"Ёшлар" радио каналининг хабар беришича, Ўзбекистон миллий терма
жамоаси ва "Бунёдкор" клуби сардори Сервер Жепаров Жанубий Кореянинг
"Сеул" ФК клуби билан шартнома имзолаш учун жўнаб кетди. Маълумотларга
қараганда, Жепаров ОЧЛ чорак финалида курашни давом эттираётган "Сеул"
билан йил якунига қадар шартнома имзолайди. Сервернинг Корея клуби
сафида ижара асосида тўп суриши кутилмоқда. Тасдиқланмаган хабарларга
қараганда "қалдирғочлар" сардорининг олти ойлик ижара суммаси корейс
клубига 1 млн. еврога тушган. "Сеул" раҳбарияти ОЧЛ кубогини қўлга
киритишни мақсад қилган ва айнан шунинг учун таркибни кучайтиришга
эътибор қаратяпти.
"Бунёдкор" жамоасига оид яна бир маълумот:
жамоа таянч ярим ҳимоячиси Азизбек Ҳайдаров ҳам фаолиятини Испаниянинг
"Мальорка" клубида давом эттириши мумкин. Айни пайтда УЕФА "Мальорка"ни
Европа лигаси кубогидан четлатиш ҳақида қарор қабул қилган. Унинг
ўрнига "Виллареаль" клуби Лига баҳсларига қўйилиши мумкин.
Эслатиб
ўтамиз, "Бунёдкор"нинг чап қанот ярим ҳимоячиси Жасур Ҳасанов Қатар
олий лигаси дебютанти "Леҳвия" жамоаси сафида Францияда янги мавсумга
тайёргарлик кўрмоқда.