Бундан бир неча йил аввал деярли ҳар бир телеканалда Бразилия
телесериаллари намойиш қилинарди. "Муҳаббат”нинг бепарда кўриниши шу
сериалларда авжига чиққанди. Эр-хотиннинг бир-бирига хиёнати, никоҳсиз
алоқалар миридан сиригача батафсил ҳикоя қилинарди. Сериал давомида бир
қаҳрамон бир неча марта севишга улгуриб, ҳатто бир неча марта турмуш
ҳам қурарди. Кейин қарабсизки, бир оилада ўсиб-улғайган фарзанд
бутунлай бошқа одамларнинг фарзанди бўлиб чиқади...
Эсимда, бизнинг болалигимизда шундай сериаллар жуда кўп
намойиш қилинарди. "Тропиканка”, "Тропиканка сири”, "Оддий Мария”,
"Бойлар ҳам йиғлайди”, "Шаддод Роза”, "Бобил минораси”... Бу рўйхатни
яна узоқ давом эттиришимиз мумкин. Бу сериалларнинг барини умумлаштириб
турувчи битта жиҳат бор эди. У ҳам бўлса, юқорида айтганимдек, оддий
эҳтирос, ҳирсни муҳаббат атаб, уни кўкка кўтариш. Шундай сериалларни
ҳам аёлларимиз зўр қизиқиш билан кўришар, бирорта қисмини ўтказиб
юборишни хоҳлашмасди. Улар сериал асосидаги бу мавзуни ё пайқашмасди, ё
бу лавҳаларни лотин америкаликларга хос деб қабул қилишарди. Лекин
энг ачинарлиси бу эмас. Аёлларимиз ўзлари сезиб-сезмаган,
билиб-билмаган ҳолда ўша сериалларнинг қаҳрамонларига ҳавас ва тақлид
қилишарди. Мисол учун, "Оддий Мария”ни олайлик. Эҳ, бечора Марияга
ачинмаган, унинг тақдири учун куйинмаган аёл қолдими ўшанда?! Ёки
шаддод Розанинг Рекардосига эришишини дуо қилмаганлар-чи? Майли, бу
сериалларда озми-кўпми бечора инсонларнинг аччиқ қисмати акс
эттирилгани учун ҳам кўнгли юмшоқ аёлларимиз уларга ғойибона ҳамдард
бўлишган, сериалнинг яхшилик билан якунланишига гувоҳ бўлиш учун ҳар
бир қисмини берилиб томоша қилишган. Лекин ундан сўнг намойиш қилинган
сериаллар-чи? Бразилия ва Колумбияда сериал ишлаб чиқариш ниҳоятда яхши
қўйилган. Худди кино ишлаб чиқаришда Болливуд фаол бўлгани сингари. Шу
боис, сериалларда асосий ўрин интрига, ишқ мавзусига ажратилишидан
балки ажабланмаслигимиз керакдир. Лавҳалардаги бепарда кўринишлар эса
эҳтимол ўша давлатларнинг томошабини учун оддий ҳолдир. Бироқ бизда...
бундай саҳналарни наинки оила даврасида, балки ёлғиз қолганда ҳам
кўришга уялади одам. Зеро, биз бошқача муҳитда тарбия топганмиз.
Муҳаббатни бошқача тушунамиз. Оилавий қадриятларга муносабатимиз ўзгача. Бразилияда
ишланган сериаллардан сўнгги энг оммалашган телесериали "Клон” бўлди.
Шу сериал намойишидан сўнг "клономания” деган касаллик юзага келди. Бу
қандай касаллик деб ажабланяпсизми? Ахир ўзингиз ҳам кўча-кўйда
"Клон”нинг бош қаҳрамони Жади сингари рўмол ўраган, кўзларини худди
унга ўхшаб бўяган, ҳатто кийимларигача унга ўхшаб тиктирган қизу
аёлларни кўрган бўлсангиз керак. Бозорда-ку "Жадининг акссесуарлари”
савдоси роса чаққон бўлди. Балки, бунга эътироз билдирмаслигимиз
керакдир, ахир қандай кийиниш ҳар кимнинг ўз таъби-ку. Бироқ нафақат
ташқи кўриниши, балки ички дунёсини ҳам худди ўша Жадига ўхшатишга,
хатти-ҳаракатларида унга тақлид қилишга уринган аёллар бўлмадими
дейсизми?! Йўқ, "Клон”да кўрсатилган ҳар бир саҳнадан таъсирланиб, ўша
аёллар қисматига ўз қисматини қиёслаган аёллар жуда кўп. Бироқ бир
нарсани кўпчилик унутиб қўяди, бизнинг турмуш тарзимиз Марокко
аёллариникига ўхшамайди. Уларнинг дунёқараши, маданияти бутунлай,
кийиниш услуби бошқача. Бизники эса ўзимизга хос. Бу гапларни
нимага гапиряпсан, ахир тилга олинган сериалларнинг намойиш қилинганига
анча бўлди, деб ўйлаётгандирсиз? Тўғри, бу сериалларнинг давра ўтди.
Амом ҳозир намойиш этилаётган сериалларнинг қаҳрамонига ўхшашга
уринмайдиган, улардан ўрнак олмайдиган томошабинлар йўқ дейсизми? Ё
бугунги томошабин тақлид нималигини билмайдими? Йўқ, бугун ҳам
англаб-англамаган ҳолда қайсидир сериалнинг қайсидир қаҳрамонига
беихтиёр тақлид қиладиган, ҳаётнинг паст-баланд кўчаларида ўша қаҳрамон
сингари йўл излайдиган томошабинлар етарли. Фақат кўпинча улар буни
пайқашмайди. Онг остига таъсир этган қаҳрамонлар қайсидир
хатти-ҳаракатларни уқтириб, балки буюриб турганини тушунишмайди. Лекин
бизнинг ҳаётимиз сериал эмас. Қаҳрамонларнинг ҳаёти эса бизникидан фарқ
қилади. Тўғри, қайсидир жиҳатдан ўхшаб кетиши, қаҳрамон руҳияти эса
руҳиятимизга яқин бўлиши мумкин, аммо биз бунинг орқасидан
индивидуаллигимизни йўқотиб қўймаслигимиз керак. Қолаверса, хориж
сериалларидан ўрнак олишга, уларга ўхшашга интилишнинг ўзи биз учун
номаъқул. Менимча, биз бу сериалларни кўр-кўрона қабул қилишимиз эмас,
ўйлаб-фикрлашимиз, таҳлил қилиб, яхши-ёмонини ажратишимиз лозим. СЕВДОРА