Қурбон ҳайити жумъа кунига тўғри келиб, адо этилаётган ҳажлар иншааллоҳ «Ҳажжул акбар» бўладиган бу йилги ҳаж мавсуми ҳақиқатдан ҳам яхши янгиликларга бой бўлмоқда. Аввал хабар берганимиздек, Маккаи Мукаррамада янги тоннель қурилди, монорельс йўллар қурилиши тугалланмоқда. Ана шундай хайрли ишлардан яна бири шу бўлдики, шайтон алайҳи лаънага тош отиладиган жойда «Жамарот» деб номланган беш қаватли юқори технологик кўприк фойдаланишга топширилди. Лойиҳадан мақсад - ҳаж пайтида шайтонга тош отиш маросимида юзага келадиган тиқилинчларнинг олдини олишдир, деб хабар беради IslamOnline («Arab News» материаллари асосида). Ҳаж хавфсизлик кучлари қўмондони муовини жаноб Саъд ал-Хилайвийнинг сўзларига қараганда, янги кўприк 5 млн ҳожининг ҳаракатланишини таъминлай олади. Кўприкнинг 4 поғонасида 10 кириш ва 12 чиқиш жойлари мавжуд бўлиб, бир соатда 300 000 ҳожига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Кўприк энг замонавий техникалар билан жиҳозланган бўлиб, хавфсизлик органларига ҳожилар оқимини кузатиб бориш ва бу оқимда юз бериши мумкин бўлган хавфли ҳодисаларга тезкор жавоб бериш имкониятини беради. «Ҳокимият органлари томонидан мазкур йўл бўйлаб 19 офицер тайинланган. Улар ҳожиларнинг сони 300 мингдан ошса, оқимни тўхтатадилар, - ҳикоя қилади жаноб Хилайвий. - Кўприк устидан ўтаётган ҳожиларга оғир юкларни олиб ўтишга рухсат берилмайди. Ҳаж мавсумида 3 кун давомида кунига 3 млн ҳожи кўприк тўсиқлари ортидан ҳар бири 18 метрлик бетон устунга, яъни шайтон Иброҳим алайҳссаломнинг олдиларини тўсиб чиққан жойга 7 дона тош отади. Умумий қиймати 4,5 млрд Саудия риёлига тенг бўлган Жамарот кўпригининг лойиҳаси шайтонга тош отиш пайтида тиқилинчда бир неча киши ҳалок бўлганлиги туфайли ишлаб чиқилган. Маълумки, 2006 йилда ушбу маросимдаги тиқилинчда 364 одам ўлган. Шунингдек, Саудия ҳукумати Арофот тоғини модернизациялаш бўйича қиймати 500 млн риёллик лойиҳани ҳам ишга туширган бўлиб, бу лойиҳа доирасида ҳожилар учун янги йўллар, сервис пунктлари ва палатали шаҳарча қурилади. Бу йил ҳожиларнинг Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 14 аср олдин видолашув хутбасини ўқиган Арафот водийсидан чиқиши ноябрнинг сўнгги жумъасига тўғри келмоқда.
|