ҚУШЛАРГА ИШҚИБОЗ ЖАСУР УМИРОВНИ КИМЛАР РАНЖИТДИ?
Хонанда Жасур Умиров теваракдаги айрим одамлардан ранжиган кўринади. У яқинда айнан шу мавзуда "Одамлар” дея қўшиқ куйлади. Айнан ушбу қўшиққа айни кнуда таниқли режиссёр ва клипмейкер Нозим Толипов билан биргаликда клип суратга олиш ишлари бошланган. Клип ғоясига умуман гап бўлиши мумкин эмас. Ўзи Нозим Толипов ҳар доим клипларнинг ғоясига ва оригинал чиқишига алоҳида аҳамият бериб келади-да. Хуллас тез кунда сиз кутган қўшиқ оригинал ғояли клип билан экранларингиз орқали жаранг сочади.
"АХ МАРЕНЕ”НИ ҚАЧОН ТИНГЛАЙМИЗ?
Бетакрор овоз соҳибаси ҳамда ёқимтой хонанда Руҳшона Жавлон Шодмоновнинг "Замонавий совчилар” фильмига куйланган саундтрек ҳам хонанда репертуаридаги янги тароналардан ҳисобланади. Қўшиқ номи ҳам "Замонавий совчилар” деб номланади. Тез кунда ушбу иккала тарона ҳам бирин кетин мухлисларга тақдим этилади. Аҳамият берган бўлсангиз, кийиниш бобида ҳамма стилларни аралаштиришни маъқул кўрадиган хонанда қўшиқ куйлашда ҳам ранг-барангликни хуш кўради. Аммо унинг репертуаридаги айрим қўшиқларни куйлаганига анча бўлган бўлса-да, ҳали оммага маълум эмас. Айниқса, хонанданинг арман халқ тилида куйланган "Ах Марене” қўшиғи таҳсинга сазовор. Бу қўшиқ ҳанузгача ўзининг эфирдаги навбатини кутяпти. Шуни айтиш мумкинки, бир бирига ўхшаш мавзудаги қўшиқларни тинглайвериб, халқ чарчади. Шунинг учун ҳеч бўлмаганда Рухшона репертуаридаги ранг-баранг қўшиқларини эфир орқали ҳам тингласак ёмон бўлмасди...
МУХЛИСЛАРИДАН ҚОЧИШИГА ҚАРАГАНДА МИШ-МИШЛАР РОСТ
Бир оз аввал сайтимиз орқали хонанда Асилбек Ниғматовнинг уйқусизлик (лунатик) касалига чалинганли ва у ўзини домлага ўқитгани ҳақида маълумот берган эдик. Бу ҳақда батафсилроқ билиш мақсадида бир неча бор хонандага сим қоқиб, афсуски у билан боғлана олмадик. Асилбекнинг отаси эса бу гап сўзларни инкор этиб, бизни ўғли билан суҳбатлашишимизга изн бермаяпти. Албатта, бундан кўринадики, миш-мишларда жон бор. Чунки шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди дея бекорга айтишмаган. Сабаби, ўзингиз ўйлаб кўринг, нега айнан Асилбекнинг уйқусизлик касалига чалинганлиги ҳақида миш-миш тарқалиши мумкин? Нега айнан уйқусизлик касали? Қўшиқлари билан мухлисларини ўзига ўргатиб, бошига ташвиш тушганда буни ашаддий мухлисларидан беркитаётган хонандани кун келиб мухлислар кечирармикан? Ахир бекорга мухлис зотини бевафо дейишмаган...
ҲОЗИР ИШИ ЮРИШМАЁТГАНЛАР ҚЎШИҚ КУЙЛАЯПТИ...
Сирожиддин ҳали оммага унчалик таниш бўлмаган бир газетага берган интервьюсида ўзининг мутахассислиги аслида стомотолог эканлигини очиқчасига тан олди. Унинг бу соҳада иши юришмаган кўринади. Шунинг учун хонанда танлаган касбига адашиб кириб қолганлигини ўз вақтида англади ва "Akfa-media”да ўтказилаётган кастингдан муваффақиятли ўтиб, ўзини хонанда сифатида кашф этишга муваффақ бўлди. Аммо, Сирожиддин куйлаган кўпгина қўшиқларни ҳеч иккиланмай замонавий миллий эстрадаси талабига жавоб бера олади, дея айтишимиз мумкин. Агар қўшиқларининг рекламасига кўпроқ аҳамият берганида, Сирожиддиннинг мухлислари янада ортиб борармиди... Унинг яқинда Руҳшона билан биргаликда куйлаган "Сени дея” деб номланган дуэт таронаси яқин кунларда тақдим этилади.
ТУРКИЯГА СЕРҚАТНОВ БЎЛИБ ҚОЛДИ, ТИНЧЛИКМИ?
Яқиндагина Туркия телеканалининг тонгги дастурларида чиқиш қилиб қайтган Достон Убайдуллаевни яна концертга чақиришди. Хонанда концерт баҳона ўзининг янги куйлаган "Яна ҳижрон” таронасига ҳам клип суратга олиб қайтишни мўлжаллади. Ўзи ўйлаб қарасак, хонандалар орасида Ўзбекистонда қўшиқ куйлаб, чет элда клип суратга олиш урфга айланиб қолди. Албатта, бунга ҳеч ким қарши эмас. Аммо қўшиқ ғояси чет элда клип суратга олишни тақозо этса янада мақсадга мувофиқ бўлармиди... Ахир, Ўзбекистонда ҳам клип суратга олса бўладиган чиройли жойлар кўп-ку... Нима ҳам дердик, Достон Убайдуллаев бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи кўринади...
|