Давлат раҳбарлари ҳам оддий инсонлардир. Улар ҳам аксарият одамлар сингари спортга, айниқса, миллионлар ўйини бўлмиш футболга жуда қизиқишади. Мисол учун... Мисол учун Кремлдаги амалдорларнинг кўпчилиги мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Зенит»(Петербург) футбол клубига мухлислик қилишади. Сабаби эса ўша амалдорларнинг аксарияти петербурглик эканликларида. Россия матбуотларида тарқатилган хабарларга кўра, «юқорида» Дмитрий Медведев раҳбарлигида «Зенит»нинг ёпиқ фан-клуби ташкил қилинганмиш, ҳатто. Дарвоқе, Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин тўп иштирок этадиган спорт ўйинлари ичида теннисдан бошқасини тан олмаган. Европанинг ҳозирги сиёсатчилари орасида футболнинг энг ашаддий ишқибози бу шубҳасиз Италия Вазирлар кенгаши раиси ва энг асосийси «Милан» клуби соҳиби Сильвио Берлусконидир. Сильвио ўз футболчилари учун ҳеч нарсани аямайди ва клуб ғалаба қозониши учун ҳар нега-да тайёр. Берлускони раҳбарлик қиладиган «Олға, Италия!» партияси тарафдорлари ҳам «Милан»га мухлислик қилишади. Айтганча, аксарият италияликлар футбол Берлускони учун сиёсатдан устун туришига шубҳа қилмайдилар. Германиянинг ҳозирги канцлери Ангела Меркелнинг ҳам (гарчи аёл бўлса-да) севимли футбол жамоаси бор. Меркел хоним миллий терма жамоанинг энг муҳим уй учрашувларини ҳеч қачон ўтказиб юбормайди. Бундан ташқари у «Энергия»(Коттбусс) жамоаси фан-клубининг фахрий аъзоси ҳамдир. Энг қизиқ томони, мамлакат биринчи хоними мухлислик қиладиган «Энергия» суперклуб эмас, шунчаки иккинчи дивизионда «кун кечираётган» камсуқум жамоалардан бири ҳисобаланди. Энг ашаддий футбол ишқибозлари истиқомат қиладиган ҳудуд эса футбол ватани ҳисобланмиш Англия бўлади. Бу мамлакатда футболга ишқибозлик шу даражага бориб етганки, ишга кираётган киши шахсий варақага исм-фамилияси, яъни ўзи ҳақидаги маълумотларни киритиш баробарида қайси жамоага мухлислик қилишини ҳам «қистириб» ўтади. Британия қироличаси Елизавета II «Арсенал»га мухлислик қилади. Клуб учун «Эмирейтс» стадиони қурилганида, ғиролича очилиш маросимига албатта боражагини маълум қилади, аммо елка мушаклари чўзилганлиги туфайли тадбирда иштирок эта олмайди. Бу билан севимли жамоасини ноқулай аҳволга солганини англаган ғиролича клуб мураббийи Арсен Венгер ва энг яхши бомбардир номини олган Тьерри Анрини саройга чойга таклиф қилиб, суҳбат асносида жамоага қанчалик меҳри баландлигини шахсан айтиб ўтган. ғироллик оиласининг бошқа аъзоларига тўхталадиган бўлсак, мисол учун тахт вориси шаҳзода Чарлз футболга қизиқмайди. ғироличанинг иккинчи ўғли шаҳзода Эндрю эса «Норвич сити» фанати. Шаҳзода Гарри эса бувиси билан маслакдош. Шу боис уни ҳам гоҳ-гоҳида «Арсенал» учрашувларида учратиш мумкин. Шаҳзода Уильям эса Бирмингемнинг «Астон вилла» жамоаси ишқибози. Ва яқиндан бошлаб амакиси герцог Йоркский ўрнига Англия футбол ассациацияси президенти лавозимига тайинланди. Энг қизиғи, «Арсенал»нинг энг содиқ мухлисларидан яна бири биринчи рақамли террорчи номини олган Усама Бен Ладен бўлар экан. У 1994 йилда ушбу жамоа ўйинида иштирок этиб, матч якунида клуб рамзи туширилган бўйинбоғ ҳамда қўлқопларни харид қилган.
|