АВВАЛ ХОНАНДА, КЕЙИН АКТЁР, ЭНДИ МОДЕЛ... ЭНДИ ТУРМУШ ЎРТОҒИНИНГ КЛИПИДА...ЭРИНИНГ РЕЙТИНГИНИ КЎТАРИШГА УРИНАЁТГАН ХОНАНДА
Гарчи санъатга қўшиқчилик йўналиши билан кириб келган бўлсада, Абдуманнон Раҳимов ҳали ижодига кўп бўлмасдан туриб, кинода ҳам ўзини синаб кўришга ҳаракат қилган эди. Хонандамиздан янгилик олиш учун боғланганимизда у янги бир марканинг юзи сифатида эътироф этилаётган экан. Бу тиш пастасими, соф ювиш воситасими, ёки яна бошқа шу ҳозирча сир бўла қолсин. Тез кунларда хонандамизни экран орқали рекламада кўрганингиздан кейин унинг модел сифатидаги ҳусусиятларига ҳам баҳо берасиз. Ҳосила Раҳимованн укаси Абдуманнон Раҳимов санъатнинг ҳар бир турида ўз қирраларини кашф этишга ҳаракат қиляпти.
ЭНДИ ТУРМУШ ЎРТОҒИНИНГ КЛИПИДА...ЭРИНИНГ РЕЙТИНГИНИ КЎТАРИШГА УРИНАЁТГАН ХОНАНДА
Малоҳатли Севинч Мўминова турмуш ўртоғининг клипида суратга тушмоқда. Эслатиб ўтамиз, хонандамиз авваллари ҳам нафақат ўзининг, балки, касбдошларининг клипларида суратга тушиб, бадиий фильмларларда рол ижро этган эди. У албатта, гонарар учун эди. Лекин энди турмуш ўртоғи Шароф Муқимовнинг клипида ҳам суратга тушиб ўз маҳоратини очиб бера олдимикан? Аниқроқ айтганда, эрининг рейтигини кўтарилишига ҳиссасини қўшаоладими?
КЕЛАВЕРИНГ, САРВАРАХОН...
Ўзининг маҳзун тароналари билан мухлислар кўнглидан жой олган хонанда Сарвара айни кунда янги қўшиқ устида иш бошлади. Маълумотларга қараганда, қўшиқнинг ҳозирча навбатчи номи "Борайми?” деб номланади. Хонандамиз вилоятлар бўйлаб уюштирилган концерт дастури учун шундай қўшиқ танладими ёки бу қўшиқда бошқа маъно борми? Кўрамиз, агар санъаткоримиз вилоятлар бўйича уюштирилган концерт дастурига айнан шу қўшиқни куйламоқчи бўлса, — Келаверинг, Сарварахон, сизни орзиқиб кутяпмиз...
РУҲШОНА ЗИЁДА КАБИ КОМПАНИЯ ОБРЎЙИНИ КЎТАРА ОЛАДИМИ?
Хонанда Руҳшона айни кунда "Ёна” деб номланган қўшиғини мухлислар эътиборига ҳавола этди. Қўшиқнинг шеъри ва мусиқаси Жамшид Шодиевга тегишли. Яқинда режиссёр Жасур Шаметов томонидан суратга олинган "Учрашув” фильмида ҳам бош ролларнинг бирини ижро этишга улгурди. Хонанданинг айтишига қараганда, у Ботир Алиев билан биргаликда яна бир янги қўшиқни ижро этиш билан банд бўлаяпти. Кино ва хонандалик йўналишида ўзини қўрқмай синаб кўраётган Руҳшона "Akfa Media” студиясининг нуфузини анча-мунча ошишига ҳисса қўшаяпти, десак хато бўлмайди. Нима ҳам дердик, унинг ижоддаги шижоатига кўз тегмасин.
"AKFA MEDIA”НИНГ МУТЛАҚО ЯНГИ ЧЕҲРАСИ РУХШОНАГА РАҚОБАТЧИ!?
Умидадахон "Akfa Media”нинг янги чеҳраси. У яқинда ўзи куйлаган янги қўшиқни клипи билан биргаликда мухлислар эътиборига ҳавола этишга эришди. Қўшиқ "Сендадир кўнглим” деб номланиб, илгари бу қўшиқни устоз санъаткор Саодат Қобулова куйлаган эди. Ўз ижодини миллий йўналишда ва сара мавзулар билан бошлаган хонандани қандай кутиб олишяпти? Агар Умидахон ва Руҳшонанинг ижодини солиштирганда, улар ўртасида рақобат қай даражада? Қай бири истеъдодлироқ?
"ЧУМЧУҚЛАР”ДАН ҚЎРҚҚАН ХОНАНДА
Хонанда Фирдавс Пазлиддинов айни дамда ўзининг "Ёр юрагимсан”, "Азизам”, "Сенсиз” қўшиқларига клип суратга олиш билан банд бўляпти. Клиплар тайёр бўлганидан сўнг бирин-кетин "Markaz” телеканали орқали мухлисларга тақдим этилади. Яна бир яратилган янги қўшиқнинг номи эса ҳозирча сир тутиляпти. Сабаби, ҳозир қўшиқ ва ғоя ўғрилари кўп бўлганлиги боис Фирдавс Пазлиддинов ҳам бошқа ҳамкасблари қаторида улардан қўрқяпти. Тавба, қўшиқни ҳар бир хонанда ўзгача, ўзича куйлайди-ку?! Ҳар юлдузнинг ўз шинавандаси бор, ахир. Зеро, "Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди” деган гап ҳам бекорга айтилмаган...
ГРУЗИНЧАДАН ТОЖИКЧАГА...КЕЙИН-ЧИ?
Фарруҳ Комиловнинг грузинча, шунингдек, номи ҳам "Грузинча” бўлган қўшиғи ҳақида маълумот берган эдик. Бу гал хонанда тожикча йўналишида ҳам куйлаб ўзини синаб кўришга жазм этди. Клипни режиссёр ва клипмейкер Ёдгор Носировга олдиришни режалаштираётган хонанда қўшиғининг шеъри ва мусиқаси ҳали тўлиқ ҳолда битмаган. Шунингдек, қўшиқ номи ҳам сир.
САМАНДАР НЕГА АМЕРИКАГА БУ ҚАДАР СЕРҚАТНОВ?
Самандар Ҳамроқулов бир ойдан бери талабалар билан ижодий учрашув ўтказиб келаётганди. Ижодий учрашувда ўзи бош ролда суратга тушган "Арзанда” фильмини тақдим этиб, хонанда Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон туманида бўлиб ўтадиган битирув оқшомида ҳам ўз концерт дастурини тақдим этди. "Арзанда” учун атай куйланган Ягона билан биргаликдаги дуэти эса айни кунларда радиоканаллари орқали жаранг сочмоқда. Жумладан, "Чойимнинг шакари” қўшиғи мухлислар томонидан илиқ кутиб олинганидан сўнг эндиликда хонанда миллий-фольклор йўналишида ҳам куйлаш ҳақида бош қотирадиган бўлди. Хонанда админстраторининг айтишига қараганда, Самандар Ҳамроқулов июнь ойида ижодий гуруҳ билан биргаликда яна Америкага отланармиш...
БУ - АЛАМ ҚИЛСИН ДЕГАНИ…МИ?
Хонанда ва суҳандон Шуҳрат Қаюмов ҳозирда иккита янги қўшиқлари устида иш олиб боряпти. Қўшиқларнинг номи ҳам, ғояси ҳам ҳозирча сир. Тавба, хонандаларимиз ёппасига сирлилик йўлига ўтиб олишгани боис тез кунда улар ҳақида умуман шоу хабарлари ёритилмаса керак. Шу кунларда ўзининг янги мусиқий альбомини тақдим этмоқчи бўлаётган хонанда мухлислар талабига биноан куз ойларида "Истиқлол” саройида концерт бериш ҳақида ҳам режалаштиряпти. Хонанда альбомидан йигирмага яқин янги қўшиқлар ўрин олган бўлиб, уларнинг асосий қисми аёллар ва оналарга бағишланади. Эшитишимизча, "Соғинч” қўшиғига суратга олинган клип айни дамда Самарқанд телеканали орқали мухлисларга тақдим этилаётган экан. Бу бошқа мухлисларга алам қилсин дегани шекилли?
Лайло тайёрлади
|