|
 Тошкент ахборот технологиялари университетида Tempus 2009 ахборот куни ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Таълим, аудиовизуал воситалар ва маданият ижроия агентлиги, Ўзбекистондаги Европа уйи ҳамда Tempus Миллий офиси томонидан ташкиллаштирилган мазкур тадбирда Полша ва Латвия Республикалари дипломатик корпуслари ва республикамиздаги тегишли вазирлик ҳамда олий ўқув юртларидан вакиллар қатнашди. Tempus (Trans-European Mobility Programme for University Studies) ўарбий Болқон минтақаси, Шарқий Европа ва Марказий Осиё, Шимолий Африка ва Яқин Шарқда жойлашган ҳамкор-давлатлардаги олий таълим тизимини замонавийлаштиришга кўмаклашувчи Европа Иттифоқи дастури бўлиб, 1990 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимиз мазкур дастурда 1994 йилдан қатнашмоқда. Ўтган даврда 72 лойиҳа молиялаштирилди, уларда республикамиздаги 43 олий таълим муассасаси, 30га яқин ноакадемик тизимлар, вазирлик, муассаса ва корхоналар иштирок этди. Tempus III (2000-2006) дастури доирасида эса 122та якка тартибдаги сафарбарлик грантлари ҳам ажратилди. Амалдаги босқич, яъни Tempus IV 2007-2013 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг биринчи босқичида республикамиз олий таълим муассасаларининг 3та лойиҳаси молиялаштириш учун танлаб олинганди. Ахборот кунида сўзга чиққан Tempusнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича координатори Жак Кемпнинг маълумот беришича, Tempus IVнинг 2009/2010 ўқув йили учун эълон қилинган иккинчи танловида республикамиз олий ўқув юртларининг 12та лойиҳаси қисқа рўйхатга киритилди, тўрттаси эса молиялаштириш учун тавсия этилди. Молиялаштириладиган лойиҳаларда Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, ЎзМУ, ТКТИ, ТАТУ, ФарПИ, УргДУ, ҚарМИ, ТИМИ, БухООЕСТИ иштирок этади. ЎзМУ ва ТАТУ иккита лойиҳада қатнашиши кўзда тутилган. Янги лойиҳаларга 1,4 миллион евро маблағ ажратилади ва 2010 йилнинг январ ойидан уларни амалга оширишга киришилади. Умуман олганда, ҳозир мамлактимиздаги 13та олий таълим муассасаси ва 8та ноакадемик ташкилот иштирокида 6 лойиҳа амалга ошириляпти. 2009 йилнинг 30 ноябр куни Tempus IVнинг учинчи танлови эълон қилинди. Унинг аввалгиларидан фарқи – аризаларни электрон шаклда тақдим этиш имконияти яратилганидир. Онлайн аризалар келгуси йилнинг 9 мартигача қабул қилинади. Танловда юқори натижага эришган лойиҳалар келгуси йилнинг 15 октябридан амалиётга татбиқ этила бошлаши режалаштирилган. Собит АҲАДОВ,
|