Шохрух. Бир пайтлар «Баландда» таронаси чиққанида, кўп ёшларимиз ўзбек мусиқасида янги йўналиш пайдо бўлганидан ҳайратда қолишди. Шохрух йил сайин мухлислари сафини мингларга орттириб борди. Унинг яккахон концертлари ҳақиқий шов-шувларга сабаб бўлганди. Биргина "Болалагим” қўшиғидан кейин рэпга ёши улуғ инсонларни ҳам қизиқтириб қўйгани рост. Бироқ, охирги бир йил ичида Шохрухнинг ижоди сустлашиб қолди. Бироқ, яқин кунларда хонанданинг билдирган янгилиги унинг мухлисларини хурсанд қилиши, табиий. У янги, учинчи альбомини "Абадия”ни сотувга чиқарди. Хонанда шу ва бошқа янгиликлари билан ўртоқлашди.
-Альбом чиқаришингизга нима туртки бўлди?
-Битта дискни тўлдириш учун етарли даражада қўшиқлар куйлаганим учун альбом чиқардим. Бунинг учун 3 йил вақтим кетди.
-Абадия деган сўз бормикан аслида?
-Альбом номини "Абадия” деб номлашимга сабаб мухлисларим шахсий веб- сайтим орқали шу қўшиғимга овоз беришди. Аслида ўша биргина сўз абадийлик маъносини излаганмиз. Қўшиғимни тинглшаса, нима демоқчи эканимни англаб олишади. Ҳаёт, космос, бутун борлиқ абадий-ку? Қўшиқлар ҳам абадий бўлса қанийди?!
-Олдинги альбомларингизда севги, муҳаббат мавзусига урғу кўпроқ қаратилганди. "Абадия”дан жиддийлашганингиз, улғаёганингиз кўринади...
-Бу альбом жиддийроқ чиққан. Бошқа альбомларимга қараганда қўшиқларим ҳам кўп.
-Альбомда сизга нисбатан мақтов-тарона ҳам бор? Бу кимнинг ижоди?
-Фан-клубим аъзоларидан чиққан ғоя. Улар шу таронани тайёрлаб, менга юборишди. Мен эса барча мухлисларимга совға бўлсин учун альбомимга қўшиб қўйдим.
-Ўзбекча рэп деганда нимани тушунасиз?
-Ўзбек тилидаги репни тушунаман.
-Ҳозир кимлар билан ижодий ҳамкорлик қиляпсиз?
-Ҳеч ким билан. Бироқ, ўзимизнинг команда ҳали ўша-ўша: Бобур Умаров, Сёма,, мен...
-Сардор Рахимхон билан ҳам дуэт куйладингиз. Омадли чиқдими?
-Қай даражада омадли чиққани ҳақида маълумотим йўқ. Эсингизда бўлса, бир пайтлар спорт мажмуаси очгандим. Ўша пайтлар Сардор Рахимхон ҳам шуғулланишга келиб турарди. Ғоя ўша жойда туғилди.
-Машҳурсиз. Дарсга боришга эриняпсизми?
-Йўғ-э?! Ўқишга кечикиш йўқ! Ўз вақтида бораман, вақтида қайтаман.
-Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетини ҳам тамомлагансиз. Юридик Институни тугатсангиз, иккита мутахассислик бўйича дипломингиз бўлади. Боз устига, қўшиқ ҳам куйлаб минглаб муҳлислар орттиргансиз. Келажагингизни қайси соҳада кўряпсиз?
-Ҳозир тўхтаб турибман. Бир йилдан кейин ўқиш тугайди. Кейин аниқ бир тўхтамга келаман ва соҳа бўйича фикримни бир жойга қўяман.
-Яхши иқтисодчи, яхши ҳуқуқшунос, яхши қўшиқчи...Қай бири сизга муносиб?
-Кўпроқ барибир яхши қўшиқчи чиқса керак.
-Ижод париси қай маҳал келади?
-Менга фарқи йўқ, кайфият яхши бўлиб қолса ижод қилавераман.
-Дўстларингиз сотганми?
-Ҳа, ҳаммада бўлади-ку, бундай нарса. Хиёнат қилганлар билан бошқа гаплашмайман.
-Кимга ишонасиз?
-Ҳеч кимга.
-Нега ишонадиган одамларингиз йўқ?
-Ишонадиган одамларим бор. Муаммоларимни кўпроқ ўзим ҳал қилишга ҳаракат қиламан.
-Айни пайтда қайси ҳамкасбларингиз ижодини тинглаяпсиз? Омма Озодбек Назарбеков ва Юлдуз Усмоновани тинглаётгани рост...
-Ҳозир тўғрисини айтсам ҳеч кимни эшитмаяпан. Ишларим кўп.
-Устозларингиз ҳурмати бошқачами? Ахир, таниқлисиз...
-Тўғри кўп ёрдам беришади. Танишгани учунми, ҳурмат қилишгани учунми...
Ҳеч бир домлам қийнамаган.
-Альбомингизда сизга ёрдам берган шахсларга инглиз тилида ташаккурнома битибсиз. Ўзбек тилида қийналдингизми?
-Нега энди? Чунки, инглиз тили халқаро тил ҳисобланади-ку! Ҳамма мухлисларимга тушунарли.
-Бир пайтла сизни роса танқид қилишганди. Ҳозир тинчиб қолишди...
-Хеч ким танкид килмаётганининг сабабини айтайми?! Кам кўринаётганим учун бўлса керак!
-Тез-тез қимматбаҳо клипларингиз ТВда намойиш этиларди. Ижодингиз қайнарди...Ҳозир-чи?
-Олдин қизиқиш кўпроқ эди-да! Ҳозир ижодим кайфиятга боғлиқ бўлиб қолди.
-Нимага муҳтожлик сезяпсиз?
-Ҳеч нарсага.
-Кўп пулингиз бўлса нима қилардингиз?
-Куп пулим бўлса, нимадир қилардим, ҳеч нарса қилмаслигим ҳам мумкин.
-Энг сўнгги ўқиган китобингиз?
-Бир йил олдин Амир Темур ҳақидаги китобни мутолаа қилганман. Ундан кейин бошка китоб ўқигим келмаяпти.
-Хоббингиз?
-Рэп!
-Қачон яна яккахон концерт берасиз?
-Концерт режада йўқ ҳозирча.
-Диана Ягофарова ва Баҳром Ёқубов...Кўз олдингизга нима келгани маълум. Сизнинг одилона фикрингиз?
-Энди бу нарсани тўғри қабул қилиш керак. Қайсики маънода, бировнинг шахсий ҳаётига бурун тиққандан кўра, ҳар биримиз ўз ҳаётимизни билганимиз маъқул. Ҳаммаси, ҳамма ўтиб кетади.
-Машҳурларнинг эски чориғи нима бўлиши мумкин...уларнинг манмансирашидан тўхтатиб турадиган?
-Машҳур киши камрок гаплашса, жуда яхши бўлади. Одамларнинг ўзи ҳам эркалатиб юборади.
-Энг якин санъаткор дўстингиз?
-Сёма.
-Телефонда қизлар билан яна соатлаб гаплашишлар давом этяптими?
-Йўқ, кўп гаплашмайман ҳозир.
-Шохрух қачон куёвтўра бўлади?
-Бир-икки йилларда бўлиб қолади.
-Э, муҳаббат боғида сайр қиляпман, денг? Севгилингиз ким экан?
-Айтмайман.
Муҳими, севиш ва севилиш. Сир тутиш ҳам, икки йилга борадими йўқми барибир билиб оламиз. Унгача эса, хонандага сермаҳсул ижодкорлик тилаб қоламиз. Альбомлар сони унгача 5 тага етиб қолар? Шохрух қисқа, лўнда гапиради. (А, энди реппердан яна нима кутиш мумкин?) Муҳими, у ақлли ёшларимиздан бири.
------------------------------------------------------------------------------
Бу интервью бир неча кунлар олдин уюштирилганди. Кечагина Шохрух билан яна суҳбатда бўлганимизда, ажойиб янгиликлардан баҳраманд бўлдик. Хонанда «Нирвана” мусиқий дўконларининг бирида янги альбом тақдимотини ўтказди. Радио-рекламалар орқали йиғилган ашаддий мухлислар сони 150 тага етди! Кимдир чақалоғини Шохрухга ушлатиб қўйиб, суратга тушган бўлса, бошқа бир қиз хонандани қучоқлаб тинимсиз ўпди, севимли кумирига тақлид қилиб кийинган болакайлар эса унга жўр бўлишди! Хуллас, Шохрух альбом харид қилган барча мухлислари учун жонли ижрода янги қўшиқларини куйлади. Ҳар бир мухлисга севимли хонандадан дастхат олиш ҳам насиб этди! Икки соатлик мусиқий учрашув якунлангач, дўкон сотувчилари тушумни ҳисоблашга киришди. Унга асосан, 9 минг сўмлик дисклар сотувидан 700 000 сўм пул жамғарилган! Қойил қолса арзийди! Ҳозир Мавлуда Асалхўжаева, Умида Мирҳамидова ё Ойпопук Эшонхонова ёки шу сингари бошқа санъаткорлар дискини шу йўл сота олишармикан? Балки, "ҳа”дир! Бироқ, кўзим етмайди.
Хуллас, гапдан-гап кетиб, хонандага Бир савол билан мурожаат қилдик:
-Сиз ҳам ким биландир суратга тушишни жуда орзу қилганмисиз? Фақат сир бекитманг ё "менда бундай хоҳиш бўлмаган” дея алдашга ҳам уринманг...
-Ҳа, бўлган. 13 ёшда эдим, у пайтлар. Ди-джей Пилигрим, «Сетора”нинг ашаддий мухлиси эдим. Улар билан учрашиш, дастхат олиш, суратга тушишни жуда хоҳлаганман. 1999-2000 йилларда уларнинг ижоди жуда гуллаган эди!
-Мана бугун сиз ҳам машҳурсиз. Шу кунлар келишига юракдан ишонганмисиз?
-Албатта. Уйимизнинг балконига чиқиб олиб, караокени баланд қўйиб куйлардим!
Яна бир гап айтайми? Бу сирларни ҳали ҳеч кимга айтмаганман! Ҳатто дўстларимга ҳам!
-Нега унда ҳозир айтяпсиз?
-Садоқатли мухлисларимга мен ҳам содиқман. Шунинг учун бир кўнглимни очдим-да!
|