Сколари: «Похан» камроқ хато қилди»
“Поханг” – “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманига биринчи бўлиб Луиз Фелипе Сколари келди.
- Жуда яхши ўйин гувоҳи бўлдик. Иккита кучли жамоа бир-бирига рўбарў келдилар, - деди бразилиялик мутахассис. – Учрашув тақдирини бизнинг иккитагина хатоимиз ҳал қилди. Иккинчи бўлим бошида ва қўшимча вақтда йўқ жойдан голлар ўтказиб юбордик. Нима ҳам дердим, “Похан Стилерз” ғалаба қозонди. Чунки мезбонлар, бизга нисбатан, камроқ хатога йўл қўйдилар. Очиқ айтиш керак, “Похан” ҳақли равишда ғалабани нишонлади.
Мен рақиб жамоани ва унинг бош мураббийи Сержио Фариасни табриклайман. Ҳакамликка келадиган бўлсам, бугун ҳакамлар ўйинни аъло даражада ўтказишди.
- Ҳужумда Анвар Солиев, ҳимояда эса Хайрулла Каримовлар бўш ўйин кўрсатишди. Уларни учрашув мобайнида алмаштириш масаласи кўтарилмадими? - Мен уларни алмаштирмадим. Чунки биласизми нега? Боиси, мен уларнинг ўйинини сиздан фарқлироқ кўраман. Энди кейинги баҳсларда ҳеч кимни алмаштириш ниятим йўқ. Ким майдонда хато қилса, ўйин охиригача хатосини ўзи тўғриласин. Бошқа биров эмас. Умуман, бугун хатолар барча футболчиларимизда бўлди.
- “Похан”нинг кучи унинг таркибида индивидуал маҳоратга эга ҳужумчилар борлигида экан. “Бунёдкор”га бугун ана шундай ижрочилар етишмади. Сиз яқинда жамоага Камолиддин Мурзоевни чақиртирган эдингиз. У ишончларингизни оқлаяптими? - Камолиддин келажак футболчиси. Яхши футболчи бўлиб етишиши учун эса у ўз устида тинмай ишлаши, кўп меҳнат қилиши керак.
- Ўтказиб юборилган иккинчи голдан сўнг ўйинда қандай бурилиш ясашга интилдингиз? - Биринчи ва иккинчи голлардан сўнг албатта энди биз ҳам тўп киритишимиз лозим эди. Фақат мана шу йўлни ўйладим, холос.
Шу ўринда, мезбон футболчилари ўйинни жуда кўп ҳолларда сунъий тарзда чўзишга ҳаракат қилганларини айтиб ўтишни ҳам хоҳлардим.
Манба: www.fcbunyodkor.com
|