Буюк яратувчимиз бизга муштдек ҳассос юрак ато этмишки, унинг вазифаларидан бири севмакдир. Донишманд парвардигоримиз ўша ҳассос юракда яралган ҳиссиётни бошқариб, туриш учун ақл неъматини ҳам берди. Бу неъмат барча инсонларда бор. Лекин, шунга қарамай барча инсонлар ақлли эмаслар. Нега? Чунки, “ақлли одам” деб ҳиссиётини ақлига бўйсундира олган одамларга гина айтилади. Севги масаласида ҳам шундай. Ақлли одам аввал ўйланиб, ундан кейин севади ёхуд севги ниҳоли юрагига қадалиб қолса, ақлига мурожаат қилади: “мен мана шу ниҳолни ундирсам бўладими?”, “мен унга ёки у менга лойиқмизми?”, “агар лойиқ бўлсак, бунга қарши, монеъ кучлар йўқми?”. Мана шу каби саволларга ижобий жавоб бўлмаса у ниҳолни авайлабгина юлиб олган маъқул. Албатта, юрак қонайди. Лекин, вақт деган табиб ҳозиқдир. Аммо, ақл қарши бўлганига қарамай, севги ниҳолини парваришлайверсачи? У ҳолда ниҳол катта дарахтга айланади. Илдизлари юрак қаърига етади. Бироқ, воқеъ монеълик ундан ҳам забардаст. Энди, бу дарахтни юлиб ташлашнинг иложи йўқ. Фақат қўпориш керак! Бу мумкинми! Бояқиш юрак!
Севги масаласида ақл билан ҳисоблашмаслик натижасида минглаб одамлар мана шундай аянчли ҳолатга гирифтор бўлиб яшайдилар. Дунё севгисини (аёллар дунё матоларининг энг афзалидир) ҳаётининг мазмунига айлантириб олганларнинг ақл кўзи сўқир бўлиб, кўп яхшиликлардан бебаҳра қоладилар. Бундай ҳолат маълум ва машҳур Арастунинг шогирдида ҳам рўй берган экан.
Қисса
Арастунинг энг зукко, ишонган шогирди бир қизни севиб, илмга бефарқ бўлиб қолибди. Унга уйлангач эса, илмдан тамоман узилиб, ҳатто устозидан ҳам хабар олмай қўйибди. Арасту эса уни ўзининг ўрнига Искандар Мақдунийнинг вазирлик лавозимига кўзлаб юрган экан. Ўшанда донишманд билдирмасдан йигитнинг гўзал хотинига қандайдир дори ичирибди. Аёл қаттиқ бемор бўлиб қолибди. Гулгун юзи сўлиб, кундан - кун дармондан кета бошлабди. Йигит аввалига гўзал ёрини ўзи даволамоқчи бўлиб, ҳарчанд уринмасин ҳеч қандай натижага эриша олмабди. Кейин чор - ночор устозига мурожаат қилишга мажбур бўлибди. Устози унга “майли, сен Искандарнинг хизматига боравер, ўзим даволайман” деб уни саройга жўнатибди ва аёлга бир дору ичирибди. Аёл тоғорага лахта лахта қон, йиринг ва яна аллақандай шилимшиқ нарсаларни қайт қилибди. Во ажаб! Унинг бутун ҳусну латофати гўёки мана шу ахлатлар билан чиқиб кетгандек, хуник ва тасқара аёлга айланиб қолибди! Орадан маълум вақт ўтгач йигит таътилга чиқиб, севикли устози ва гўзал ёрини кўришга шошилибди. Келиб не кўз билан кўрсинки, унинг олдида аввалги париваш эмас аллақандай тасқара, ориқ аёл турганмиш! “Менинг ойжамол ёрим қани?!” деб фарёд қилибди йигит. Шунда устози унинг олдига тоғорадаги нажасларни қўйиб, “мана сенинг севганинг. Сен шу нарсаларни севган эдинг. Гўзал ёрингнинг ойжамоли мана шу моддалардан иборат эди. Сен мана шу нарсалар учун илмдан, ўзингнинг келажагингдан юз бурмоқчи бўлдинг!” дебди. Йигит хатосини англагач, устози аёлига яна бир гиёҳдан тайёрланган малҳам ичирган экан, бир неча кундан кейин аёли яна аввалгидек тўлишиб, гўзал ҳолатга қайтибди. Ўшанда устози унга мана бундай насиҳат қилган экан: “Эй, ўғлим! Бу дунёдаги барча нарсалар фоний ва муваққатдир. Уларга қаттиқ муҳаббат қўйма! Агар севсанг абадий ва боқий Зотни сев! Ўшанда гина сен бу ҳаётда адашмайсан ва бахтли ҳаёт кечирасан”
Ҳисса
Ҳа. Дунёвий севги, дунё матосига муҳаббат бор нарсалардир. Ҳиссиз юракнинг кесакдан нима фарқи бор? Аммо, Аллоҳ ва Аллоҳ буюрган нарсалар муҳаббати бошқа нарсалар муҳаббатидан беқиёс даражада юқори бўлмагунча инсон иймонли бўлмайди. Ақл кўзи очиқ бўлганлар аввало Аллоҳни севадилар. Мана шу севгиси билан муҳаббат элининг султони бўладилар. Сўфи Оллоёр айтган экан:
«Кел, ақл кўзини, эмди сен оч, Севгиси йўқ кишидин қуш бўлиб қоч. Муҳаббат элининг султони бўлгил, Қай ерда йўлиқса қурбони бўлгил!”
Иймонли инсонлар Аллоҳ ва расулининг севгисини биринчи ўринга қўядилар. Ундан кейин навбат билан ота-она севгиси, фарзанд севгиси, ватан севгиси, ёр севгиси... ва ҳоказо севгилар бордир. Аммо, баъзи халқлар ва одамлар ақлсизликлари туфайли севгидек нозик, табаррук нарсани суистеъмол қилиб, Аллоҳни, расулини, ота оналарини, фарзандларини севиш ўрнига ит, мушук, сичқон, калтакесак каби нарсаларни севадилар. Ана ўшалар ақлсиз нодонлардир.
|