хабаримиз бор…
- Сезган бўлсаларинг, интернет
тизими ривожлангандан буён, чет эл юлдузлари билан боғланиш бир мунча
осонлашган. Уларни веб сайтлари бор ва ҳакозо… Шу сабабдан, чет
эллардаги ўзбеклар кўпроқ яшайдиган районларида ўша ердаги
ташкилотчилари томонидан интернет орқали таклифлар оламиз. Ўзбекистондан
бир пайтлар кетиб, ўша ерда яшаб қолган миллатдошларимизга ўзимизни
концертларимизни тақдим этиб келамиз. Албатта лицензия олган ҳолда.
Булардан ташқари, ҳар-хил банкетлар, туғилган кунларга ҳам таклиф
этишади. Шоу-бизнес мана шулардан иборат бўлиб қолди.
-
«Болалар» гуруҳи тарихини акс этадиган ҳужжатли фильм тайёрланаётган
эди. Ушбу фильм тўғрисида ҳозир ҳеч қандай маълумотлар берилмаяпти.
Фильмни тайёрлаш бўйича ҳозир қандай ишлар амалга оширилмоқда?
-
Фильмни суратга оламиз, худо ҳоҳласа... Пул бўлганда... (кулади) Ҳозирча
тўхтаб турибди. Нега десангиз, сценарийни шундай ёзиш керак-ки,
томошабин учун қизиқарли бўлган фильм яратиш керак деб ўйлайман. Шунчаки
фильм олишни ҳоҳламайман. Ҳозир ўша пайтлардаги эски концерт
дастурларимизни видеотасмаларини йиғиш ишлари амалга оширилмоқда. Биз
умуман бир бошқача фильм яратяпмиз!
-
Кастинг хам уюштирилганди...
- Мен кастинг қилмайман. Мен
танлаб бўлдим. Биласизларми, ўзимни ёшлигимни қариндошларим ичидан
танладим.
- Масалан?
- Негадир ўзимга ўхшаяпти-да!
Эски фотосуратларим билан солиштирдим. Фақат яқин қариндошлари мос
келяпти. Лекин, исмини айтмаганим маъқул.
- 2009 йилда бўлиб
ўтган «90 – йил афсоналари» номли Болалар-Шоу концерт...
-
Уни чиқариш керакми? (барчанинг кулгуси студияни ларзага солади)
-
Биласизми, у барча мухлисларингиз учун керак...
- Демак, бу
тижорий фойда олиб келадиган лойиҳа бўладиган бўлса мана сайтингизда
ёритиб ўтамиз: кутамиз! Ўтган йили гуруҳни 20 йиллигини нишонлаш
мақсадида, биз яхши кўрадиган юлдуз билан биргаликда қолаверса,
йўналишимиз ҳам ўхшаш бўлгани учун Россиядан Юра Шатуновни таклиф
этганмиз. Шатунов билан берилган концерт ўзига яраша шоуга айланди.
Русийзабон мухлислар билан ўзбек мухлислари биргаликда жудаям қизиқарли
шоу-дастурни гувоҳи бўлишди. Шу дастур албатта видеотасмаларга
муҳрланди. Энди буни чиройли қилиб чиқармоқчиман. Уни ичида буклетлари
бўлади. Ҳар бир инсон сотиб олганда, буклетлар ичидаги расмларни томоша
қилиб завқ олиши керак. Концерт ташкил этилиши ҳақида маълумотлар
бўлади...
-
Наҳотки шу нарсаларга бир йил камлик қилса..?
- Йук кўп
ўйлаб қилиш керак. Керак бўлса 6 -7 марта дизайнини кўриб чиқиш керак.
Вақт эса тезлик билан ўтиб бормоқда. Концерт монтажидан ҳам кўнглим
тўлмади. Шунинг учун ҳам уни 1-2 марта бошидан монтаж қилишга тўғри
келди. Майли, бир оз кечикиб чиқсин лекин, сифатли чиқсин! Ана ўшанда бу
дастур мухлислар учун кўп йилларга эсда қоларлик бўлади деб ўйлайман.
-
Аниқ вақти борми диск чиқишини ёки номаълум?
- Энди бу
тижорий «тайм»! Биласизларми, бу мени лойиҳам. мен бундан қандайдир
рағбатланмоқчиман. Муаллифлик ҳуқуқи деган нарсалар бор... Бу ҳам
гуруҳни моддий тарафдан таъминлаш билан боғлиқ.
- Юртимиз
бўйлаб ҳар бир вилоятда гастролда бўлгансиз. Қишлоқларда ҳам концертлар
берганмисиз?
- Албатта! Қишлоқларда жудаям кўп қизиқ воқеалар
бўларди. Ҳар биттасида ўзига яраша, шундай чиройли, эсда қоларли бўлган
воқелар жуда ҳам кўп. Биз масалан, фақатгина вилоятларни марказ
шаҳарларида эмас, олис қишлоқларда ҳам концертлар қўйганмиз... Ҳар бир
«колхоз»ни раисини ман шахсан танийман! (студияда яна кулгу)
Авваллари концертларда битта афишани олардик-да, эрталаб чиқиб кетардик.
Қишлоқ клубига афиша ёпиштириларди. Кечки пайтга бориб клуб 500-600 та
мухлислар билан лиқ тўлган. Марказ шаҳарларда эса бир ҳафта олдин
афишалар тайёрланарди. Бир кунда 3-4 сеансда концертлар тақдим этиларди.
- Бугунги кунгача қайси саволга жавоб
топа олмадингиз?
- ...
- Охирги марта қачон метрога
тушдингиз?
- (ўйланиб)95 йил ёки 96 йил.
-
Ҳар 9-10 йилда эски қўшиқларни ремейк қилишингиз сабаби нимада?
-
Мен ҳар доим замон билан ҳамнафас бўлганман. Эски хитлани янгилаш
менимча жуда керак.
-Сиз бугунги кунга қадар турли хил
йўналишларда қўшиқлар ижро этгансиз. Масалан, поп-шоу, рок-н-ролл, яна
поп, булар ичида арабчага мойил шарқона, миллий, сўнгги пайтларда эса
дип-хаус, хаус-мюзик йўналишлари. Айтингчи, шулар ичидан қалбингизга энг
яқини. Яъни, қайси йўналишда қўшиқ куйласангиз ўзингизни эркин ҳис
қиласиз?
- Биласизми, агар йуналишлар ўртасига тарози
қўядиган бўлсам нотўғри бўлар... Мен бирор йўналишда куйладимми, демак,
ўша йуналиш мен учун қадрли.
- Сизни ўзига устоз деб билган
машхур хонандалар жуда куп. Ана шундайлардан сизга қайси бирларини ижоди
маъқул?
- Ҳаммасининг ҳам ижоди маъқул. Ижод қилишеверсин,
бекорчиликдан кўра.
- «Болалар» гуруҳи ижодидаги кўплаб
қўшиқларни бошқа ўзбек хонандалари хам қайта сайқаллаб, ижро этишган.
Лекин аксарияти унчалик оммалашмаган. Сизни қўшиқларингиз фақат сиз учун
яралгандек гўё...
- Билмадим... Мана мен Даврон акани
ашуласини куйлаганман-ку. Ўзларига ҳам ёққан. Демак, қўшиқларимизни
куйлаганлар ҳали «Болалар» гуруҳи даражасига чиқишмабти…
-
Санъат сиз учун бу?
- Ҳамма нарса! Санъат бу - бизнес манбаи.
Санъат бу - ижод, янги йуналишлар, янги мусиқалар, янги шеърлар! -
Санъат ва шоу-бизнес... Паллани бир тарафини шоу-бизнес босиб қоляпти..
15 йил аввалги шоу-бизнес билан бугунги кун шоу-бизнесини фарқи нимада?
-
Санъат ва шоу-бизнес бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Аввалги
шоу-бизнес билан бугунгисини ҳеч қандай фарқи йўқ. Фақат, ҳозир
шоу-бизнесда бир оз қийин. Бу замон талаби. Биз жуда ҳам огоҳ бўлишимиз
керак. Бугун концертлар ташкиллаштираётганда ўзига яраша ҳужжатлар талаб
қилинади. Бу менимча тўғри. 15 йил аввал кўпгина машҳур санъаткорларни
ўзларининг ҳар доимги концерт берадиган заллари бўлар эди. Албатта,
санъаткорлар ўша залларда ўз маҳоратларини эркин намоён қилишга имкон
бор эди. Бизни йўналиш ҳам шуни талаб қилади. Бизда ўтириб томоша
қиладиган эмас, сал бошқачароқ концерт дастурлари бўлиши керак.
Замонавий санъат саройларимиз йўқ. Битта «Истиқлол» бор. Хонандалар эса
сон мингта! Ҳамма ҳам «Истиқлол»да концерт қўйиши учун вақт етишмайди.
-
Бир қатор хонандалар билан дуетларингиз бор. Дуетдошлардан қайси
бирлари билан кўнгилдагидек ижод қилгансиз?
- Ҳаммаси талабга
жавоб бера олгани учун мен улар билан дует куйлаганман.
- Бир
пайтлар «Фаёд» гуруҳи билан ижро этган дуетингзни ўзингиз ҳоҳламай
куйлаган экансиз…
- Тўғри. Билардим улар йўқ бўлиб
кетишларини. Шунинг учун куйлагим келмаган улар билан.
-
Бугунги кунда «Болалар» гуруҳининг номи фақатгина Тоҳир Содиқов номи
билан боғлиқ бўлиб қолди. Таркиб бугунгача 2-3 марта ўзгарди. Ҳозир ҳам
гуруҳ таркиби мавжудми?
- Ҳозирги пайтда шундай мусиқачилар
борки, улар мени ҳамма дастурларимни билишади. Мен улар билан шартнома
асосида чет элда бўладиган концертлар ёки бошқа тадбирларга таклиф этиб,
биргаликда ишлашим мумкин. - Ижодингиз бошланганига 20
йилдан ошди. Шундан бери рейтингингиз юқори. Бунинг сабабини сўрамайман
чунки, жуда кўп бор сўрашган ва шунга яраша жавоб ҳам олинган. Мана шу
20 йил мобайнида ортга назар ташласангиз…
- Авваламбор,
мухлисларимга каттадан-катта раҳмат! Мен ҳеч қачон ишлашдан чарчамайман!
Мен уларга жудаям кўп қўшиқларни совға қиламан! Бироқ, биз орқага
қарамаймиз, фақат олдинга!
- Муаллифлик ҳуқуқингиз бор. Шу
ҳуқуқингиз бугунги кунда сизни қониқтиряптими?
- Бир иккита
жуда ҳам баҳсли саволлар бор лекин, буларни менимча, сайтда ёритиш шарт
эмас деб ўйлайман. Бор муаммоларни мутасадди ходимлар текширишлари
керак.
-
«Болалар» гуруҳи илк таркиби билан кўришиб турасизми?
- Ҳа
кўришиб тураман. Жавоҳир билан ҳам яқинда кўришдим.
- Жавоҳир
Зокиров билан алоқангиз қандай? Ўша пайтларда Жавоҳир Зокиров гуруҳдан
кетганида, ҳар-хил миш-мишлар тарқаган эди…
- Йўқ. У билан
уришмаганмиз. Жавоҳир ўша пайтда Москвага ВГИКга актёрлик маҳоратини
оширишга кетган эди. Қойил, ўқиб келган. Ҳозир Москвада съёмкада.
-
Сизни бир фильм учун бош ролга таклиф этишганда, 20 000 АҚШ доллар
сўрабсиз, шу ростми?
- Ҳа, рост. Илтимос, мени кинога
олишмасин ёки 20 000 АҚШ доллар беришсин. Мен актёр эмасман-ку. Нечта
ашулам ҳаёлимда бўлади. Уларни ёзишим керак. Бу ёқда эса мен роль ижро
этишим керак... Кинода ишлаш жуда ҳам қийин. Режиссёрни характери...
Мисол учун, режиссёр хотини билан уришиб келганми ёки жаҳли чиқиб турган
бўлса... Мен бу нарсаларни қаёқдан биламан? Тушунмайман-да, яна чироқчи
келади, қандайдир кайфиятда... Ўша ерда бўлаётган муносабатлар...
актёр роль ўйнай олмайди... Мени эса жаҳлим чиқади... Нега ўйнай олмайди
дейман... Энг профессионал актёрлар ҳам қайсидир эпизодни чиқариб бера
олмайди баъзида. Такрор дубллар кўп бўлади. Мен бундай нарсаларни
билмайман, мен учун қўшиқ куйлашдан кўра, жуда қийин роль ижро этиш.
Яхши актёрларимиз бор-ку. Мана, Улуғбек Қодиров яна бошқлар... Шулар
кинода роль ижро этишгани маъқул.
- Шоу-бизнесда «пиар» муҳим ўрин
эгаллайди. Ҳеч «пиар»дан фойдаланганмисиз?
- «Пиар»ни ҳам ҳар
хиллари бор. Ўзингиз билмаган ҳолда ҳам «пиар» бўлиши мумкин. Сизни
кўпчилик танигандан кейин, аэропортда учиб кетиш олдидан ёки бошқа
жойда... сизни одамлар кўради. Ўша жойда сиз оддий инсонлар каби
хужжатларингизни кўрсатиб, текширувдан ўтасиз. Мана шуни ўзи бир «пиар»!
Мисол учун, мен Украинаданми Дубайданми ёки Америкадан гастрол
сафаридан қайтдим. Буни мен ҳамкасбларимга айтсам, улар «мен ҳам концерт
берсам» деб ҳавас қилишади. Мана шуни ўзи «пиар»! Лекин, шов-шув
бўлсин деб, ёлғон «пиар»лардан фойдаланмайман!
- Шоу-бизнес
оламидаги қайси журналистга тан бергансиз?
- Бизда борми тан
бера оладиган журналист?! Журналистларни ҳам ҳар хили бор. Шоу-бизнес
ҳақида ёзадиган журналистларга қойил қолмайман!
- Танқид
албатта ноўрин бўлган. Битта бола бор екан, уни сайти бор экан. Сайтида
«сомонхона қизлари» деб деб ёзиб қўйибди. Клипда қизлар қандайдир образ
яратган ёки бошқа... Умуман олганда қиз болани шаънига яхши эмас-да бу
сўзлар. Мен келтириб беришим ҳам мумкин «сомонхона қизлари» қандай ёмон
маънога олиб келишини... Ҳар бир ёзаётган мақолами ёки танқидми
сарлавҳасига аҳамият бериб ёзиш керак. Агар ўша бола клиплар бўйича
мутахассис бўлганда бошқа гап эди. Ҳеч нимани билмасдан туриб, бир
нималар деб ёзиб юбориш. Кейин, нега ундай деб савол беришса, ўша
саволларни ҳам ўчириб ташлаш... Анархия қиляпти бу бола. Ўзи ёшга
ўхшайди. Жуда ҳам кўп хатоликларга йўл қўяди-да, кейин ўзини
тушунмасликка олади. Қандай қилиб, сайтида одамларга информация
берадиган инсон тушунмаслиги мумкин ёки хатоликка йўл қўйиши мумкин?!
Шунинг учун ҳар доим айтаман: «желтая пресса»га ўхшаган бир сайт. Шунинг
учун номини ҳам айтмайман. Мен ҳуқуқий эркин давлатда яшайман! Уни
нималар ҳақида ёзаётганини, у ҳақиқатми ё бошқами бир текширишса
бўларди.
Тоҳир Содиқов дангал ва чўрткесар
инсон. Эски шаҳарда ўсиб-улғайгани учун ҳам унинг характерида чапанилик
мавжуд. У бор гапни айтиб қўя қолади. Балки, шунинг учун ҳам баъзи бир
инсонларга унинг характери ёқмаслиги мумкин. Асосийси, унинг қалби тоза.
Унда ҳасадгўйлик, бахиллик одатларини шу пайтгача неча маротаба ўзаро
суҳбатлашган бўлсак ҳам, ҳеч қачон сезилмаган…
Шуҳрат ЮСУПОВ ҳамда Нилуфар МИРЗАРАҲИМОВА суҳбатлашди.