Мазкур лойиҳа мухбири Нилуфар Усмонова санъат олами вакилларининг кўнгли тубида яширинган сирларини ошкор қилишда давом этади. Нилуфарнинг таклифига биноан навбатдаги меҳмонимиз хонанда Шоира Отабекова. Нилуфар Усмонова: — Шоирани яқиндагина орамизда бўлиб ўтган тушунмовчиликдан анча аввал таниганман. Яъни, «Тарона» компаниясида бирга ишлаганмиз, у вақтда мен ёш қиз эдим. Феъл-атворига тўхталсам, шаддод, чўрткесар, дангалчи. Яна Шоирани дилозор инсон, деб ҳам ўйлайман. Бугунги суҳбатим орқали аёл сифатидаги тушунчамиз бир-бирига нечоғлик мос тушишини билмоқчиман. Боиси, у ҳам, мен ҳам ёлғизликда фарзанд катта қиляпмиз. Қолаверса, кўпчилик ҳамкасблар «Шоирани қўли ширин», дейишади. Бугун унинг шу қиррасини ҳам текшириб кўрамиз. — Шоира, қизингиз неча ёш? — Шаҳина яқинда 3 ёшга тўлади. — Вақт ўтишини қаранг. — Нилуфар, пичоғингиз ўтмас экан. (киноя билан) Эгасига ўхшаган ўткир-ўткир пичоқлар йўқми?
— Бор, албатта ҳозир олиб чиқишади-да! Хў-ўш, ижод билан бўлиб фарзанд тарбиясида қийналмаяпсизми? — Йўқ, бу масалада опам яқиндан кўмаклашаяпти. — Шаҳинага етарлича вақт ажрата оляпсизми? — Ҳа, кечқурун бирга ухлайман (кулади). Дам олиш кунлари сайрга олиб чиқаман. Бўш вақтимни фарзандимга бағишлайман. — Онамдан «мен учун нимадан воз кечгансиз?» деб сўраганман. У киши «сени туғиб, устинг бут, қорнинг тўқ бўлиши учун тинмай ишлаганман», деб жавоб қайтарган. Эртага қизингиз мен берган саволни сизга берса… — Онангиз каби жавоб қайтараман. — Меҳнатингизни қизингиз билмайди, вақтида мен қадрига етмагандек. Чунки онам бор меҳрини халққа берган, мен эса унга зор бўлганман. — Борим фарзандимники-ку, вақти келиб тушунар. Сиз ҳам англадингиз-ку! — Ўз феълингизни қандай таърифлайсиз? — Бировнинг айбини юзига айтиб қўя қоламан. Кейин эса шу одамнинг кўнглини оғритиб қўйдим-а, деб сиқилиб юраман. Бу феълим бир томондан ёмон, бошқа тарафлама яхши. Чунки олдимда кулиб турадиганлардан қўрқаман. Улар ортингиздан шундай ишлар қилишадики, бир умр маломатга қолиб кетасиз. Бундайлардан Аллоҳ асрасин! — Аввал «Тарона»да ишлагансиз. У ерга қандай келиб қолгансиз? — Илк марта «Тарона»га қўшиқ ёзиш учун студия гаплашгани борганман. Шунда Руслан Шарипов кутиб олган. «Тарона»нинг раҳбари Равшан ака овозимни эшитиб, «овозинг яхши экан, истасанг ёрдам берамиз», деган. Шу сабаб бўлди-ю, «Тарона»нинг аъзосига айланганман. Руслан Шариповнинг «кўчадан ўтиб кетаётганингда овқатнинг ширин ҳиди келади-ку, ҳидлаб тўймайсан. Овозингни шунга ўхшатдим», деган гапи ҳеч ёдимдан чиқмайди. — «Тарона»дан шартномангиз тугагани сабаб кетганмисиз ё бошқа сабаблар борми? — Шартномам тугагани боис кетдим. Муаллифлик ҳуқуқимни ўзимда сақлаб қолиш мақсадида барча қўшиқларимни улардан сотиб олганман. — Санъатда Шоира Отабекова, деган номингиз бор эди. Турмушга чиқиб бирдан шоу-бизнесни тарк этдингиз. Бунга турмуш ўртоғингиз сабабчими ё ўзингиз шуни истадингизми? — Тўғри, турмушга чиққанимдан кейин камнамо бўлиб қолдим. Ҳомиладор бўлдим, фарзанд кўрдим. Баъзи хонандалар ҳомладор бўлса ҳам саҳнага, тўйларга чиқишади. Мен улар каби йўл тутишни истамадим. Чунки уларнинг бу хатти-ҳаракатини оқламайман. Қизимга меҳримни бердим. Уни ўзимга ўргатдим. Она бўлгандан кейин ҳаётнинг ҳақиқий гўзаллиги кўзингизга кўринар экан. Ўша дамларнинг ўзига яраша гашти бор. Ростини айтсам, бир оила бўлиб яшаган пайтларимни соғинаман. — Турмуш ўртоғингиз ҳақида сўрасам ё у ҳақда гапиришни истамайсизми? — Йўқ, нега энди, бемалол сўрайверинг. Турмуш ўртоғим билан оилавий муносабатимиз бўлмасада, ҳар доим қизимиздан хабар олиб туради. — У билан дўстмисизлар? — Дўстмиз, деёлмайман. Чунки дунёқарашимиз ҳар хил. Турмуш қурганимиздан кейин санъатга қайтишимни истамади. Санъатнинг нонини еб, уни унутиш осон эмас экан, хонандаликдан воз кечолмадим. — Ажрашиш вақтида муаммолар бўлмадими? — Йўқ. Бир-биримизга тўғри келмаганимизни иккимиз ҳам тан олиб, ҳеч қандай муаммосиз ажрашдик. Баъзи тадбиркор аёлларнинг ҳам бошида эри йўқ. Чунки ишламоқчи бўлган аёлини тушунадиган эркаклар кам. Назаримда, эркак аёлининг истакларини ҳам инобатга олса, оиласи тинч бўлади. Ё бўлмаса аёлини ишлашига рухсат бермагандан кейин, уни ҳар томонлама таъминлаб қўйиши керак. Эрим эса менинг талабларимни қондиролмагач, ўзим ҳаракат қилдим. Бундан ташқари, турмуш ўртоғим эркинлик, кўмак беролмади. Агар мана шу муаммолар бўлмаганида ажрашмасдим. Хуллас у билан бахтли бўлолмадим. — «Қизим билан сайрга чиқаман», дедингиз, шундай пайтда кўчада бахтли оилаларни кўрсангиз кўнглингиздан қандай ҳислар ўтади? Масалан, менинг юрак бағрим эзилиб, тамом бўламан. — Пешанага ёзилгани бўлади. Бахтли оила бўлолмаганимизга ўзим айбдорман. Чунки мен оилани эмас, санъатни танладим. Бу ишимдан афсусланмайман. Эрим мени ташлаб кетгани ҳам йўқ. Агар фарзандимиздан хабар олмай қўйганида, алам қилган бўларди. Менга бўлган нафрати ошса ҳам, лекин Шаҳинани жудаям яхши кўради, шу жиҳатига қойил қоламан. — Пушаймонлик туйғуси бўлмайдими? — Биласизми, эркак кишининг рашкидан ёмони бўлмаса керак. Турмуш ўртоғим ўта рашкчи эди, ҳеч ким билан гаплаштирмасди. Қолаверса, оилавий келишмовчиликлар ҳам мени қийнаб юборганди. Ҳатто, ён-атрофимдаги дугоналарим ҳам бу ҳақда яхши билишади. — Асли севишиб турмуш қурганмисиз? — Ҳа, севишиб оила қурганмиз, беш йил бирга яшадик. Ажрашганимиздан сўнг мени қайтариш учун Шаҳинани олиб қўйган. «Бахтли оила қурайлик, хонандаликдан воз кеч», деган мақсадда шундай йўл тутган. — «Бошқага турмушга чиққанимда, ҳаётим бундай бўлмасмиди», деган фикр хаёлингиздан ўтганми? — Йўқ, ундай фикрлар бўлмаган. Бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин эди, деб ўйлайман. — Эрингиз, хиёнат қилганми? — Йўқ, асло. Шу томондан ундан кўнглим тўқ бўлган. Чунки мени қаттиқ севарди. Ҳозир эса севадими, йўқми билмайман. — Эрингизга ишончингиз баланд, у ҳақдаги фикрингиз ижобий. Нега бахтли оила бўлиб яшашнинг имкони йўқми? — Феъл-атворимиз турлича, у ўзининг дунёсида яшайди. — Хонандалигингизни била туриб сизга уйланганку? — Тўғри. Аммо у фарзандли бўлганимиздан сўнг, «санъатни ташлайди», деб ўйлаган. Балки, дилида «уйда ўтқазиб қўяман», деган эркакларга хос ички ишончи бўлгандир. — Шоира, ҳаёт давом этади. Наҳотки, яна бир бор севолмайсиз? — Нега энди? Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аммо ҳозирча севги ҳақида ўйлолмайман. Сабаби, иккинчи бор адашишни истамайман. Кейинчалик мени тушунадиган одам топилса турмушга чиқаман. Ҳозир қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган бўлиб қолганман. Аммо ҳозир шахсий ҳаётим ҳақида ўйлайман. Санъатдан чалғигим келмаяпти. — Кўнглингиздагидек инсонни учратдингиз, дейлик… — (Кулади) Энди турмушга чиқсам ҳам, шартнома билан оила қураман. — Кундошлик масаласига қандай қарайсиз? — Бошимдан ўтмаган ва умуман бунга қаршиман. Кундошлик бу — аёлнинг устидан кулиш, деб ҳисоблайман. — Қайнона-қайнотангиз билан муносабатларингиз қандай бўлган? — Улар билан бирга яшамаганмиз. Ҳафтада бир марта қайнона-қайнотамдан хабар олиб турардик. Шу сабаб муносабатларимиз кўнгилдагидек эди. — Эркаклардаги ғурур масаласига муносабатингиз? — Баъзи эркаклар «бу аёл киши қиладиган юмуш», деб ишларни тақсимлаб қўяди. Масалан, аёли болалар билан овора, ахлатни ташлаб келса, уй юмушларига ёрдам берса ё хотинига қахва дамлаб берса эркакнинг ғурури синиб қоладими? Шундай эркакларни тушунмайман, очиғи. — Санъатни танлаганимда онам мендан воз кечган. Буни айтишдан уялмайман. Онамга санъатда ўз ўрнимни топа олишимни исботлаш мақсадида хонанда бўлдим. Бунга эришгунимча болам билан оч қолган кунларим ҳам бўлган, гап-сўзлар, ҳаммасига чидадим. Сизда ҳам шундай синовлар бўлганми? — Синовлар ҳаммада бўлади. Шахсан мен ҳам қийинчиликка ўрганган қизман. Чунки водийдан пойтахтга келиб, ғурурим, қайсарлигим билан оёққа туриб, уй-жойга эга бўлгунимча анчагина қийналганман. Сиз примадоннанинг қизисиз. Айтмоқчиманки, уй-жой, шароитингиз меникига нисбатан яхши бўлган. — Йўқ, адашаяпсиз. Санъатни танлаганим учун онам машинамни олиб қўйди. Мен эса қасддан қўлимга тушган кийимим ва боламни олиб уйдан чиқиб кетиб, ижарада турдим. «Тарона»нинг 30 фоиз ойлигига яшадим. Ўз пешана теримга бир хонали уй сотиб олиб, оёққа турганимдагина онам «энди одам бўлдинг», деган. Ҳозир онамни ўша иши учун РАҲМАТ айтаман! — Мени ҳам худди сиздек, ижарада туриб, пиёда юриб, оч қолган пайтларим бўлган. Буни айтишдан уялмайман, бекитмайман ҳам. Тошкентда суянадиган опам бўлган, холос. Унинг ҳам оиласи, эри бор. Уйида икки ой турганимдан сўнг поччамнинг кўзига ёмон кўринганман. Ноилож ижарага уй олдим. Оч қолганимда ҳам уйимдагиларга билдирмасдим, сабаби водийга олиб кетишларидан қўрқардим. Шу боис, уларга ишим зўр, яхши маблағ топаяпман, дердим. Ўша вақтларда бир-иккита клипларим чиққанди. Номим танилгани билан қўлимда бир сўмим бўлмасди. Кўп қийинчиликларни бошимдан ўтказганман, ҳозир ҳам ўтказаяпман. — Қайси маънода? — Миш-мишлар, гап-сўзлар, кўролмасликлар одамни жонидан тўйдириб юборади, баъзида. «Бор бўлса кўролмайди, йўқ бўлса беролмайди», деб бежиз айтишмаган экан-да! — Иккинчи бор санъатга қайтганингизда маблағ томонлама қийналамадингизми? Ўз-ўзидан эрингиз сизга моддий томонлама ёрдам бермайди. — Авваллари ҳам, ҳозир ҳам молиявий томонлама ёрдам бермаган. Турмушга чиққанимда бизнес очиб қўйгандим. Тадбиркорлигим фойда берди. — Ҳозир телевизорни ёқсангиз, хонандалар кўплигидан исмини ҳам билмайсиз. Уларнинг истеъдодлиси ҳам бор, пулига таянадигани ҳам. Улар орасидан қандай ажралиб чиқмоқчисиз? — Ижодимдаги танаффусдан кейин «Менинг бахтим» қўшиғи билан «портлаб» чиқдим, дея ишонч билан айтоламан. «Шоира туққанидан сўнг бир аҳвол бўлиб қолибди, қаёқдаги қўшиқ билан саҳнага қайтди», деган гаплар бўлмади. Атмоқчиманки, саҳнадаги аввалги мавқеимни таклай олдим. — Клипларингизда фақат битта қаҳрамонни кўрамиз. Орангиздаги муносабатлар хусусида тўхталсангиз… — Исми — Сарвар Азимов. У «Менинг бахтим», «Ассалому алайкум», «Ёнимда» номли қўшиқларимнинг бастакори. Клипда ҳақиқий актёрлик маҳоратимизни кўрсата олганимиз учун «улар бир-бирини севишади», деган гап-сўзларни эшитдим. — Нега доим айнан у йигитни олиб чиқасиз, актёрлар кўп-ку? — Чунки қўшиқнинг нолаларини Сарвар айтиб беради. — Қандай вақтда жинингиз қўзийди? — Санъаткорни ёмонлаб турган одамни кўрсам, ўзимни тутиб туролмайман. Чунки мен ҳам санъаткорман-да! Баъзи ҳамкасбларимиз эса индамай қараб туради, гўёки улар ўзга сайёрадандек. — Чирой учун тиғ тагига ётган бўлармидингиз? — Йўқ. Ўттизга қараб кетаяпман, ҳали пластик операцияга муҳтож бўлмадим, бўлмай ҳам. — Татуаж қилдиргандирсиз? — Ҳа, лабимни татуаж қилдирганман, қошим эса ўзимники. Ўзимни жудаям яхши кўраман-да!
— Журналист, камера ё мухлислар. Қай бирининг олдида ҳаяжонингиз кучли? — Журналистларнинг. Чунки улар расмий, адабий тил меъёрий қоидаларига амал қилган ҳолда гапиришади. Тўғрисини айтсам, мен ҳам шундай гаплашишни ўрганмоқчиман. Баъзида жаргон, кўча тилида гапириб, уларнинг олдида ўзимни ноқулай ҳис қиламан.
— Армонингиз? — Ёшлигимдан бувим қуръон сураларини ўргатган. 14 ёшимгача «Ёсин» сурасини ёддан билардим. Армоним бувим сўраган пайтда шу сурани ёддан айтиб беролмаганим. Эртаси куни эса у киши оламдан ўтган. Нилуфар хулосаси: — Шоира Отабекованинг феъли хусусида фикрим бироз ўзгарди. Аниқроғи, олдинги шўхлиги ўрнини босиқлик эгаллаган ва ҳақиқатгўй, ҳаётнинг қийинчиликларига тик боқадиган аёл бўлган. Шоирадан яхши дугона чиқади, мен ўйлагандек дилозор эмас экан ҳамда пазандалигига гувоҳ бўлдик. Тайёрлаган оши жуди ширин чиқди, ҳамкасблар мақтаганича бор экан. Ва албатта меҳрибон она. Аммо ўзи ҳақида ҳам унутмасликни истардим, чунки ёшлик кўз очиб юмгунча ўтиб кетади.
Лойиҳа муаллифи Sayyod Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА оққа кўчирди
|