31 октябрь куни “Спорт” телеканали орқали “Соккер клуб” кўрсатувининг навбатдаги сони эфирга узатилиши ва у келишилган ўйинларга бағишланиши ҳақида маълум қилгандик.
Муаллиф Диёр Имомхўжаев дастур эфир юзини кўрмагунича, у ҳақда ҳеч нарса дея олмаслигини айтиб ўтганди.
31 октябрь – шанба куни соат 22:10да намойиш этилган “Соккер клуб” кўрсатуви кўплаб футбол мухлисларида илиқ таассурот қолдирди. Буни ижтимоий тармоқлар орқали қолдирилган изоҳлардан ҳам билиш мумкин. Шунингдек, “Чемпион+” газетасининг 5 ноябрь кунги сонидаги бош мақола ҳам ижодий гуруҳ раҳбари Хайрулла Ҳамидов томонидан айнан “Соккер клуб” кўрсатувига бағишланди.
Ўзбек футболидаги келишилган ўйинларга бағишланган дастурга асос бўлиб 25 сентябрь куни ўтказилган “Пахтакор” ҳамда “Металлург” клублари иштирокидаги ўйин хизмат қилганди. Кўрсатув ижодкорлари шунинг асносида олий ва биринчи лига клублари ўртасидаги мусобақаларда келишилган ўйинлар бор эканига шаъма қилиб ўтишди. Буни лойиҳа меҳмони, “Оқ-тепа” клуби раҳбари Ғанишер Шоғуломовнинг интервьюси ҳам яққол тасдиқлаб турганди. Унинг сўзларига кўра, футбол учрашувларининг деярли ҳаммасида клублар ҳакамларга маълум миқдорда пул ҳам беради.
“Соккер клуб” меҳмонларидан яна бири – ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида тўхталиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу каби ишларга федерация рухсатисиз аралашишлари мумкин эканини айтиб ўтди. Ўзбекистон футбол федерацияси қошидаги келишилган ўйинларга қарши курашувчи экспертлар қўмитаси раиси Аҳрол Иноятов эса барча муаммони федерациянинг ўзи ҳал қила олишига барчани ишонтирди. Муаллиф Диёр Имомхўжаевнинг экспертлардан бири ўйиндан чиққанлиги, қолганлари ҳам келишилган учрашувларда иштирок этмаганига ким кафолат бериши ҳақидаги саволига Аҳрол Иноятов регламентга ҳали кўпгина ўзгартиришлар киритишилиши кераклиги билан жавоб қайтарди.
Кўрсатув давомида шунингдек, Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмоновнинг мавсум олдидан жамоатчилик учун берган ваъдаси эслатиб ўтилди. Унга кўра, жорий мавсум сўнггида 2-3та клуб президенти ва яна шунча мураббийлар футболдан бутунлай четлатилиши керак. Қўшимчасига, Мираброр Зуфаровичнинг “Пахтакор” ва “Металлург” учрашувидан кейинги ёпиқ йиғилишда айтган фикрлари ҳам иқтибос тарзида келтириб ўтилди.
“Соккер клуб”нинг келишилган ўйинларга бағишланган сони етарли даражада шов-шувга сабаб бўлганидан кейин, унинг такроран эфирга узатилишини сўраб мурожаат қилганлар кўпчиликни ташкил этди. Маълум сабабларга кўра, дастурни томоша қила олмаганлар ҳафталик дастурларда кўрсатиб ўтилганидек, 7 ноябрь – шанба кунини кута бошлашди. “Соккер клуб” айнан шу куни соат 16:05да эфирга узатилиши керак эди.
Бироқ воқеалар ривожи ўзгариб кетди. 7 ноябрь куни “Соккер клуб” такрори ўрнига Златан Иброҳимовичнинг ҳаётига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, келишилган ўйинларга бағишланган кўрсатув эфирдан олиб ташланди. Муаллиф Диёр Имомхўжаевнинг ўзи эса kun.uz томонидан берилган саволга бу ҳақда ҳеч нарса билмаслиги билан жавоб берди. Унинг ишонч билан айтишича, “Соккер клуб” ўз фаолиятини давом эттиради. Дастурни ёпиш борасида ҳозирча ҳеч қандай гап-сўз бўлмаган.
СПОРТ телеканалидан эфирга узатилган Soccer club кўрсатувининг 31 октябрь кунги сонини томоша қилинг:
|