ЎзПФЛ 2010 йилги футбол мавсуми тақвимининг лойиҳасини тузиб чиқиб, клубларга у билан танишиб чиқиш ҳамда ўз таклифларини ўртага ташлаш имкониятини туҳфа этди.
Лойиҳага кўра, 19-чемпионат 5 март (жума) куни бошланади. Биринчи давра 17 июнь куни якунланади. Бироқ олий лига жамоалари учун танаффус ҳали эълон қилинмайди: 16-тур баҳслари 22 июнда ўтади, бир ҳафтадан кейин - 17-тур ўйинлари. Шундан сўнггина чемпионатда тўхташ ўринга эга бўлади: 18-тур шу билан 1 августда бўлиб ўтади. Бу оралиқда кубок беллашувларига навбат берилади. Умуман, тақвимдаги энг катта бўшлиқ бу мамлакат кубоги ярим финал жавоб ўйинлари (14 июль) ҳамда чемпионат учрашувлари учун захира куни сифатида белгиланган 28 июль ўртасида - 14 кун. Охирги - 29 ва 30-турлар ноябрнинг 2 ва 7-кунларига режалаштирилган.
Ўзбекистон кубогининг илк босқичи (1/32 финал) 19 мартга мўлжалланган. Кубокнинг финал учрашуви эса 18 август (чоршанба) куни бўлиб ўтади.
Лойиҳанинг таҳсинга сазовор жойи шундаки, ЎзПФЛ мутахассислари тақвим тузишда бир нарсани эътибордан қочиришмабди: чемпионат баҳслари ҳафтанинг ишқибозлар учун имкони қадар қулай кунларига - жума ҳамда асосан шанба-якшанбага қўйилган.
2010 йилги тақвимда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг камида 8та ўйини учун жой ажратилган. Шулардан 3таси расмий (Осиё кубоги-2011 ҳамда ЖЧ-2014нинг иккита саралаш беллашувлари) ҳамда бештаси ўртоқлик учрашувлари. 12-27 ноябрь кунлари эса Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида 23 ёшгача бўлган футболчилардан ташкил топган терма жамоаларни Осиё ўйинлари кутиб турибди.
- Миллий терма жамоамиз 2011 йилнинг 7-29 январь кунлари Қатарда ўтадиган Осиё чемпионатининг финал қисмида тўп суради. Шу боис биз термамиз ушбу йирик мусобақага яхши тайёргарлик кўриши учун декабрь ойида ҳам ўртоқлик ўйинлари ташкил этиб беришимиз керак. Бунда терма жамоамизнинг 2010 йилдаги учрашувлари сони албатта саккизтадан ошиб кетади, - дейди ушбу мавзуда ЎФФ терма жамоалар ва маркетинг бошқармаси бошлиғи Алишер Никимбаев.