Аёллар чиройли кўриниш учун том маънода
тиш-тирноқларигача «қуролланишади». Тишларини ҳозирча қўйиб турайлик,
тирноққа келганда мақсадга эришиш учун лакдан тортиб чиройли
расмларгача иш беради. Баъзида кўчада бир текис, чиройли ва узун
тирноқли қизларни кўриб ҳайрон қоласан киши. Ахир уй юмушларини
бажаришда – кир ва идиш-товоқни ювишдан тортиб, уй тозалашгача бўлган
ишларда тирноқлар синиб кетмайдими? Аслида синиб кетмас экан, ахир бу
табиий тирноқлар устига ёпиштирилган сунъий тирноқлар-ку.
Бир қарашда ҳақиқатан ҳам жуда қулай. Табиий
тирноқлар тез-тез синиш хусусиятига эга, бунинг устига бир текис
ўсмайди, шундай экан уларни эҳтиёт қилиш анча-мунча қийинчилик
туғдиради. Сунъий тирноқлар эса мундоқ ёпиштирилади ва ҳар доим ўз
ҳолатини сақлаб тураверади. Лекин сунъий нарса барибир сунъий-да. Америкалик
тиббиётчиларнинг таъкидлашича, бундай тирноқлар кучли аллергияни
келтириб чиқариши мумкин экан. Бунга хом ашё таркибидаги метакрилат
асосий сабабчи эмиш. Тез орада касаллик сурункали ҳолга ўтиши ва
кейинчалик ундан қутулиш жуда мушкул. Аллергия асосан тирноқ атрофида
пайдо бўлади ва тирноқлар қат-қат кўчиб туша бошлайди. Ба ҳола
шифокорлар одатда замбуруғ ривожланишини ҳам кузатишади. Шунинг учун
тиббиётчилар сунъий тирноққа ўч бўлмасликни, иложи бўлса, умуман ундан
воз кечишни маслаҳат қилишмоқда.
|