Тожикистон маҳкамаси таниқли хонанда Фарзонаи Хуршидни икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.
Фарзонаи Хуршид тожикистонлик машҳур хонанда Сурайё Қосимнинг кизи ва эстрада юлдузи Шабнами Сурайёнинг синглисидир.
Суд ҳукмида айтилишича, Фарзонаи Сурайёга қўйилган айблар ўз исботини топган. Фарзона судланувчи Фарруҳ Рўзиевнинг қочишига ёрдам беришда айбланганди.
Воқеалар ривожи худди ҳинд фильмларидагидек бўлган:
Жорий йилнинг 5 январида товламачиликда айбланаётган ва ҳали уйланмаган Фарруҳ Рўзиев устидан маҳкама жараёни бошланади.
Ўша куннинг ўзидаёқ орадаги танаффус чоғида икки ёшнинг илтимосига биноан соқчилар Фарруҳ ва Фарзонани учраштиришади. Фарзонанинг кишансиз Фарруҳ билан учрашуви 5 дақиқа давом этади.
Орадан уч кун ўтиб, яна шу ҳол такрорланади.
Фарзонанинг судда кўрсатма беришича, 11 январ куни маҳкама биноси ортига машина билан келганида йигитнинг ўзини озод этишганига оид сўзларига ишонган.
Фарруҳ машина рулига ўтириб, катта тезликда йўлни Варзоб қишлоғига қараб солган. У ерда қоронғу тушишини кутиб, яна ортга қайтишган ва машинанинг номерини ўзгартиришган.
Маҳкама ҳужжатларида айтилишича, хонанда ана шу эпизодда Фарруҳнинг қочганлигини англаб етган, лекин у таслим бўлишга кўнмаган.
Лекин икковлон барибир эртасига қўлга олинишади.
Фарруҳ Рўзиев ким ўзи?
Аввалида товламачиликда, кейин эса, жазодан қочиш ҳаракатида ҳам айбланаётган Фарруҳ Рўзиев, ўнлаб жабрдийдалар кўрсатмаларига кўра, автомобиль савдоси билан боғлиқ жуда катта товламачиликларни амалга оширган.
Суд материалларида у ўзининг ишончига кирган одамларнинг катта миқдордаги маблағларини ўзлаштирганлиги айтилади.
Фарзонаи Хуршиднинг маҳкамада айтишича, Фарруҳ Рўзиев билан икки йилдан буён дўстлашиб юрган: "Бир йил бўлди, мусулмонча никоҳ ўқитганмиз, тўйимиз бўлиши керак эди," деб кўрсатма берган Фарзона.
Маҳкама Фарруҳ Рўзиевга 10 йиллик қамоқ жазоси тайинлади.
Йигит ва қизнинг учрашишларига рухсат берган соқчилардан бири бир ярим йил, иккинчиси эса, бир йилга озодликдан маҳрум этилишган.
19 ёшли Фарзона ўзига қўйилган айбларга иқрор бўлмаган. Судланувчилар унинг фойдасига кўрсатма беришган бўлса ҳам, маҳкама гувоҳлар кўрсатмаси ва ҳужжатлар таҳлили асосида унга қўйилган айблар тўла ўз тасдиғини топганлигига оид тўхтамга келган.
Маҳкама жараёнида опаси Шабнами Сурайёга далда бўлиш учун кўплаб таниқли эстрада юлдузлари ҳам ҳозир бўлишган.
Фарзонаи Хуршиднинг Америка ва Москвада берган концертлари кўпчилик томонидан енгил-елпи, тожик халқининг шаънига тўғри келмайдиган деб ҳам баҳоланганди.
Мустаҳкам Тангриёрова
|