"Божалар” гуруҳи вакили Мўмин Орипов автоҳалокатга учраганидан қаттиқ таъсирланган актриса Феруза Собитова у билан бўлган суҳбатларимизнинг бирида "Мўминнинг вафотидан кейин машина бошқаришга қўлим бормай қолди. Қўрқаяпман, бошқарсам, автоҳалокат рўй берадигандек туюляпти...” деган эди. Феруза билан 22 ноябрда телефонлашганимда эртага бир ҳафтага Туркияга учиб кетаётгани ҳақида айтди. Ўша кунларда у "Одам савдоси – аср муаммоси” мавзусини ўзида қамраб олган "Уқубат” фильмида суратга тушаётган экан. "Туркияда ҳам суратга олинадиган саҳналаримиз бор. Ижодий гуруҳимиз билан Истамбулга йўл оляпмиз. Қайтиб келганимдан кейин, албатта, телефон қиламан...” Орадан 4-5 кун ўтиб "Феруза Собитова автоҳалокатга учрабди”, деган совуқ хабар тарқалди... Ферузага қўнғироқ қилсам телефони "хизмат доирасидан ташқарида” экан. Ниҳоят, у билан боғланишга муваффақ бўлдим. - Феруза, автоҳалокатга учраганлигингиз ҳақида миш-мишлар тарқалиб кетди. Нима бўлди, соғлигингиз яхшими? Бутун танам зирқираётганлигини айтмаганда, чидаса бўлади. Ҳозир иккинчи марказий шифохонадаман. Истамбулга етиб борганимизнинг учинчи куни кечки пайт фалокат босиб машинамиз бошқа бир машинага тўқнашиб кетди. Ҳайдовчимиз тормозни кескин босган пайт ўтирган жойимдан учиб кетиб, ўзимиз билан олган темир асбоб-ускуналарга бошим билан урилган эканман. Ўша вақт нима рўй берганини идрок қилолмадим, бурнимдан шовуллаб қон оққанини сезардим, холос. Бир пайт кўз ўнгимда раҳматли Мўмин пайдо бўлди. "Э Худо, наҳотки автоҳалокатга учрадик! Ҳамкасбларимга зиён етмадимикин? Улар соғ-саломатми?” деган фикр ўтди шунда хаёлимдан. Ўрнимдан турмоқчи, кўзларимни очмоқчи бўлдим, мадорим етмади. Бир пайт атрофимдагилар "У қимирламаяпти, нафас олмаяпти” деб шовқин солишга тушдилар. Қолганини эслолмайман... Ўзимга келганимда мени машинанинг орқа ўриндиғида ётқизиб қўйишган экан. Фалокат рўй беришини олдиндан сезганмидингиз? Туркияга борамиз деб айтишганидаёқ нимагадир кўнглим ғаш бўлган эди. Аэропортга келганимизда юрагим яна безовта ура бошлади. Декларация тўлдираётганимда қўлларим ўз-ўзидан қалтираб кетаверди. Чет давлатларга кўп борганман. Аммо бунақа ҳолат бўлмаган эди ҳеч қачон. (ўйланиб) Авария рўй беришидан бир кун олдин ўтиб кетган қариндошларим тушимга кирди. "Сендан хабар олгани келдик” деб такрорлашарди нуқул... Уйғониб кетиб, тонг отгунча ухлай олмадим. Руҳлар бекорга безовта бўлмайди, улар мени кутаётган бахтсизлик ҳақида огоҳлантирмоқчи бўлишган, чамамда. Мен эса қаранг, буни сезмабман... Хосиятсиз туш кўрилганда одатда садақа берилади. Шу фикр хаёлимга келди, лекин бегона юртда кимга ҳам садақа бераман? Эрталаб йўлга чиқишдан олдин Ўзбекистонга эсон-омон етиб олсам, албатта бирорта жонлиқ билан қон чиқариб, Қуръон ўқитиб юбораман деб ният қилган эдим. Кечга бориб мана шу ҳодиса рўй берди. Жиддий жароҳат олмадингизми? Зарб билан урилганим учун аввалига нафас олишга қийналдим. Гавдамнинг ўнг томони умуман ишламай қолди. Бунинг устига бурним йиртилган эди. Бир-икки соат дам олганимдан кейин съёмкани давом эттирдик. Оғир аҳволда съёмкани давом эттиришга нега рози бўлдингиз? "Ҳеч нарсани билмайман, мени тезроқ шифохонага олиб боринглар” дейишим ҳам мумкин эди. Лекин бунга виждоним йўл қўймади. Битта мени деб фильм чала қолиб кетишини хоҳламадим. Бундан ташқари, кўзларимни очганимда фильм ижодкорлари тепамда мўлтираб қараб туришганини кўриб, уларга раҳмим келди. Операторимиз Нажмиддин акани жуда ҳурмат қиламан. Шу инсон учун ҳам менга қанчалик оғир бўлмасин, ўзимни қўлга олиб, охиригача суратга тушиб бердим. Бурним йиртилди деган эдингиз? Ўзбекистонга келиб тиктирдингизми? Йўқ, Туркияда. Аллоҳга беҳисоб шукр, дўстларим кўп. Чет давлатларга борганимда ҳам аввало дўст топишга интиламан. Авариядан бир соатлар ўтгач туркиялик бир дўстим хол-аҳвол сўрагани телефон қилиб қолди. Бахтсиз воқеа тўғрисида эшитиши билан: "Шифокорга олиб боришдими?” деб сўради. "Ҳозир съёмкадамиз, кейинроқ олиб боришар” деб жавоб бердим. Суратга олиш ишлари тугаб, меҳмонхонага қайтганимиздан кейин дўстим яна қўнғироқ қилди. Ҳали ҳам шифохонага олиб боришмаганини эшитиб, "Тайёр бўлиб тур, бирга шифокорга учрашамиз” деди. Бурнимнинг йиртиғини тиккан доктор "Нега дарҳол келмадинг? Бу очиқ жароҳат эканлигини, инфекция тушгудай бўлса, ўзингга қийин бўлишини наҳотки тушунмадинг?” деб уришиб кетди. Фильм ижодкорларидан "Мени касалхонага олиб боринглар” деб талаб қилганмидингиз? Нега мен талаб қилишим керак? Ўзлари ҳаммасини кўриб, тушуниб туришганди-ку. Дўстимдан ҳам мени олиб бор, деб ялинганим йўқ. Ўзи келиб олиб кетди. Акс ҳолда, сиз айтгандек бурнимни шу ерга келиб тиктирган бўлармидим... "Мени касалхонага олиб боринглар” деб айтишингиз керак эди, барибир. Мазам бўлмай ётганимда хол-аҳвол сўраб хонамга келган фильм директорига бу ҳақда оғиз очган эдим. У: "бошлиқлар билан гаплашдим, Ўзбекистонга боргач ҳал қиламиз экан” деган гапни айтди. Хўш? Кейин-чи? Сафардан қайтганимиздан кейин икки кун яхши юрдим. Учинчи кун мазам қочиб, бошим айланиб, ўрнимдан туролмай қолгач, ўша картина директорига қўнғироқ қилдим. У ҳатто гапимни охиригача эшитмай, "кейин гаплашамиз” деб телефонни қўйиб қўйди. Хўрлигим келди. Таъна қилиш эмас, лекин оғир вазиятда ҳам уларни ўйладим, бор кучимни тўплаб суратга тушиб бердим, аммо вазият бундай тус олганда мени ҳатто эшитишни ҳам истамадилар... Ноилож яна ўртоқларимга сим қоқдим. Бахтимга дўстларим кўп. Улар бўлмаганда билмадим аҳволим не кечарди... Докторлар қандай ташҳис қўйишди? Иккинчи даражали мия чайқалиши. Бундан ташқари чап томондаги қовурғам, буйракларим лат еган экан. Ҳаражатларни ким қоплади? Фильм ижодкорларига шифохонада ётган жойимда 2-3 марта қўнғироқ қилиб, ростдан ҳам мазам бўлмаётганини айтганимдан кейин фильм директори келиб "майли, ҳаражатларини тўлаб берамиз” деб, шартнома тузиб кетди. Тўғриси, уларнинг пулига зор қолган жойим йўқ. Дўстларим "Бўлди, қил! Ўзлари билиб тўламадими, ялинма. Биз бор-ку” дейишди. Лекин мен рози бўлмадим. Чунки менга алам қилди. Фильмда суратга тушганингиз учун гонорарингизни олдингизми? Гонораримни беришадими-йўқми, менга қоронғи. Ҳаммаси уларнинг виждонига ҳавола. Автоҳалокатда фақат сизга зиён етибди? Бу ҳақда нима дея оласиз? ...(анча ўйланиб қолди) Билмадим... Менимча кўз теккан бўлса керак менга. Феруза билан телефонда интервью қилган кунимнинг эртасига ҳолидан хабар олиш учун марказий шифохонага бордим. Ҳамширалар "шу беморимизнинг орқасидан жуда кўп одам келди, дўстлари кўп экан” деб айтишди. Фақат яхши кунингда эмас, ёмон кунингда ҳам ёнингда турадиган дўстларнинг борлиги нақадар яхши. Кимгадир кераклигингни, кимдир сенинг тақдирингга бефарқ эмаслигини билиб, ҳис қилиб яшаш ҳам бахт! Бу ерда Ферузанинг хатоси: у фильмга суратга тушишдан олдин фильм ижодкорлари билан ўзаро шартнома имзолашни хаёлига ҳам келтирмаган. Актрисанинг суғурта деган нарсадан ҳам хабари йўқ экан. Фильм ижодкорлари эса мана шундай вазиятда муаммони расмиятчиликка таяниб эмас, инсонийлик нуқтаи назаридан ёндошиб ҳал қилишса бўларди! Дилшода.
|