Тайланднинг Паттайя курорт шаҳрида халқаро миқёсдаги ғаройиб пойга ўтказилди. Пойгада ғилдиракли каравотлар иштирок этди. Умумий ҳисобда иккинчи марта ўтказилаётган халқаро пойгада 100 дан ошиқ жамоалар иштирок этиб, 20 минг томошабин қаршисида чемпионлик учун кураш олиб бордилар. Пойга эрта тонгда каравотларнинг паради билан бошланди. Мусобақа якунлангач эса, кечки зиёфату базмлар авж олди. Эслатиб ўтамиз, каравот пойгалари кўпгина давлатларда, шу жумладан, Буюк Британия, Австралия, АҚШ ва Янги Зеландияда ҳам жуда машҳур. Бу пойгалар нафақат оилаларни фаол ва қувноқ ҳордиқ чиқаришга чорлаш учун, балки хайрия ишларига яхшигина маблағ йиғиб олиш учун ҳам ўтказилади. Пойга қоидасига кўра, 6 кишидан иборат жамоа кулгили кийимларни кийиб, ғайриоддий безатилган каравотларини итариб юришлари керак. Ғалаба қозониш учун маррага ҳаммадан олдин келишнинг ўзи етарли эмас. Йўловчини ҳам йиқитмасдан, соғ-омон олиб келиш керак. Пойгадан сўнг, йиғилган маблағ маҳаллий хайрия ишлари учун ўтказиладиган тадбирларга тақсимлаб чиқилди.
|